Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 44 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан norma.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2013 йил 7 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги ЎРҚ-355-сон Қонун имзоланди. Мазкур Қонунга биноан:

 

 

ТЕРМИНАЛ ЧЕКИ – ҲИСОБ ҲУЖЖАТИ ҲИСОБЛАНАДИ

 

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) киритилган ўзгар­тиришлар Президентнинг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони (24.08.2011 йилдаги ПФ-4354-сон) билан илгари киритилган меъёрни қонуний мустаҳкамланди. Мазкур меъёрга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан савдо ва сервис соҳасида олинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақи корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда тўланганида тўлов терминалларининг чеклари ҳам бошланғич ҳисоб ҳужжатлари деб тан олинади.

 

 

СУҒУРТА ҚИЛДИРУВЧИЛАРНИНГ РОЗИЛИГИ ОЛИНМАЙДИ

 

«Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонунга (5.04.2002 йилдаги 358-II-сон) киритилган қўшимчалар мажбурий суғурта бўйича белгиланган мажбуриятнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширувчи давлат бошқаруви органларига суғурта қилдирувчилар ва суғурталанган шахслар ҳақида суғурта қилдирувчиларнинг розилиги олинмаган ҳолда белгиланган тартибда суғурталовчилар томонидан маълумотнома тақдим этилишига имконият яратади.

Суғурта қилдирувчиларнинг ва суғурталанган шахс­ларнинг соғлиғи ҳолати, банк ҳисобварақлари мавжудлиги, ушбу ҳисобварақлардаги пул қолдиқлари ва пул ҳаракати ҳақидаги маълумотлар бундан мустасно. Бундай маълумотлар тўғрисидаги маълумотномаларни тақдим этиш учун суғурта қилдирувчиларнинг розилиги олиниши керак.

 

 

НОГИРОНЛАР ҲИМОЯСИ УЧУН МАНСАБДОР ШАХСЛАР ЖАВОБГАР БЎЛАДИ

 

Қонун билан шундай тартиб киритилдики, унга биноан ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ташкилотларнинг айнан айбдор мансабдор шахслари жавобгарликка тортиладилар.

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга (18.11.1991 йилдаги 422-ХII-сон, 11.07.2008 йилдаги ЎРҚ-162-сон Қонун таҳририда) киритилган ўзгартиришларга мувофиқ ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз киришини, транспортдан, алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлашга доир вазифаларни бажармаганлик учун ташкилотларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилади, уларга нисбатан энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 15 бараварига миқдорда жарима кўринишидаги жазо чоралари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўрсатилган.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Маъмурий жазо чораси қўлланил­ганлиги ташкилотларни юқорида айтиб ўтилган талабларни бажариш мажбуриятидан озод этмайди (илгари бундай ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг иқтисодий жавобгарлиги ЭКИҲнинг 70 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жаримани назарда тутган).

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини яратишга доир қарорларини бажармаслик мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилганлиги ташкилотларни ногиронларни иш билан таъминлашга доир талабларни бажариш мажбуриятидан озод этмайди (илгари ногиронларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам сонини яратишга доир давлат ҳокимияти органларининг қарорларини бажармаганлик ҳолатларида ташкилотлар ҳар бир ташкил қилинмаган иш жойи учун ходимларининг ўртача йиллик маошига тенг миқдорда жарима тўлашар эди).

Ихтисослаштирилган корхоналар, цехлар ва участкалар ногиронлар меҳнатидан фойдаланиш учун ногиронларнинг эҳтиёжларини ва маҳаллий хусу­сиятларни, кўзи ожиз ногиронлар шароитлари ўз имкониятларига мос келадиган ишлаб чиқаришда иштирок этишда имтиёзли ҳуқуққа эгалигини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар уйда ишловчи ногиронларга, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи ногиронларга мазкур фаолият учун яшашга мўлжалланмаган жойлар берилишида, хом ашё олиши ва маҳсулот сотишида зарур ёрдам кўрсатади.

 

 

ГАРОВГА ҚЎЙИЛГАН МОЛ-МУЛК ЯГОНА БАЗАДА БЎЛАДИ

 

“Гаров реестри тўғрисида”ги Қонун (23.10.2013 йилдаги ЎРҚ-356-сон) кредитлар, заёмлар ва бошқа молиявий операцияларни расмийлаштириш таомилини такомиллаштириш ҳамда мол-мулкни гаровга беришда молиявий хизматлар кўрсатиш чоғида кредиторлар хатарини пасайтиришга йўналтирилган («СБХ»нинг 5.11.2013 йилдаги 44 (1004)-сонида чоп этилган).

Қонунда ягона ахборот базаси кўринишида гаровни таъминлаш бўйича реестрни тузиш назарда тутилган. Марказий банк ҳузурида реестрни юритувчи ташкилот ёзув киритиш учун гаров реестрига кириш, шунингдек ундан реал вақт режимида, шу жумладан Интернет тармоғи орқали фойдаланиш имкониятини таъминлайди, ундан фойдаланиш бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатади, ёзув тўғрисида электрон шаклда, зарур ҳолларда эса қоғозда ахборот тақдим этади.

Қонунда мурожаат этган ҳар бир юридик ёки жисмоний шахс билан тузиладиган шартнома реестрга ёзув киритиш учун асос бўлиши белгиланган. Реестрга:

мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш (гаров) воситаси сифатида қарздорлар бериб қўйган мол-мулкка нисбатан кредиторларнинг ҳуқуқлари, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа асослардан, шу жумладан ушлаб қолиш, лизинг, товарга бўлган мулк ҳуқуқини товарнинг ҳақи тўлангунга қадар сотувчида (кредиторда) сақлаб қолган ҳолда уни сотиш, келажакда муайян ҳодиса юз берган тақдирда мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш, тўловни кечиктирган ёки бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда товарларни олиш-сотишдан юзага келадиган ҳуқуқлар тўғрисидаги;

ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган қарори тўғрисидаги;

қарздорнинг мол-мулкни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишга доир ҳуқуқларини чеклаш (сервитут, мол-мулкни хатлаш, банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш) тўғрисидаги;

қарздорнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзларини тўлаш тўғрисидаги талаблар тўғрисидаги;

қарздорнинг таъминланган мажбурияти бажарилмаган тақдирда юзага келадиган бошқа талаблар тўғрисидаги ёзув киритилади.

Гаров реестрига ёзув киритиш фойдаланувчи томонидан электрон шаклда амалга оширилади. Ёзув уни киритиш вақти ва санаси кўрсатилган ҳолда автоматик равишда қайд этилади. Унга ягона рўйхатдан ўтказиш рақами берилади. Ёзувни киритиш вақти ва санаси ҳақидаги маълумотлар жуда зарурдир. Улар кредиторнинг қарздор ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда бошқа кредиторлар ва учинчи шахс­лардан олдин ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратишга, бошқа талабларни қаноатлантиришга бўлган навбатини, имтиёзли ҳуқуқини аниқлаш учун асос бўлади.

Кредитор томонидан ёзув киритиш қарздорнинг электрон ҳужжат тарзида ёки қоғозда расмийлаштириладиган розилиги билан амалга оширилади, қарздорнинг розилиги гаров реестридан ёзув чиқариб ташлангунга қадар кредиторда сақланиши керак.

Қарздорнинг розилигисиз қуйидагилар амалга оширилади:

суднинг ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қа­ра­тиш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори тўғ­рисида ёзув киритиш ёхуд киритилган ёзувдан мол-мулкнинг бир қисмини чиқариб ташлаш ёки ундаги ахборотни ўзгартириш;

қарздорнинг зиммасида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзлар бўлган тақдирда, ёзув киритиш;

қарздорнинг мол-мулкни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишга доир ҳуқуқларини чеклаш (мол-мулкни хатлаш, банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш) тўғрисида ёзув киритиш.

Гаров реестрига ёзув киритилганлиги учун ундириладиган ҳақ миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Қонунда гаров реестридаги ёзувни ўзгартириш, чиқариб ташлаш ва сақлаш тартибини белгиловчи меъёрлар, гаров реестри тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ҳам айтиб ўтилган.

Мазкур Қонун 2014 йил 1 июлдан кучга киради.

 

 

СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИГА ВАКОЛАТ БЕРИЛДИ

 

Вазирлар Маҳкамасининг 8.10.2013 йилдаги 277-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг «Иқтисодий ночор корхоналарнинг суд бош­қарувчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тад­бирлари тўғрисида»ги қарорига (23.03.2004 йилдаги 138-сон) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Улар корпоратив бошқарув сифатини яхшилаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий аҳволи барқарорлиги юзасидан уларнинг раҳбарлари ва мулкдорларининг масъулиятини ошириш мақсадида Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш қоидаларини (ВМнинг 14.08.2013 йилдаги 224-сон қарори билан тасдиқланган) ўрнатиш билан боғлиқ.

Суд бошқарувчилари тўғрисида низомга (ВМнинг 138-сон қарорига 1-илова) киритилган ўзгартиришлар муваққат, ташқи ва тугатиш бошқарувчиларининг улар хўжалик суди томонидан тайинланган пайтларидан бошлаб ваколатлари кенгайтирилди. Эслатиб ўтамизки, хўжалик суди томонидан банкротлик тўғрисидаги аниқ иш бўйича қуйидаги турдаги суд бошқарувчилари тайинланади: кузатиш тартиботи жорий этилганда – муваққат бошқарувчи; ташқи бошқарув жорий этилганда – ташқи бошқарувчи; тугатишга доир иш бошланганда – тугатиш бошқарувчиси. Энди уларга сохта банкротлик ва банкротликни яшириш аломатларини ошкор этиш вазифаси топширилди.

Ушбу ҳаракатлар якунларига кўра улар тегишли органларга бошқарувчи имзолангандан кейин 10 иш кунидан кечикмай, сохта банкротлик ва банкротликни яшириш аломатлари мавжудлиги тўғрисидаги хулосани – кредиторлар йиғилишига, хўжалик судига ва прокуратура органларига; сохта банкротлик ва банкротликни яшириш аломатлари мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосани – кредиторлар йиғилишига, хўжалик судига белгиланган тартибда тақдим этади.

Суд бошқарувчиларини аттестациядан ўтка­зиш тўғрисида низомда (ВМнинг 138-сон қарорига 2-илова) учинчи тоифали аттестат олишга талабгор шахслар тақдим этадиган ҳужжатлар рўйхатига тегишли давлат органининг судланганликнинг бекор бўлиши ёки судланганликнинг олиб ташланиши тўғрисидаги маълумотномаси, шунингдек паспорт­нинг нусхаси ҳам киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ энди тўртинчи тоифали аттестат учун талабгордан аризасини кўриб чиқиш чоғида операцион харажатларни қоплаш учун ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида тўлов ундирилмайди. У тест имтиҳонини қайта топширганда ҳам тўлов тўламайди, бу тўлов ЭКИҲнинг 1 бараварига тенг эди (тўртинчи тоифали аттестат юридик шахсларнинг соддалаштирилган банкротлиги таомилларини ўтказиш учун берилади).

Ҳужжат билан тўртинчи тоифали аттестат учун талабгорлар билимларини баҳолашда  ижобий жавобларни аниқлаш мезонлари жорий этилди. Бундан буён тест имтиҳони топширишда камида 50% ижобий жавоблар олиш лозим.

Бундан ташқари, қўшимчалар билан Давлат рақобат қўмитаси томонидан аттестатнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 3 йил мобайнида аттестат талабгори тест имтиҳонларини қайта топширишга қўйилмайди деб белгиланди.

 

 

ЭКСПОРТЧИЛАРГА ТАЛАБЛАР ЎЗГАРТИРИЛДИ

 

Вазирлар Маҳкамасининг 21.10.2013 йилдаги 285-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг «Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (29.06.2000 йилдаги 245-сон) ўзгартиришлар киритилди.

Эслатиб ўтамизки, Президентнинг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (8.08.2013 йилдаги ПҚ–2022-сон) билан қарор ижроси юзасидан ўзгартиришлар киритилди ҳамда ташқи савдо операцияларини амалга оширишга талаблар белгиланди. Шундай қилиб, марказлаштирилган экспорт­ни амалга оширувчи экспортчилар учун экспорт операциялари бўйича тушум тушиши ёки қайта олиб кириш муддати товарлар, ишлар ва хизматлар амалда экспорт қилинган кундан бошлаб 90 кундан деб белгиланди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт контрактини суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлганда олдиндан тўламасдан, аккредитив очилмасдан ёки кафолатсиз тушум тушиши ёки қайта олиб кириш муддати билан 180 кун мобайнида товарлар, ишлар ва хизматларни хорижий валютага экспорт қилишга ҳақлидирлар. Марказлаштирилмаган экспортни амалга оширувчилар учун ушбу муддат 60 кундан иборат.

Мазкур ҳуқуқлар, шунингдек жарима санкциялари қўлланиладиган шартларга ўзгартиришлар киритилмади, улар Вазирлар Маҳкамасининг 245-сон қарорида ўз аксини топди ва қарорнинг 4-бандида кўрсатиб ўтилди.

 

 

СУДЛАР: ИШ ҲАЖМИ КАМ БЎЛСА...

 

Президентнинг 4.10.2013 йилдаги ПФ-4570-сон Фармони билан туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

Ҳужжатда туманлараро, туман (шаҳар) судлари сонини ошириш, иш билан бандлигини мақбуллаштириш ва фаолиятини янада такомиллаштириш назарда тутилган. Ўзгартиришлар судларнинг иш юкланмаси ҳақидаги маълумотларга асосланган. Шуни таъкидлаш муҳимки, ҳужжатда авваламбор фуқаролик ҳуқуқий муносабатларида аҳолининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишларини таъминловчи фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятини мақбуллаштириш ҳақида сўз бормоқда.  Фуқаролик ишлари бўйича қуйидаги 12 та янги туманлараро (туман) суди тузилади: Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ, Қашқадарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Касби ва Яккабоғ, Жиззах вилояти фуқаролик ишлари бўйича Фориш ва Ғаллаорол, Навоий вилояти фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман судлари ва ҳ.к.

Янги тузилаётган фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судларини тўлдириш ҳамда иши энг кўп бўлган амалдаги туманлараро (туман) судлари ходимларининг сонини кўпайтириш учун фуқаролик ишлари бўйича судлар судьяларининг сони 71 тага кўпайтирилади. Иш ҳажми камроқ бўлган судлардаги 23 та штат лавозими иш ҳажми кўпроқ бўлган судларга ўтказилади.

Олий суд тузилмасида унинг ходимлари умумий сони доирасида Судлар ташкилий фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Ахборот-таҳлил бўлими тузилади. Бошқарма зиммасига судларнинг ижро интизоми, ишларни ўз вақтида кўриб чиқиши устидан назорат қилиш вазифалари, шунингдек судлар ташкилий фаолиятини, фуқаролар муро­жаатларини кўриб чиқишга доир ишларини такомиллаштириш, кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва уларнинг малакасини оширишга доир ишларни амалга ошириш функциялари юклатилади. Ахборот-таҳлил бўлими судлар фаолиятини тизимли тарзда ўрганиб бориш ва умумий юрисдикция судларидаги судлов ишларининг аҳволи тўғрисидаги материалларни Олий суди Пленуми, Раёсати муҳокамасига йилнинг ҳар чорагида киритиш вазифалари унинг зиммасига юклатилади.

Шунингдек фуқаролик ҳамда жиноят ишлари бўйича вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда суд амалиёти ва статистикаси таҳлили бўлимлари тузилади.

 

 

КИЧИК КОРХОНАЛАРГА 20 ЭКИҲни ИНКАССАЦИЯ ҚИЛИШЛАРИГА РУХСАТ БЕРИЛАДИ

 

Марказий банк бошқаруви қарори (АВ томонидан 14.10.2013 йилда 622-5-сон билан рўйхатдан ўтказилган) қарори билан Марказий банк томонидан банк қонунчилиги ва банк фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни бузганликлари учун тижорат банкларига нисбатан қўлланиладиган чора ва санкциялар тўғрисида низомга ўзгартиришлар киритилди.

Ўзгартиришлар жисмоний шахслардан валютани сотиб олиш ва сотиш операцияларини амалга ошириш тартибини, шунингдек оқибатида банкларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланиладиган конверсион операциялар бўлими ҳамда айирбошлаш шохобчаси ходимларига қўйиладиган талабларни бузиш ҳолатлари рўйхатига дахл қилди. Эслатиб ўтамизки, айтиб ўтилган рўйхат қабул қилинган ва кейинчалик ўз кучини йўқотган қонун ҳужжатлари,  масалан, Айирбошлаш шохобчаси тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2183, 17.01.2011 йил; МБ бошқарувининг АВ томонидан 20.03.2013 йилдаги 2183-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори кучга кириши билан ўз кучини йўқотди) қоидаларига мувофиқ шакллантирилган эди.

Банкларга нисбатан жарима санкциялари ўзгармади – тартиб бузиш ҳолатларида ҳар бир ҳолат учун устав капитали ўрнатилган энг кам миқдорининг 0,01 фоизи миқдорида, бироқ устав капитали ўрнатилган энг кам миқдорининг 0,1 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима ундирилади.

Санкциялар ваколатли банкларда жисмоний шахс­лар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 2437, 20.03.2013 йил) ҳамда Ваколатли банкларнинг конверсион операциялар бўлими ҳамда айирбошлаш шохобчаси ходимларига қўйиладиган малакавий талаблар, уларни ишга қабул қилиш ва ротацияси регламентида (рўйхат рақами 2415, 25.01.2013 йил) келтирилган талаб­лар бузилган тақдирда қўлланилади.

Санкциялар қўлланиладиган тартиббузарликлар сирасида қуйидагилар ҳам бор:

Ваколатли банклар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда белгиланган нақд миллий валютага чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш курслари тўғрисида ваколатли банклар раҳбарларининг буйруғи мавжуд бўлмаганда;

конверсион бўлимда тўлов терминаллари, ҳисоблаш техникаси, тегишли дастурий таъминотга эга Банклараро ягона электрон тизимга уланган компьютер техникаси, телефон алоқаси, ёнмайдиган темир шкаф (сейф), зарур норматив ҳужжатлар ва маълумотнома материаллари, ёнғин хавфсизлиги сигнализацияси ва видеокузатув камералари бўлмаганда;

ваколатли банк раҳбарининг конверсион бўлимда кун давомида нақд пулсиз чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш миқдори кўрсатилган буйруғи мавжуд бўлмаганда.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ банк (фи­лиал) кассасига шу банкнинг (филиалнинг) мижозлари бўлган хўжалик юритувчи субъектлардан бевосита ўзи олиб келиб топшириш (самонос) йўли билан нақд пул маблағларини қабул қилганлик ҳолларида банкдан ҳар бир аниқланган ҳолат учун, кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлар нақд пул тушумини самонос йўли билан асосий ҳисобрақам очилган банкка (банк филиалига) топширган ҳолларда банкдан жарима ундирилмайди. Бунда топшириладиган тушум миқдори энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан кам бўлиши керак.


 

ҲОСИЛ МЎЛ БЎЛСА, ИМТИЁЗЛАР ҲАМ КЎПАЯДИ

 

Қишлоқ ва сув хўжалиги, Молия ва Иқтисодиёт вазирликларининг қарори (АВ томонидан 18.10.2013 йилда 2518-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Пахта хом ашёсини етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унда белгиланишича, ҳисобот йилида пахта хом ашёсини етиштиришда камида 20 гектар майдонда 40 ц/га дан ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликлари қуйидаги имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи сертификат олиш имкониятига эга бўладилар:

хўжалик ер участкасида бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини экиш;

агротехник тадбирларни амалга ошириш учун таъминотчи ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шарт­нома тузиш орқали экилган экин тури учун дизель ёқилғиси ва минерал ўғитларни олдиндан 100 фоиз тўловни амалга оширган ҳолда харид қилиш;

туман (шаҳар) ҳокимлиги захирасидаги ер майдонлари бўйича ўтказиладиган танловларда 10 баллгача олиш;

қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш учун тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олиш;

“Женерал Моторс Ўзбекистон” ЁАЖда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллардан биттасини депозит ҳисобварағидан пул маблағларини ўтказиш йўли билан навбатсиз харид қилиш;

қишлоқ жойларида қурилаётган намунавий уй-жойлардан бирини навбатсиз харид қилиш;

суперэлита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етказиб бериш бўйича танловда барча шартлар бўйича тенг балл тўпланган ҳолларда устуворликка эга бўлиш.

Фермер хўжаликлари ушбу имтиёзлардан бир йилда бир марта фойдаланиши мумкин. Масъул бўлган ташкилотлар сертификат эгаси уларга мурожаат этган кундан бошлаб 3 ой давомида имтиёз­ларни тақдим этишлари лозим.

Низомда сертификат олиш тартиби ҳам назарда тутилган.

Қарор 21.10.2013 йилдаги 42 (594)-сон “Ўзбе­кистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўп­лами”да расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристимиз

Елена ЕРМОХИНА тайёрлади. 

Прочитано: 4066 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика