Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 48 / Ахборот-коммуникация технологиялари

Агар огоҳ сен-сен, шоҳ сен-сен

 

КОРХОНАЛАРНИ БОШҚАРИШДА АХБОРОТДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ САМАРАЛИ УСУЛЛАРИ

 

Бобомиз Алишер Навоийнинг бу байтлари айниқса бугунги ахборот асримизда долзарблик касб этмоқда. Ўнлаб манбалардан келаётган хабар-маълумотлардан ўз вақтида воқиф бўлиш, уларни бир жойда жамлаш, таҳлил этиш ва тезкор қарорлар қабул қилиш ҳар қандай корхона-ташкилотнинг бошқарув сифатини белгилаб берадиган омиллардан ҳисобланади.

 

 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида ташкил этилган ташкилотларни самарали бошқаришга кўмаклашадиган маълумотлар тақдим этиш, прогноз ва таҳлил қилишга ёрдам берадиган илғор ечимлар ҳамда ишланмаларга бағишланган амалий семинарда шу мавзуда сўз борди. Бугун мамлакатимизда турли бошқарув жараёнларини автоматлаштириш ва қоғозли ҳужжат алмашинувини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилаётгани ҳам айнан шу мақсадлардан келиб чиқади.

Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи А.Икромов мамлакатимизда давлат ташкилотлари фаолиятига турли ахборот тизимларини фаол жорий этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб, бу борада Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори (27.06.2013 йилдаги ПҚ-1989-сон) яхши омил бўлганлигини қайд этди.

Амалий семинарда Россиянинг бир қатор компаниялари томонидан замонавий ахборот технологиялари асосида ишлаб чиқилган таҳлил тизимлари ташкилот фаолиятига оид маълумотларни кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш, турли йўналишлар бўйича тақдим этиладиган ҳисоботларни шакллантириш имконини берувчи ишланмаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Хусусан, «Polymedia», «Visiology» компаниялари томонидан жорий этилган инновацион ишланмалар ахборотни имкон борича визуаллаштириши билан аҳамиятли эканлиги таъкидланди.

Тадбирда иштирок этган давлат ва нодавлат ташкилотлари, саноат корхоналари вакиллари, коммунал хизмат кўрсатувчилар, корхоналарни бошқариш бўйича ахборот тизимларини ишлаб чиқувчи мутахассислар ўзаро фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

 

 

Асрор МУҲАММЕДОВ,

«Дори-Дармон» АК Ахборот технологияларини ривожлантириш маркази бошлиғи:

– Бизнинг «Дори-Дармон» АКда 8 та АЖ, 12 та МЧЖ фаолият кўрсатади, уларнинг таркибида 10 та омборхона, 15 та назорат-таҳлил лабораторияси, 1 364 дан ортиқ дорихона, шу жумладан республиканинг барча минтақаларида қишлоқ шифокорлик пунктларининг дорихона филиаллари ишлаб турибди.

Ахборот технологияларини фаолиятимизга кенг жорий қилиш мақсадида Компания тизимида Ахборот технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш маркази ташкил этилган. Компания томонидан жорий қилинган ва жорий қилинаётган ахборот тизимларидан самарали фойдаланиш мақсадида локал ва корпоратив компьютер тармоқлари яратилган.

Компанияда «М-Аптека плюс» юқори функционалли ERP тизими жорий этилган бўлиб, ушбу тизим Компаниянинг 2 та офисида, 5 та омборхонасида ҳамда 73 та дорихона ва шохобчаларда тўлиқ ишга туширилган. Бу ахборот тизимида 300 нафардан зиёд фойдаланувчи ишламоқда.

Дорихоналар фаолиятига «М-Аптека плюс» ERP тизимини жорий қилиш эвазига товар ҳаракатининг бутун босқичи – етказиб берувчидан харид қилиш ҳақидаги қарордан тортиб, харидорга сотиш ва бундан кейинги ҳисобот каби барча операцияларнинг ҳисобини автоматик юритиш имкони яратилди. 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида ушбу ERP тизими Компания таркибидаги «Жиззах Дори-Дармон», «Сирдарё Дори-Дармон», «Сурхондарё Дори-Дармон», «Бухоро Дори-Дармон», «Хоразм Дори-Дармон» ҳамда «Қорақалпоқ Дари-Дармак» МЧЖлар фаолиятига тўлиқ жорий қилинди.

«Дори-Дармон» АКда «1002 – маълумотлар линияси» хизмати ташкил қилинган бўлиб, у орқали аҳолига ва тиббиёт ходимларига Компания тизимидаги дорихоналарда мавжуд дори-дармон препаратлари, энг яқин дорихона манзили, телефон рақами ва иш режими тўғрисидаги маълумотлар кеча-кундуз тезкор тақдим қилинади.

Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида Компаниянинг www.doridarmon.uz расмий веб-сайти негизида «Интернет-дорихона» хизмати йўлга қўйилган. Мазкур хизмат он-лайн режимда Тошкент шаҳрида жойлашган Компания тизимидаги дорихона муассасаларида мавжуд бўлган дори воситалари ҳақида аниқ маълумот олиш имконини беради. Қидирув тизими ёрдамида истеъмолчи куннинг исталган вақтида оператор жавобини кутмасдан ва уйдан чиқмасдан ўзига керакли бўлган дори воситасини саноқли лаҳзаларда топиши мумкин.

Бундан ташқари, «Электрон ҳукумат» маркази ҳамда Компания мутахассислари билан биргаликда 2015 йил 24 мартдан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари порталига «Интернет дорихона» хизмати интеграция қилинди.

Компанияда ҳужжат алмашув тизимини автоматлаштириш мақсадида 2014 йилда «GERMES» электрон тизими жорий қилинди. Мазкур тизимни жорий қилиш орқали Компанияга кирувчи ва чиқувчи ҳужжатлар электрон кўринишда ҳисобга олина бошланди ва уларнинг ижроси автоматик равишда назорат қилиб борилмоқда. Бунинг натижасида ҳужжатлар билан ишлаш жараёни янада такомиллаштирилди ва ҳужжатларнинг ижрочиларга ўз вақтида етказилиши, улар ижросининг автоматик кузатиб борилиши таъминланди. Бундан ташқари Компания ва унинг таркибидаги корхоналарда «Ижро интизоми» идоралараро ахборот тизими тўлиқ ишлай бошлади.

Дори воситаларини дорихоналарга автотранспортда хавфсиз ва ўз вақтида етказиб беришни назорат қилиш мақсадида 2015 йилнинг 1-чорагида Компанияда ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий ютуқларидан бири бўлган GPS тизими жорий этилди. Бу тизим туфайли дори воситаларини вақтида етказиб бериш, ёқилғи сарфини иқтисод қилиш ва йўналиш маршрутларини оптималлаштиришга эришилди.

Компания томонидан 2016 йилда юқорида кўрсатиб ўтилган ахборот тизимларини «ягона ойна» тизими орқали бошқариш ҳамда олинган таҳлилий маълумотлар натижаси бўйича бошқарув қарорларини қабул қилиш самарадорлигини янада яхшилаш бўйича корпоратив ахборот тизимини жорий қилиш режалаштирилган. Шу маънода бугун Савдо-саноат палатасида ташкил қилинган амалий семинар қизиқарли бўлди. Унда бошқарув қарорларини қабул қилиш самарадорлигини оширишда АКТ тизимларидан фойдаланиш бўйича Polymedia» ЁАЖ ва «Visiology» МЧЖнинг иш тажрибаси ўрганилди. Биз Компаниямизда ахборот технологияларини тобора ривожлантиришдан манфаатдор бўлганимиз учун, улар билан келгусида ҳамкорлик қилиш имкониятларини режалаштиряпмиз.

 

 

Фурқат БАРАТОВ,

«Файз» компанияси бошқаруви раиси ўринбосари:

– Бизнинг «Файз» компаниямиз Марказий Осиёда йирик мебель ишлаб чиқарувчи корхоналардан ҳисобланади. Республика мебель ишлаб чиқариш соҳасининг ялпи ҳажмида унинг улуши 5-6 фоизни ташкил этиб, корхоналаримиз томонидан ишлаб чиқарилаётган халқ истеъмол товарлари бугунги кунда 200 дан ортиқ ассортиментни ташкил этади.

Компаниямиз Фарғона, Сирдарё, Тошкент вилоятларида ҳамда пойтахтда жами 12 та корхонага эга. Мазкур минтақавий корхоналарда мавжуд бўлган ахборотлар бизнинг бош офисимизга асосан электрон тарзда етиб келади, яъни биз қоғозли ахборот алмашинувини анча қисқартирганмиз. Ҳар бир корхонада фаолият кўрсатаётган таҳлил бўлими тармоқ администратори ёрдамида бизга керакли маълумот ва ахборотларни етказиб туради. Биз ўз навбатида, тармоққа уланган хонадаги компьютерлар орқали бу ахборотлардан хабардор бўлиш, уларни таҳлил қилиш ва тезкор қарорлар қабул қилиш имкониятига эгамиз.

Албатта, бугун россиялик «Polimedia» ЁАЖ компанияси таклиф этаётган ташкилотни самарали бошқаришда ахборотдан фойдаланишнинг илғор ечимлари бизни қизиқтирди. Лекин бизнинг фикримизча, бундай ишланмаларни такомиллаштириш, хусусан, келиб тушадиган ахборотни автоматик тарзда визуаллаштира оладиган дастурлар ишлаб чиқишни таклиф этган бўлардик. Чунки бугунги кунда келиб тушадиган ахборот ва маълумотлар word, excel форматда, графика ёки жадвал кўринишларида бўлади. Ана шу тарқоқ ҳолдаги ахборот жамлама таҳлил бўлимида сараланади, таҳлил этилади ва якуний ҳолдаги кўринишга келтирилади. Лекин бу ишларни компьютер технологияси амалга ошира олса, бизда вақт ҳам тежалади, иш ҳажми ҳам қисқарган бўларди. Ўз навбатида, бундай ишланма шарофати билан моддий ресурслар ҳам тежалади.

 

Саҳифани «СБХ» мухбири Нодир АЛИМОВ тайёрлади.

Прочитано: 3419 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика