Диний ташкилотлар қандай ташкилотларга киради?
Хайр-эҳсонлар қандай ҳисобга олинади ва уларга солиқ солишнинг тартиби қандай?
Уларнинг молиявий ва солиқ ҳисоботларини топшириш тартиблари қандай?
Сергей, бухгалтер.
ЧЕРКОВ – НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТИ
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади. Улар Адлия вазирлигида ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин юридик шахс мақомига эга бўлади ва ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин («Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг1 8-моддаси, бундан кейин – 289-XII-сон Қонун).
Маънавий ёки бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш учун ўз манфаатларининг муштараклиги асосида қонунда белгиланган тартибда бирлашган фуқароларнинг ихтиёрий бирлашмаси жамоат бирлашмаси деб эътироф этилади, у ўз навбатида нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) шаклларидан бири ҳисобланади (14.04.1999 йилдаги «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги 763-I-сон Қонуннинг 10, 11-моддалари, бундан кейин – ННТ тўғрисидаги Қонун).
Диний ташкилотлар мулкида улар фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган, улар томонидан ўз маблағлари ҳисобига харид қилган ёки бунёд этган, фуқаролар, жамоат бирлашмалари ҳадя (эҳсон) қилган (васият қилган) ёки давлат томонидан берилган, хорижда жойлашган ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга биноан олинган бинолар, иморатлар, ибодат нарсалари, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва хайр-саховат мақсадидаги объектлар, пул маблағлари ва бошқа мол-мулк бўлиши мумкин. Диний ташкилотларда меҳнат шартномалари (контрактлари) бўйича ишлаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари татбиқ этилади (289-XII-сон Қонуннинг 21-моддаси).
Тегишли конфессияга қарашли диний ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва йўналтириб бориш учун уларнинг республика бўйича ягона марказий бошқарув органлари тузилиши мумкин. Улар уставдаги мақсадларидан келиб чиқиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ, ноширлик, ишлаб чиқариш, таъмирлаш-қурилиш, қишлоқ хўжалик корхоналари ва бошқа корхоналарни таъсис этишга ҳақлидир.
ЭЗГУ МАҚСАДЛАРГА
ННТнинг мол-мулкни шакллантириш манбалари бўлиб хайр-эҳсонлар ҳам ҳисобланиши мумкин (ННТ тўғрисидаги Қонуннинг 29-моддаси). Фуқаролик кодексининг 511-моддасига кўра умумфойдали мақсадларда қилинган ҳадя хайр-эҳсон ҳисобланади. Уни қабул қилишга бирор кимсанинг рухсати ёки розилиги талаб қилинмайди. Хайр-эҳсон қилувчи мол-мулкни (шу жумладан пул маблағларини) хайр-эҳсон қилганда ундан маълум бир мақсадда фойдаланишни шарт қилиб қўйиши мумкин. Уни қабул қилиб олаётган юридик шахс хайр-эҳсон қилинган мол-мулкдан фойдаланиш бўйича барча операцияларнинг алоҳида рўйхатини юритиши керак.
Диний ташкилот олаётган хайр-эҳсонлар мақсадли тушумларга киради ва унинг устав фаолияти учун маблағларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Олинаётган хайр-эҳсонларнинг бухгалтерия ҳисоби 8890-«Бошқа мақсадли тушумлар» ҳисобварағида пул маблағларини ҳисобга олиш ҳисобварақлари билан корреспонденцияда юритилади. 8890-ҳисобварақ кредити бўйича мақсадли маблағларнинг келиб тушиши, дебети бўйича – уларнинг сарфланиши акс эттирилади.
8890-ҳисобварақ бўйича таҳлилий ҳисоб мақсадли маблағларнинг турлари ва вазифаси бўйича юритилади. Шунингдек у, агар бу мақсадли маблағлар берилишининг шарти ҳисобланса, тушумлар манбалари ва айрим хайр-эҳсон қилувчилар бўйича амалга оширилиши мумкин. «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон, бундан кейин – 279-I-сон) 3-моддасига биноан бухгалтерия ҳисоби субъектларига таҳлилий ҳисоб юритиш тартибини мустақил юритиш ҳуқуқи берилган.
Солиқ солиш мақсадида нотижорат ташкилотлари устав фаолиятини амалга ошириш ва сақлаб туришга олган, мақсадли вазифа билан ва (ёки) текинга келиб тушган маблағлар солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди ва, бинобарин, жами даромадга киритилмайди ҳамда уларга фойда солиғи солинмайди (Солиқ кодексининг 129-моддаси учинчи қисми 10-банди).
СОЛИҚЛАРСИЗ, БИРОҚ ҲИСОБОТЛАР БИЛАН
Диний ташкилот юридик шахс деб эътироф этилиши ва 279-I-сон Қонуннинг 3-моддасига кўра, бухгалтерия ҳисоби субъекти ҳисобланиши боис, у ўз фаолияти ҳисобини юритиши ва белгиланган тартибда солиқ органларига молиявий ҳисобот тақдим этиши керак. ННТ тўғрисидаги Қонуннинг 33-моддаси ҳам нодавлат нотижорат ташкилоти ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини юритиши ҳамда рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиши кераклигига мажбур этади.
Бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида тузиладиган молиявий ҳисоботни2 улар ҳар чоракда ҳисобот йили бошидан ортиб борувчи якун билан тақдим этадилар. Чораклик ҳисобот ўз ичига қуйидагиларни олади:
- бухгалтерия баланси – 1-шакл;
- молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот – 2-шакл.
Йиллик молиявий ҳисобот ушбу шакллардан ташқари, қуйидагиларни назарда тутади:
- пул оқимлари тўғрисида ҳисобот – 4-шакл;
- ўз сармояси тўғрисида ҳисобот – 5-шакл;
- изоҳлар, ҳисоб-китоблар ва тушунтиришлар.
Диний ташкилот ўз устав фаолияти доирасида қуйидагиларни тўловчи ҳисобланмайди:
● фойда солиғи (Солиқ кодексининг 126-моддаси);
● қўшилган қиймат солиғи, ЎзР норезидентлари томонидан амалга оширилаётган солиқ солинадиган оборотлар учун ҚҚС тўлаш мажбурияти юклатиладиган юридик шахслар ва товарларни ЎзР ҳудудига импорт қилиш ҳоллари бундан мустасно (Солиқ кодексининг 197-моддаси);
● сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (Солиқ кодексининг 257-моддаси);
● юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ (Солиқ кодексининг 265-моддаси);
● ер солиғи (Солиқ кодексининг 279-моддаси);
● ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи (Солиқ кодексининг 295-моддаси);
● бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар (Солиқ кодексининг 312-моддаси);
● Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар (Солиқ кодексининг 316-моддаси);
● бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар (Солиқ кодексининг 325-1-моддаси).
Солиқ кодекси 132-моддасида назарда тутилган бошқа даромадларга ҳам солиқ солинмайди.
Шу тариқа, солиқлар ва мажбурий тўловлар тўловчиси ҳисобланмайдиган диний ташкилот улар бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиши керак эмас.
Бироқ иш берувчи сифатида у жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ходимларнинг даромадларидан суғурта бадалларини ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт. Бундан ташқари, унинг учун ягона ижтимоий тўловни тўлаш тартиби ҳам сақланган, бироқ унинг энг кам миқдори ҳисобга олинмайди (Солиқ кодексининг 305-моддаси; Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом3). Ушбу тўловлар бўйича ҳисобот солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги ДСИга МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган шакллар бўйича тақдим этилади.
Тадбиркорлик субъектлари ҳисобланмаган диний ташкилотлар ҳисоботни тақдим этиш шаклини танлаш ҳуқуқига эгалар – шахсан олиб бориб бериш тартибида ёки почта орқали буюртма хат билан (қоғоз шаклда) ёхуд телекоммуникация каналлари орқали (электрон ҳужжат тарзида) (Солиқ кодексининг 45-моддаси).
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Profi» эксперти.
114.06.1991 йилдаги 289-XII-сон Қонун, 1.05.1998 йилдаги 618-I-сон Қонун таҳририда.
2Молия вазирининг «Молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
3МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.