Ходим олис хорижга хизмат сафари билан боряпти. Барча зарур ҳужжатлари бор (таклифнома, хизмат сафари гувоҳномаси). Ушбу сафар учун унга виза зарур, виза 150 АҚШ доллари туради. Уни расмийлаштириш учун тўлов Visa корпоратив картасидан тўланди.
Олис хорижга хизмат сафарига бориш учун зарур бўлган визани расмийлаштириш мақсадида корхона амалга оширган тўлов ходимнинг солиқ солинадиган даромади ҳисобланадими?
Н.Юсупова,
бош бухгалтер.
– Йўқ, ҳисобланмайди.
Солиқ кодексининг 171-моддаси иккинчи қисми 7-бандига кўра, хизмат сафарларидаги қилинган қуйидаги компенсация тўловлари жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди:
- тасдиқловчи ҳужжатлар асосида хизмат сафари жойига бориш ва у ердан қайтиб келиш учун, шу жумладан жой банд қилиш учун ҳақ тўлашни қўшган ҳолда ҳақиқатда амалга оширилган тўловлар;
- уй-жойни ижарага олиш бўйича ҳақиқатда амалга оширилган тўловлар;
- тасдиқловчи ҳужжатлар асосида уй-жойни банд қилиш учун тўловлар;
- қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида хизмат сафарида бўлинган вақт учун тўланадиган кундалик харажатлар учун ҳақ (суткалик пуллар);
- қонун ҳужжатларида белгиланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа тўловлар (уларга визани расмийлаштиришни ҳам киритиш мумкин).
Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартибининг (МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 29-бандида назарда тутилишича, ташкилот ходимининг ҳужжатлар билан тасдиқланган виза олиш бўйича харажатлари қопланади.
Сизнинг ҳолатингизда корхона хизмат сафари бошланишигача визани расмийлаштириш учун мустақил равишда ҳақ тўлаган. Бундай харажатлар 4220-«Хизмат сафарларига берилган бўнаклар» ҳисобварағида ҳисобга олинади. Ушбу ҳисобварақда корхонанинг хизмат сафари бошланишигача қилган харажатлари (масалан, визани расмийлаштириш ва авиачипталар олишга) ҳам, хизмат сафарига юборилаётган ходимга хизмат сафари тўғрисидаги буйруқ асосида берилган пуллар ҳам ҳисобга олинади. Хизмат сафаридан қайтгач ходим 3 иш куни мобайнида бўнак ҳисоботи тузиши керак, унда олинган бўнак суммаси ҳамда ҳақиқатда қилинган барча харажатлар суммаси (шу жумладан визани расмийлаштиришга ҳам) кўрсатилади.
Дарина АБУХОВИЧ, «Norma Profi» эксперти.