Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 14 / Амалиёт

Инвестор ҳам ҳимояга муҳтож

Президентимизнинг 2012 йил 10 апрелдаги «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4434-сон Фармони билан прокуратура органларига хорижий инвесторларнинг, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва кафолатларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари сўзсиз риоя этишлари устидан қаттиқ назорат ўрнатиш ҳамда қонун бузилишининг олдини олиш ва айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш вазифаси юклатилди.

Мазкур Фармон билан хорижий инвесторлар учун қонунчиликда белгиланган барча имтиёз, кафолат ва преференцияларнинг ягона рўйхати тасдиқланди.

Натижада бизнинг Наманган вилояти иқтисодиётига ҳам инвестиция киритиш истагини билдираётган хорижий инвесторлар йилдан-йилга кўпайиб, айни пайтда улар сони 69 тага етди. Вилоятда бугунги кунда 61 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, шундан 7 таси биргина ўтган 2012 йилнинг ўзида ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, вилоятимизда ҳар йили 14,8 млн АҚШ долларидан кўпроқ миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилмоқда, яъни бу ви-лоят иқтисодиётига киритилаётган инвестициялар умумий ҳажмининг қарийб 4 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Хорижий инвестициялар, асосан, транспорт ва алоқа, енгил саноат, қурилиш материаллари саноати, соғлиқни сақлаш, машинасозлик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда ўзлаштирилмоқда.

Шунга қарамай, ҳали мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланилаяпти деб бўлмайди. Мисол учун, ўтган йил якунларига кўра, хорижий инвестиция иштирокидаги 8 та корхона фаолият кўрсатмаяпти. Бунинг асосий сабаби айрим маҳаллий ҳокимлик ва тегишли давлат бошқаруви органлари томонидан ушбу корхоналарнинг муаммолари чуқур ўрганилмаган ва уларга ёрдам бериш имкониятлари тўлалигича изланмаган.

Бундан ташқари, вилоят прокуратураси органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида жойлардаги давлат бошқаруви органлари, солиқ, банк идоралари ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш, уларга турли бюрократик тўсиқлар яратиш, фаолиятига асоссиз аралашиш каби бир қатор қонунчилик бузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги ҳам кузатилган. Масалан, 18 ҳолатда тадбиркорларнинг фаолиятига ноқонуний аралашилганлиги, 23 ҳолатда тадбиркорлардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилинганлиги аниқланган. Ҳокимлик ва назорат органларининг 66 та ноқонуний қарорлари прокурорларнинг протестлари асосида бекор қилинди. Давлат бошқаруви органлари томонидан ўз вақтида кўриб чиқилмаган 47 та мурожаат тегишли тартибда ҳал этилган. Натижада 234 тадбиркорлик субъектининг, шу жумладан хорижий инвесторларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича тегишли прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Хусусан, қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 35 та тақдимнома киритилиб, ноқонуний қарорларга нисбатан 74 та протестлар келтирилди, 75 нафар шахс интизомий, 13 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиб, етказилган 141 млн сўм зарарни ундириш бўйича судларга 12 та даъво аризалари киритилди. Қўпол қонунбузилиш ҳолати юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, прокуратура органлари хорижий инвесторларнинг мурожаатлари бўйича ҳам уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашни таъминлашмоқда. Масалан, «Goodwill-KBNP» қўшма корхона таъсисчиси, Жанубий кореялик инвестор Банг Ён Квоннинг қўшма корхона директори Э.Тўйчиевнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаси бўйича ўтказилган текширишда Э.Тўйчиев корхонанинг 129,2 млн сўмлик мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланди. Унга нисбатан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Шунингдек, текширишлар жараёнида назорат органлари мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектларидан ортиқча йиғимлар ундириши ҳолатлари ҳам аниқланган. Масалан, вилоят божхона бошқармаси «MRT Textile» хорижий корхонаси импорт қилган 3 турдаги маҳсулоти учун 700 минг сўм ортиқча бож тўловларини ундирган. Худди шунингдек, импорт қилинган маҳсулотлар учун «Guli Farm» МЧЖдан 4 млн сўм, «Nestle Uzbekistan» МЧЖдан 400 минг сўм бож тўловлари ортиқча ундирилганлиги аниқланиб, бу маблағларнинг тадбиркорлик субъектларига қайтариб берилиши таъминланди.

Мазкур қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан божхона ходимлари интизомий жавобгарликка тортилди.

Абдурасул ҒОФУРОВ,

 Наманган вилоят прокуратураси Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи.

Прочитано: 2624 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика