Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 17 / Хўжалик юритиш қоидалари

Устав фондидаги улушига қараб

Бизнинг корхонамиз бўйича хорижий инвестор – Россия Федерациясида рўйхатга олинган юридик шахс (устав фондидаги улуши – 99,06%) ҳамда Ўзбекистон фуқароси бўлмиш жисмоний шахс (улуши – 0,94%) муассислар ҳисобланишади. «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар деганда акцияларининг (улушлари, пайларининг) ёки устав жамғармасининг камида 30%ини чет эл инвестициялари ташкил этадиган корхоналар тушунилади. Ушбу нормага асосланиб, биз чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона сифатида статистика органларига ҳисобот топширамиз, ушбу мақом солиқ тўловчининг шахсий ҳисобрақами карточкасида ҳам кўрсатилган.

Агар ҳокимликда рўйхатдан ўтган корхона устав фондидаги чет эл сармоясида 110 минг АҚШ долларини ташкил қиладиган 99%лик улушга эга бўлса, у чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ҳисобланадими?

Ю.Псакина,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг (30.04.1998 йилдаги 609-I-сон) 6-моддасида белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар деганда акцияларининг (улушлари, пайларининг) ёки устав жамғармасининг камида 30%ини чет эл инвестициялари ташкил этадиган корхоналар тушунилади. Улар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид келмайдиган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклларда фаолият кўрсатадилар.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади.

Президентнинг «Хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган қўшимча рағбатлантириш омиллари ва имтиёзлар тўғрисида»ги Фармони (30.11.1996 йилдаги ПФ-1652-сон) билан белгиланишича, 1998 йилнинг 1 апрелидан бошлаб қуйидаги шартларга жавоб берадиган янгидан ташкил этиладиган корхоналар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар жумласига киради:

корхонанинг низом жамғармаси миқдори 150 минг АҚШ долларига тенг суммадан кам бўлиши мумкин эмас;

корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шарт;

хорижий сармоялар улуши корхона низом жамғармасининг камида 30%ини ташкил этиши зарур.

 

Янги ташкил этилаётган корхоналар мазкур шартларга жавоб бермаган тақдирда хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар жумласига кирмайди ҳамда корхона жойлашган ҳудуддаги шаҳар ва туман ҳокимликларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомда1 белгиланишича, давлат солиқ ва статистика органларида қуйидагиларни ҳисобга қўйиш билан бир вақтда давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилади:

Адлия вазирлиги томонидан – аудиторлик ташкилотлари, суғурталовчилар ва суғурта брокерлари, биржалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг тегишли қарорлари билан акциядорлик компаниялари (шу жумладан давлат-акциядорлик компаниялари ва холдинглар) шаклида ташкил этилаётган хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган бозорлар ва солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ташкилотларни;

туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари томонидан – барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан хорижий сармоя иштирокидаги корхоналарни.

 

Якун чиқарамиз.

Айтиб ўтилганлардан келиб чиқиб, «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади деган хулосага келиш мумкин.

Низомга мувофиқ ЎзР Адлия вазирлиги чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни рўйхатга олувчи орган ҳисобланади. Хорижий сармоя иштирокидаги корхоналарни эса – туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари.

Сизнинг корхонангиз 1998 йил 1 апрелдан кейин (2009 йил февралда) рўйхатдан ўтганлиги боис ЎзР Президентнинг 30.11.1996 йилдаги ПФ-1652-сон Фармонининг амал қилиш доирасига тушади. Корхонанинг устав капитали 150 минг АҚШ долларидан кам бўлганлиги боис, у хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар сирасига киради. Тегишинча, сизнинг корхонангиз чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона сифатида Адлия вазирлигида рўйхатга олинмайди, шу боис сиз ёзганингиздек, у ҳокимликда рўйхатга олинган.

Сизнинг корхонангиз чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар сирасига кирмаганлиги сабабли у Чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги низомда2 хўжалик юритувчи субъектлар учун белгиланган чораклик ва йиллик молиявий ҳисоботларни қуйидаги муддатларда тақдим этади:

чораклик молиявий ҳисоботни – ҳисобот даври тугагандан кейинги ойнинг 25-кунига қадар;

йиллик молиявий ҳисоботни – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай.

 

1ВМнинг 20.08.2003 йилдаги 357-сон Қарорига 1-илова (кейинги ўринларда – ­357-сон Низом).

2МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.07.2000 йилда 942-сон билан рўйхатдан ўтказилган.


Дарина АБУХОВИЧ,

«Norma Profi» эксперти.  

Прочитано: 3488 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика