«Савдо» тушунчасига китобларда турлича таъриф берилса-да, моҳиятан, савдо фойда олиш мақсадида бир товарни пулга ёки бошқа товарга айирбошлаш ҳисобланади. Бугунги кунда иқтисодиётнинг бу мустақил тармоғи товарларнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига етиб боришини таъминлайди. Тармоқ харидорларга хизмат кўрсатиш, товарларни етказиб бериш, уларни сақлаш ҳамда сотишга тайёрлаш сингари кетма-кетликдаги жараёнларни ўз ичига олади. Савдо, бир томондан, ўта муҳим иқтисодий ва ижтимоий омил, иккинчи томондан эса солиқ тушумларининг катта манбаи ҳисобланади. Шу боис мазкур соҳага давлат томонидан катта эътибор кўрсатиляпти.
Маълумки, мамлакатимиз мустақиллик йилларида маърифатли (цивилизацияланган) бозор иқтисодиётини шакллантириш борасида улкан ютуқларга эришди. Шу билан бирга иқтисодиётни, хусусан, савдо соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини доимо мукаммаллаштириш талаб этилиши табиий. Хусусан, амалдаги қонун ҳужжатларидан улгуржи савдодан чакана савдонинг қандай фарқи бор деган оддий саволга жавоб топиш осон эмас.
Солиқ кодексига (Кодекс) мувофиқ савдо фаолияти қайта сотиш мақсадида олинган товарларни сотишга доир фаолиятдир (Кодекснинг 22-моддаси). |
Маълумки, ушбу фаолият улгуржи ва чакана савдога бўлинади. Уларга Википедия бўйича умумий таъриф бериб ўтамиз.
Улгуржи савдо – ташкилотлараро, ташкилотлар ва тадбиркорлар ўртасида, тадбиркорлараро савдодир. Яъни бу шундай савдоки, товар пировард фойдаланиш учун эмас, балки бизнес эҳтиёжлари (қайтадан сотиш ёки ишлаб чиқаришда фойдаланиш) учун сотилади, бунда харидор идентификацияланади.
Чакана савдо – пировард истеъмолчига товарларни сотиш. Улгуржи савдодан фарқли ўлароқ, чакана савдо тизимида сотиб олинган товар кейинчалик қайта сотишга эмас, балки пировард истеъмолчи томонидан бевосита фойдаланишга мўлжалланган.
Ушбу таърифлар назарий таърифлардир. Амалиётда улгуржи ва чакана савдо ўртасидаги чегарани белгилаш осон кечмайди. Бу эса муайян муаммоларни, шу жумладан мазкур фаолиятга солиқ солишда ҳам муаммоларни юзага келтиради. Кўпгина мамлакатларда ушбу савдо фаолиятлари учун турлича солиқлар белгиланган. Россияда, масалан, чакана савдо қилувчилар белгиланган даромад бўйича ягона солиқ тўлайдилар, улгуржи савдо қилувчилар эса умумий ва соддалаштирилган солиқ солиш тизимини қўллайдилар.
Бизнинг республикамизда бу соҳада Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом1 (кейинги ўринларда – 407-сон Низом) амал қилмоқда. Унга мувофиқ:
улгуржи савдо – тижорат мақсадларида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиш учун ҳисоб-китобларнинг нақдинасиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш;
чакана савдо – савдо соҳасида якуний истеъмол учун, ундан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига товарларни доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорларда нақд пулга сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга оширишдир.
Кўриб турганимиздек, савдо тури идентификациялаш мезонларига нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб шакллари ҳамда реализация қилинадиган товарлар миқдори ҳам қўшилади. Дарҳол саволлар туғилади. Кичик миқдор – бу қанча дегани? Улгуржи савдода кичик миқдорларда сотиш мумкин эмасми? Нега чакана савдода товарлар нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотилмайди?
Таъкидлаш жоизки, ривожланган бозор иқтисодиёти шароитида «чакана» тушунчаси савдонинг ҳажмий-миқдор жиҳатидан ўзини оқламайди. Олди-сотди буюмларининг миқдори савдо фаолиятини ҳамда харидорлар эҳтиёжини ва уларни қондиришда сотувчининг имкониятларини ифодалайди.
Бу икки фаолият турларини ўта қатъий тарзда фарқлаш бизнес ва истеъмолчилар учун қийинчиликлар туғдириши мумкин. Шу боис 407-сон Низомда товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича (ойлик товар айланмаси умумий ҳажмининг 10%и доирасида, ижтимоий соҳага сотилган товарлар ҳисобга олинмайди) ҳамда корпоратив пластик карточкалар бўйича чекланмаган миқдорда сотишга рухсат этилади. |
Яна саволлар туғилади: нега 15% эмас, балки 10%? Масалан, мавжуд барча товарларни ижтимоий соҳага сотиш мумкинми? Бу фоизларни ким назорат қилади ва бу нима учун керак? Буни уддалаш анча мушкул, чунки улгуржи ва чакана савдода товарларнинг катта қисми учун «пластик» орқали ҳақ тўланади (бу эса давлат сиёсатининг катта ижобий натижасидир). Зеро банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар нақд пулсиз ҳисоб-китоблар шаклига киради (Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низом2). Яъни нақд ёки нақд пулсиз ҳисоб-китоб тури улгуржи ва чакана савдонинг ажралиш мезони сифатида амал қилмай қўйди. Бугунги кунда чакана савдога ҳақиқатда нақдсиз ҳисоб-китоб йўли билан товарларни ҳеч бир чекловларсиз сотиш имконияти берилди. Бу эса жуда яхши, ҳам сўм қадрини мустаҳкамлайди, ҳам нақд ва нақдсиз пуллар қийматини яқинлаштиради.
Улгуржи савдода ҳам аҳвол шундай. Бир томондан, товарлар фақат тузилган шартномалар асосида ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида улгуржи сотилиши мумкин (407-сон Низомнинг 10-банди). Иккинчи томондан, улгуржи савдо корхоналарига ўзининг фирма дўконлари орқали нақд пулга майда улгуржи ва чакана савдони амалга оширишга рухсат берилади (Президентнинг 30.06.2003 йилдаги ПФ-3270-сон Фармони 4-банди).
Демак, кўриб турганимиздек, бугунги кунда улгуржи ва чакана савдо ўртасидаги тўсиқ борган сари йўқолиб боряпти. Назарияда ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини улгуржи савдо корхоналарига, улар эса чакана корхоналарга, ушбу корхоналар истеъмолчиларга сотишади деб таъкидланади. Бироқ, шоҳиди бўлганимиздек, амалда улгуржи корхоналар чакана савдо билан шуғулланяптилар, чакана савдо корхоналари эса товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан – пластик карточкалар орқали ҳеч бир чекловларсиз реализация қилишлари мумкин.
Буларнинг ҳаммаси тадбиркорлик фаолиятини юритиш шартларининг либераллашувига олиб келишидан далолатдир. Бироқ, бизнинг фикримизча, бу ижобий жараёнларда улгуржи ва чакана савдо фаолиятига солиқ солишнинг турли режимларининг мавжудлиги баъзида муаммолар туғдирмоқда. |
Солиқ кодексида белгиланишича, савдо корхоналари (улгуржи ва чакана) ходимларнинг сонидан қатъи назар ягона солиқ тўловини (ЯСТ) тўловчилардир. Бу, бизнинг фикримизча, тўғри бўлса-да, бироқ бунда ўзига хос мураккабликлар мавжуд.
Чакана савдо корхоналари учун солиқ тўловчининг жойлашган жойига қараб 1%дан 4%гача, улгуржи савдо корхоналари учун 5% ЯСТ ставкаси белгиланган. Улгуржи ва чакана савдо корхоналари учун турли ставкаларнинг мавжудлиги, шунингдек чакана савдо учун уларнинг жойлашган жойига қараб табақалаштирилиши муаммоларни юзага келтиради. Биринчидан, бу солиқ маъмуриятчилигини мураккаблаштиради. Иккинчидан, солиқ юкини камайтириш учун савдо корхоналарини янада паст ставкаларни қўллашга ундайдиган шароитлар келиб чиқади.
Айнан шу ҳолат туфайли улгуржи, шунингдек улгуржи-чакана савдони амалга оширувчи корхоналар учун 2015 йил 1 январдан 5%лик ягона ЯСТ ставкаси белгиланди. Бу тўғри қадам. Илгари улар алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишарди ва улгуржи савдо учун 5%лик, чакана савдо учун – 1%дан 4%гача ставка бўйича ЯСТ тўлашар эди.
Шу боис ўзгартириш киритилди. Харидор томонидан чакана сотиб олинадиган товарлар қийматида белгиланган ЯСТ 8%ни ташкил қилади (улгуржи товар оборотидан 5% + ўртача чакана савдо оборотидан 3%). Агар товар улгуржи корхонадан сотиб олинса, ундаги ЯСТ 1%дан 4%гачани ташкил қилади. Тафовут сезиларли. Улгуржи савдо қилувчилар буни тез пайқашди, табиийки, бу улгуржи савдо корхоналарида чакана савдо ҳажми кескин ошишига олиб келди. Уларнинг айримларида чакана савдо улуши 30% ва ундан ортиқни ташкил қилади.
Бир йўла улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланадиган савдо корхоналари ЯСТнинг ягона ставкаси (5%) мавжуд бўлган тақдирда ҳам алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари шарт, чунки бу ЯСТнинг энг кам миқдорини белгилаш заруриятига асосланган. Улгуржи савдо чакана савдодан устунлик қилганда, энг кам миқдор ер солиғининг 3 бараваридан келиб чиқиб ҳисобланади. Агар чакана савдо улгуржи савдодан устунлик қилса, қатъий белгиланган солиқ суммасидан ҳисобланади. Қанчалик ғалати туюлмасин, бироқ битта савдо корхонасида йил мобайнида энг кам солиқ солинадиган турли объектлар мавжуд бўлиши мумкин.
Собиқ иттифоқ даврида иқтисодиётни давлат бошқаруви амалиёти махсус савдо корхоналари пайдо бўлишига олиб келган, уларда аҳолига фақат шахсий истеъмол учун мўлжалланган товарлар сотилар эди. Бунда фуқаро сотиб олиши мумкин бўлган (ўз молиявий имкониятларидан ҳамда кўпинча тақчиллик туфайли дўконлардаги мавжуд товарлардан келиб чиқиб) товарлар сони, одатдагидек, биттага етарди. Айнан ушбу даврда аҳолига товарлар сотадиган ташкилот чакана савдо корхонаси деб аталган, «чакана савдо» тушунчаси эса шахсий истеъмол буюмлари сотилишига қўлланилган.
Шундай қилиб, улгуржи ва чакана савдо ўртасидаги тўсиқларнинг бартараф этилишида уларга солиқ солиш бобида тафовутлар ва мураккабликлар сақланиб қолмоқда. Шу сабабли савдо фаолияти учун шароитларни янада либераллаштириш йўлида, фикримизча, қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир:
1) улгуржи ва чакана савдо тушунчалари таърифларида фарқларни олиб ташлаш, биринчи навбатда, улардан нақд-нақдсиз ҳисоб-китоб шакллари ва реализация қилинган товарлар миқдори мезонларини чиқариб ташлаш керак. Кейинчалик улгуржи савдони лицензиялашни босқичма-босқич бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш;
2) барча савдо корхоналари – улгуржи, улгуржи-чакана, чакана савдо корхоналари учун жойлашган жойига қараб, ЯСТнинг ягона ставкасини жорий қилиш, масалан, барча имтиёзларни бекор қилиш билан товар оборотидан 3%. Бюджет йўқотишлари бўлмаслиги учун ҳисоб-китоб асосида ставка миқдорини аниқ белгилаш лозим;
3) барча савдо корхоналари учун ЯСТнинг ягона энг кам миқдорини жорий қилиш. Бу, бизнинг фикримизча, бирон-бир объектив кўрсаткичга туташган қатъий белгиланган солиқ бўлиши мумкин;
4) барча савдо корхоналари учун (илгари фақат улгуржи корхоналар учун бўлган) ЯСТ ставкаси миқдорида ягона бўнак тўловини жорий қилиш.
