Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 14 / Солиқ солиш

Чет эллик декларация топширади

Бизнинг корхонамизда 1 йилдан ортиқ вақт мобайнида Корея Республикасининг фуқароси ҳисобланган 9 нафар жисмоний шахслар меҳнат шартномаси асосида фаолият юритиб келади, корхонамиз уларнинг асосий иш жойи ҳисобланади.

Шаҳар давлат солиқ органлари бу ходимларнинг жами даромадлари тўғрисидаги декларация муддатида, яъни 1 апрелга қадар топширилмаганлигини рўкач қилиб, бизни қонунбузарликка йўл қўйилганликда айблашмоқда. Шу тўғримии?

Ушбу йўналишда иш юритиш қоидалари ва чет эллик жисмоний шахсларнинг даромадларига солиқ солиш бўйича бизга тушунтириш берсангиз.

Доимий ўқувчингиз.

Бухоро шаҳридаги МЧЖ бухгалтери.

– Солиқ кодексининг (СК) 19-моддасига кўра, солиқ солиш мақсадида Ўзбекистонда доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликда 12 ойлик давр ичида жами 183 кун ва ундан ортиқ муддат республикамизда турган жисмоний шахс Ўзбекистон резиденти деб эътироф этилади. Ушбу қоидада белгиланган мезонларга жавоб бермайдиган шахс Ўзбекистон Республикасининг норезиденти деб эътироф этилади.

 Норезидент жисмоний шахсларнинг даромадларига СК 182-моддасининг ставкалари бўйича, яъни меҳнат шартномалари бўйича олинган даромадларга 20% ставка бўйича солиқ солинади (СКнинг 168-моддаси).

СКнинг 192-моддасига кўра чет эллик жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикасининг резиденти белгиланган тартибга мувофиқ солиқ солиниши лозим бўлган даромад келтираётган фаолиятини календарь йили ичида тугатган ва республикамиз ҳудудидан ташқарига чиқиб кетаётган бўлса, унинг мамлакатимизда турган вақтда жорий солиқ даврида ҳақиқатда олган даромадлари тўғрисидаги декларация мазкур жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетишидан 1 ой аввал тақдим этилиши лозим. Агар чет эллик жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикасининг резиденти жорий йилнинг 1 февралига қадар доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетаётган бўлса, жорий йил учун даромадлар бўйича декларация тақдим этмайди.

Саволингиздан келиб чиқиб, агар ходимларингиз (чет эллик шахслар) 2012 йилда жами 183 кун ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистонда турган бўлсалар, ҳақиқатан ҳам улар Ўзбекистон резиденти ҳисобланади. Ўз навбатида, республикамиз резидентига айланган чет эллик жисмоний шахслар белгиланган тартибда ва муддатларда даромадлари тўғрисида декларация тақдим этадилар.

Декларация асосида солиқ солинадиган даромадларга Ўзбекистон Республикаси резидентларининг қуйидаги даромадлари киради:

– мулкий даромадлар, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса;

– фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлар;

– асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлар;

– икки ёки ундан кўп манбадан олинган солиқ солинадиган даромадлар;

– Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар;

– солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар (СКнинг 189-моддаси).

Агар солиқ тўловчининг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадларидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи унинг аризасига кўра белгиланган энг юқори ставка қўлланилган ҳолда ушлаб қолинган бўлса, даромадлар тўғрисида декларация тақдим этилмайди.

СКнинг 192-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган чет эллик жисмоний шахс ўтган солиқ даври учун даромадлар тўғрисида жорий йилнинг 1 апрелигача декларация тақдим этиши керак.

Агар солиқ тўловчи даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаган бўлса, давлат солиқ хизмати органи ўзидаги мавжуд маълумотлар асосида солиқ суммасини энг юқори ставка бўйича ҳисоблашга ва тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси тўғрисида билдиришнома топширишга ҳақлидир. Солиқ тўловчи томонидан жами йиллик даромади тўғрисида декларация тақдим этилган тақдирда, солиқнинг якуний суммаси ушбу декларация ҳисобга олинган ҳолда аниқланади.

Жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикасининг резидентлари даромадлар тўғрисидаги декларациянинг маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқарилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлайдилар.

Шу билан бирга, жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғини хорижий давлатда жойлашган банк ҳисобварағидан чет эл валютасида тўлаши мумкин. Бунда жисмоний шахслардан олинадиган, миллий валютада ифодаланган солиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича чет эл валютасида қайта ҳисоблаб чиқилади.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисоблаб чиқариладиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тўлов хабарномасида кўрсатилган муддатларда амалга оширилиши керак (СКнинг 193-моддаси).

Шуни қайд этиш лозимки, СКнинг 194-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эллик жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳисобга олинган ҳолда, СКга мувофиқ солиқ солинади.

Чет эллик жисмоний шахслар билан битимлар тузиш чоғида бундай битимларнинг шартларига Ўзбекистон Республикасида фаолиятни амалга оширадиган солиқ тўловчилар ҳамда бошқа шахслар чет эллик жисмоний шахсларнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича харажатларини ўз зиммасига олишини назарда тутадиган солиқ ҳақидаги изоҳлар киритилишига рухсат берилмайди.

Чет эллик жисмоний шахснинг – Ўзбекистон Республикаси резидентининг даромадларига белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.

Жавобни экспертимиз

Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ

тайёрлади.

Прочитано: 1697 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика