Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 48 / Божхона

Ўрнини босувчи ҳужжат тақдим этинг

 

Биз Америка компанияси билан контракт имзоладик, унга кўра АҚШдан юк олишимиз керак. Унинг божхона расмийлаштируви чоғида божхона декларациясини тақдим этиш лозим. Бироқ етказиб берувчининг маълум қилишича, АҚШда бундай ҳужжат берилмас экан, чунки унда тижорат сири ҳолатлари мавжуд. Биз эса ушбу товар имтиёзли бўлгани сабабли уни олиб кирамиз. Шу сабабли уни Хитойда эмас, балки ишлаб чиқарувчи мамлакатда буюртиришга қарор қилдик. Нима қилишимиз керак? Зеро агар биз имтиёз олмасак, уни олиб киришдан маъно йўқ.

С.Воҳидов.

 

– Ҳақиқатан ҳам, Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон Қарорига мувофиқ Ўзбекистонга бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун импортчилар бошқа ҳужжатлар жумласида экспорт юк божхона декларациясини ҳам тақдим этишлари шарт.

Уни ва бошқа зарур қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш тартибини Тадбиркорлик субъектлари – импортчилар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 22.05.2013 йилдаги 139-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 139-сон Низом) белгилайди.

 

Маълумот учун! Бошқа зарур қўшимча ҳужжатларни тадбиркорлик субъектлари ЎзР божхона ҳудудига қилинган харажатларни тасдиқлаш учун тақдим этадилар.

 

139-сон Низомга кўра экспорт божхона юк декларацияси – экспорт/реэкспорт қилувчи мамлакатда расмийлаштирилган, олиб кирилаётган товарнинг қиймати тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлган божхона декларацияси. «Олиб кирилаётган товарнинг тақдим этилган қиймати» атамаси унинг бўйича пул ҳисоб-китоби (тўлов) амалга ошириладиган шартномада (инвойсда) кўрсатилган қийматни англатади. Ҳужжатларда қиймат мавжуд бўлмаган тақдирда у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.

Агар экспорт БЮДда товарнинг қиймати кўрсатилмаган бўлса ёки экспорт қилувчи мамлакатнинг қонун ҳужжатларида товарни олиб чиқишда божхона декларациясини расмийлаштириш назарда тутилмаган бўлса, у ҳолда 139-сон Низомнинг 3-бандига мувофиқ унинг ўрнига товарни олиб чиқишда экспорт қилувчи мамлакатда расмийлаштирилган ҳамда экспортчи ва импортчининг номи, олиб кирилаётган товарнинг қиймати, вазни ва миқдори тўғрисидаги маълумотлардан иборат бўлган ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилиши мумкин.

Қўшма Штатларда савдо операцияларини расмийлаштириш чоғида Shipper’s Exsport Confirmation махсус шакли берилади. Унда жўнатилаётган юкка тааллуқли бўлган маълумотлар кўрсатилади. Хусусан, инвойс рақами, сумма, ТИФ ТН бўйича код, оғирлик ва юкхат рақами. Ушбу тўғри расмийлаштирилган, жўнатувчининг муҳри билан тасдиқланган ҳужжатдан экспорт БЮДнинг ўрнига фойдаланиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, агар эркин муомала учун чиқариш режимига божхона расмийлаштируви пайтида декларация ёки унинг ўрнини босувчи ўзга ҳужжат ва бошқа қўшимча ҳужжатлар тақдим этилмаса ҳамда товарлар бўйича божхона тўловлари тўланган бўлса, импортчи уни товар божхонада расмийлаштирилган кундан бошлаб йил мобайнида тақдим этиши мумкин. Бу ҳолда божхона тўловлари қайта ҳисоблаб чиқарилади ва ортиқча тўланган божхона тўловлари қайтарилади ёхуд импортчининг талабига кўра келгусидаги тўловлар ҳисобига ўтказилади (Божхона кодексининг 113-моддаси).

Экспорт божхона юк декларацияси ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат тақдим этилмаганда божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилмайди.

 

Маълумот учун! Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар олиб кирилаётган товарнинг тасдиқланган қийматига берилади. Бошқа ҳолда (товарнинг қиймати тасдиқланмаганда) божхона тўловлари тўлиқ ҳажмда ҳисоблаб чиқилади.

 

 

ҲУЖЖАТ ТИЛИ БИЛАН

Олиб кирилаётган товарнинг тасдиқланган қиймати – товарнинг экспорт божхона юк декларациясида кўрсатилган божхона қиймати (у мавжуд бўлмаганда – фактурадаги қиймати) ва Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудигача қилинган, ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳамда «Бож тарифи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддаси иккинчи қисмидаги 1–5-бандларда назарда тутилган божхона қийматига қўшилган (агар улар унга киритилмаган бўлса) харажатлар, шунингдек дилер (дистрибьютор, агент) шартномаси асосида ишлаб чиқарувчи ташкилот дилерининг (дистрибьютор, агентнинг) воситачилик ҳақи.

Олиб кирилаётган товарнинг тасдиқланмаган қиймати – олиб кирилаётган товар кўрсатилган қийматининг олиб кирилаётган товарнинг тасдиқланган қийматидан ортиқча қиймати.

139-сон Низом, 2-банд.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2039 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика