Божхона брокери ҳисобланган ташкилотимиз божхона юк декларацияларини расмийлаштириш ва келиб тушадиган юкни сертификатлаштириш билан шуғулланади. Ой охирида биз юкини расмийлаштирадиган буюртмачимизга сертификатлаштириш чоғида қилинган харажатларимизни қоплашга ҳисобварақ-фактурани тақдим этамиз. Унга сертификатлаш органларидан олинган, биз ҳақини тўлаган барча ҳисобварақ-фактураларнинг нусхаларини қўшиб қўямиз.
Сертификатлаштириш бўйича маблағларни қоплашга доир ҳисобварақ-фактурага бажарилган ишлар далолатномасини илова қилиш керакми, ахир уларни биз бажармаймизку?
Е.Ряполова,
МЧЖ бош бухгалтери ўринбосари.
– Божхона брокери тўғрисидаги низомга1 кўра, божхона брокери деганда у вакили бўлган шахс ҳисобидан ва топшириғига кўра ўз номидан божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни амалга оширадиган ва божхона иши соҳасида бошқа воситачилик вазифаларини бажарадиган Ўзбекистон Республикаси юридик шахси тушунилади.
Мазкур операциялар бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш чоғида сиз Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибига2 амал қилишингиз лозим. Унда, хусусан, топшириқ, воситачилик шартномалари ва воситачилик хизматларини кўрсатиш бўйича бошқа шартномалар асосида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш хусусиятлари назарда тутилган.
Тартибга кўра воситачи (ишончли вакил) комитентнинг (топшириқ берувчининг) манфаатида воситачилик хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ шартнома асосида амалга ошириладиган товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ва (ёки) сотиб олиш операциялари бўйича унга бирламчи ҳужжатлар учун қонун ҳужжатлари билан белгиланган воситачи (ишончли вакил) ва комитентнинг (топшириқ берувчининг) барча реквизитларига эга бўлган ҳисобот тақдим этади. Ҳисоботга, бошқа маълумотлар билан бирга, комитент (топшириқ берувчи) томонидан қопланиши лозим бўлган, воситачи (ишончли вакил) томонидан ҳақиқатда амалга оширган харажатлар қиймати тўғрисидаги маълумот ҳам киритилган бўлиши лозим.
Воситачи комитент учун олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича унга бошқа шундай тақдим этиладиган ҳужжатлар кетма-кетлигига мувофиқ ҳисобварақ-фактура ёзиб, унда сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурадаги кўрсаткичларни акс эттиради (ўз номидан комитентга сотувчининг ҳисобварақ-фактурасини қайта тақдим этади). Бунда «Етказиб берувчи» сатрида номланишдан ташқари «Воситачи» кўрсатилади.
Қопланиши лозим бўлган маблағлар, воситачи (ишончли вакил) томонидан ўзининг ҳақи суммасига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурага илова қилинадиган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги далолатномада кўрсатилади. Бироқ улар ушбу ҳисобварақ-фактурада кўрсатилмайди.
Комитентга қайта тақдим этиладиган, харид қилинган хизматларга доир ҳисобварақ-фактурага бажарилган ишларнинг алоҳида далолатномасини расмийлаштириш Тартибда назарда тутилмаган. Шу боис бажарилган ишлар далолатномасини сиз фақат ўз ҳақингизга ҳисобварақ-фактурага расмийлаштириб, унда ҳисоботингизга мувофиқ келиб тушадиган юкни сертификатлаштириш харажатларини қоплаш суммаларини ҳам кўрсатишингиз керак.
Ирина БОРИСОВА,
«Norma Profi» эксперти.
1ДБҚнинг АВ томонидан 15.09.2003 йилда 1271-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-илова.