Улгуржи ва чакана савдони қиёслаш жадвали
|
|||
|
|
Улгуржи савдо
|
Чакана савдо
|
1
|
Википедия бўйича халқаро тушунча
|
Товар пировард фойдаланиш учун эмас, балки бизнес эҳтиёжлари учун сотиладиган, бунда харидор идентификацияланадиган ташкилотлар ўртасидаги савдо
|
Пировард истеъмолчига товарларни сотиш
|
2
|
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари бўйича тушунча
|
Тижорат мақсадларида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиш учун ҳисоб-китобларнинг нақдинасиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш
|
Савдо соҳасида якуний истеъмол учун, ундан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига товарларни доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорларда нақд пулга сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш
|
3
|
Лицензиялаш
|
Ҳокимият томонидан амалга оширилади
|
Талаб этилмайди
|
4
|
Устав фонди миқдори
|
ЭКИҲнинг 3 500 бараваридан кам эмас, унда пул маблағлари – ЭКИҲнинг 1 200 бараваридан кам бўлмаслиги лозим
|
Чекланмаган
|
5
|
Савдо фаолияти субъектлари
|
Юридик шахслар
|
Юридик ва жисмоний шахслар
|
6
|
Нақд ёки нақдсиз ҳисоб-китоб
|
Нақд пулсиз ҳисоб-китоб; ўзининг фирма дўконлари орқали нақд ҳисоб-китоб
|
Нақд ҳисоб-китоб; ойлик товар оборотидан 10% доирасида нақдсиз ҳисоб-китоб; умумий товар обороти ҳажмининг 10%идан ортиқ миқдорда нақдсиз ҳисоб-китоб – фақат ижтимоий соҳа ташкилотлари учун
|
7
|
Пластик карточка бўйича реализация қилиш
|
Мумкин
|
Мумкин
|
8
|
Реализация ҳажми
|
Чекланмаган
|
Доналаб ёки кичик миқдорда
|
9
|
Солиқ солиш
|
Ягона солиқ тўлови (ЯСТ)
|
Ягона солиқ тўлови (ЯСТ)
|
9.1.
|
ЯСТ солиш объекти
|
Товар обороти
|
Товар обороти
|
9.2.
|
Ставка миқдори
|
5%
|
1%дан 4%гача
|
9.3.
|
Энг кам тўланадиган солиқ миқдори
|
Ер солиғининг 3 баравари
|
Савдо билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ
|
9.4.
|
Бўнак тўловлари
|
5%
|
Мавжуд эмас
|
Мамлакатимизда бозор ислоҳотларининг муваффақиятли ривожланиб бориши ва турли фаолият учун хўжалик юритиш шароитларининг бирхиллаштирилиши натижасида савдони чакана ва улгуржи турларга ажратиш масаласи долзарблигини йўқотади. Бундай ажратиш куну тун ва кундузи, ишлатилган ва янги товарлар билан савдо қилишга ажратиш каби тобора амалий аҳамият касб этмай қолади. Сотувчининг у қачон, кимга ва қанча сотишини ўзи ҳал қилади. Харидор ҳам бу масаланинг ҳал этилишида четда қолмайди, бунда молиявий имконияти роль ўйнайди. Албатта, «тўлиқ» либераллашувда ҳам абсолют эркин савдо ҳақида сўз бормайди, негаки халқ манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида муайян талаблар ёки чекловлар назарда тутилиши табиий. |
Феруз ХАЙРУЛЛАЕВ,
иқтисодий шарҳловчи.
«... Биз ўз олдимизга истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни 11,7 фоизга, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларини 11 фоиз ва ноозиқ-овқат товарларини 12,1 фоизга кўпайтириш, ушбу маҳсулотларни чакана савдо тармоғи орқали сотишни 14,2 фоизга ошириш вазифасини қўймоқдамиз».
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ислом Каримовнинг мамлакатимизни
2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан.
Бизнинг маълумотнома
Савдо корхоналари учун ЯСТнинг амалдаги ставкалари
(Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 10-2-илова)
1
|
Чакана савдо корхоналари (4-бандда кўрсатилганларидан ташқари), қуйидаги жойларда жойлашган:
|
|
аҳолиси сони 100 минг ва ундан кўп кишидан иборат шаҳарларда
|
4
|
|
бошқа аҳоли пунктларида
|
2
|
|
бориш қийин бўлган ва тоғли ерларда
|
1
|
|
2
|
Улгуржи, шунингдек улгуржи-чакана савдо билан шуғулланувчи корхоналар (4-бандда кўрсатилганларидан ташқари)
|
5
|
3
|
Чакана ва улгуржи товар обороти бўйича «Шаробсавдо» ихтисослашган ҳудудий базалари
|
5
|
4
|
Улгуржи ва чакана дорихона ташкилотлари, қуйидаги жойларда жойлашган:
|
|
аҳолиси сони 100 минг ва ундан кўп кишидан иборат шаҳарларда
|
3
|
|
бошқа аҳоли пунктларида
|
2
|
|
бориш қийин бўлган ва тоғли ерларда
|
1
|
|
5
|
1–4-бандларда кўрсатилган корхоналар учун пластик карталар қўлланиб ҳақ тўланган ҳолда кўрсатилган хизматлар ҳажми бўйича
|
белгиланган ставка 5%га пасайтирилади
|
1ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган.
2МБ бошқарувининг АВ томонидан 3.06.2013 йилдаги 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.