Унитар корхона филиали эскирган ва яроқсиз ҳолга келган мебелни алмаштиряпти. Уни «014»-балансдан ташқари ҳисобварақдан ҳисобдан чиқариш ва утилизация қилиш тартиби қандай? Синган мебелни ўтин сифатида ходимларга ёки чет ташкилотларга сотиш мумкинми? Бунинг учун қандай асос зарур? Офис ва маиший техникани утилизация қилиш (балансдан ташқари ҳисобварақдан ҳисобдан чиқаргандан кейин) тартиби қандай?
Т.Якименко,
УК филиали иқтисодчиси.
ҲУЖЖАТЛАРГА ТАЯНАМИЗ
– Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлар режасини қўллаш бўйича йўриқноманинг1 99-бандига кўра корхоналар мустақил равишда инвентарлар, асбоблар ва хўжалик жиҳозларини ҳисобга олувчи ҳисобварақларни уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятидаги ўрни ва ролига қараб очишлари мумкин. Уларнинг қиймати фойдаланишга берилган вақтда ишлаб чиқариш ёки давр харажатларига тўлиқ қўшилиши мумкин. Кейинчалик уларнинг ҳисоби балансдан ташқари 014-«Фойдаланишдаги инвентар ва хўжалик жиҳозлари» ҳисобварағида цех, омбор ва алоҳида фойдаланувчилар бўйича юритилади.
Инвентарь ва хўжалик жиҳозлари фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган тақдирда уларни 014-ҳисобварақдан ҳисобдан чиқариш белгиланган тартибда расмийлаштирилган далолатномага асосан амалга оширилади. Асосий воситаларни балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низомда 2 (бундан кейин – 1401-сон Низом) унитар корхоналарда асосий воситаларни тугатиш таомили белгиланган. Уларга хўжалик юритиш ҳуқуқида тегишли бўлган моддий активлар корхона мол-мулкининг мулкдори розилиги билан, қолган моддий активлар эса – қонун ҳужжатларига асосан мустақил равишда ҳисобдан чиқарилади.
КОМИССИЯ ТУЗАМИЗ
Моддий активларни уларнинг тугатилиши муносабати билан ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш учун раҳбар (унинг ўринбосари) ёки бош муҳандис раислигида комиссия тузиш мақсадга мувофиқдир. У корхона (ташкилот) буйруғи билан тузилади. Комиссия таркибига корхонанинг тегишли мутахассислари, бухгалтерия ходимлари ва моддий жавобгар шахслари киритилади.
Комиссия тугатиладиган моддий активларнинг кўригини амалга ошириб, уларни зарур техник ҳужжатлар ва бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан солиштиради. Ҳар бир активнинг ҳисобдан чиқариш сабабларини белгилайди, айрим узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлардан фойдаланиш имкониятини белгилайди ва уларни баҳолайди. Тугатилаётган активлардан уларни олиш ҳамда уларнинг миқдори, оғирлиги белгилагандан кейин тегишли омборга топширилишини назорат қилади.
ДАЛОЛАТНОМА ВА МАЪЛУМОТНОМАНИ РАСМИЙЛАШТИРАМИЗ
Комиссия ушбу ишининг натижалари моддий активни тугатиш тўғрисидаги далолатнома билан расмийлаштирилади. Бундай далолатнома асоси учун АВ-4-сон шаклни (1401-сон Низомга 1-илова) қўллаш мақсадга мувофиқдир. Унда моддий активни фойдаланишга топшириш санаси, тугатиш сабаблари ва қисмларга бўлишдан олиниши мумкин бўлган яроқли узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металларининг борлиги ва улардан кейинчалик фойдаланиш имконияти кўрсатилиши лозим.
Далолатнома 2 нусхада тузилади, комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва корхона (ташкилот) раҳбари томонидан тасдиқланади. Биринчи нусхаси бухгалтерияга берилади, иккинчи нусхаси моддий актив объектларининг сақланиши учун жавобгар бўлган шахсда қолиб, ҳисобдан чиқариш натижасида қолган моддий бойликлар ёки темир-терсакни омборга топшириш ва сотиш учун асос бўлади.
Тугатиш жараёни якунланганидан сўнг бухгалтерия томонидан активни тугатиш билан боғлиқ харажатлар тўғрисида маълумотнома тузилиши мумкин. Унинг кейинчалик фойдаланиш учун яроқли бўлган барча узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металлари улар ҳисобга олинадиган тегишли ҳисобварақларга тугатиш комиссияси томонидан белгиланадиган эҳтимолий фойдаланиш нархи бўйича кирим қилинади. Яроқсиз узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар иккиламчи хом ашё (темир-терсак, қийқинди ёки ўтин) сифатида кирим қилинади ҳамда корхона ёки ташкилотнинг хоҳиши бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлатилади.
ЖАРАЁННИ ЯКУНЛАЙМИЗ
Узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металларни, шунингдек, асосий воситаларни қисмларга ажратиш ва демонтаж қилишдан олинган иккиламчи хом ашёни сотишдан олинган маблағлар корхона (ташкилот) тасарруфида қолади ва, агар қонун ҳужжатларида бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, уларнинг хоҳишига қараб фойдаланилади. Масалан, рангли ва қимматбаҳо металлар Иккиламчи рангли металл ташкилотига сотилиши керак. Яроқли узеллар, деталлар, материаллар материалларни ҳисобга олиш ҳисобварағи дебети (Дт 1 000) бўйича акс эттирилади.
УК бошқа активларни ўз хоҳиши бўйича, реализация қилиш шартномаларини расмийлаштирган, шартномада қайд этилган ҳақ учун харидор (жисмоний ёки юридик шахс) номига ҳисобварақ-фактураларни қўйган ҳолда реализация қилиш ҳуқуқига эгадир.
121-сон БҲМСга 2-илова (молия вазирининг АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).
2Молия вазирининг АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Алла МОСКАЛЕНКО,
«PKF MAK Alyans» АК
аудитори, солиқ
маслаҳатчиси.