Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 14 / Тадбиркорлик

Хорижий юридик шахсни ташкил этамиз

Ўзбекистонда хорижий юридик шахсни қандай ташкил этиш мумкин? Бу қайси меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади? Хорижий юридик шахснинг филиали билан ваколатхонаси ўртасида қандай фарқлар бор?

Е.Данилова.

 

Газетхонимизнинг саволларига Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги юридик бошқармасининг бошлиғи Алишер КАРИМОВ жавоб беради.

– «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонунга (30.04.1998 йилдаги 609-I-сон) биноан чет эл давлатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил топган ва фаолият кўрсатиб келаётган юридик шахслар Ўзбекистон Республикасида чет эллик инвесторлар бўлиши мумкин. Улар чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ташкил этишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ўзларига берилган барча ҳуқуқлар, кафолатлар ва имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин.

Президентнинг «Хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган қўшимча рағбатлантириш омиллари ва имтиёзлар тўғрисида» Фармони (30.11.1996 йилдаги ПФ-1652-сон) билан белгиланишича, қуйидаги шартларга жавоб берадиган корхоналар хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар жумласига киради:

– корхонанинг низом жам-ғармаси 150 минг АҚШ долларига тенг суммадан кам бўлиши мумкин эмас;

– корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шарт;

–            хорижий сармоялар улуши корхона низом жамғармасининг камида 30%ини ташкил этиши зарур. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона республика ҳудудида ўз ваколатхоналари ва филиалларни ташкил этиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 47-моддасига биноан ваколатхона бўлиб юридик шахснинг у турган ердан ташқарида жойлашган, юридик шахс манфаатларини ифодалайдиган ва уларни ҳимоя қиладиган алоҳида бўлинмаси ҳисобланади. Филиал эса юридик шахснинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан ваколатхона вазифаларини бажаради. Бунда ваколатхона ва филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди.

–            Маълумот учун! Ўзбекистондаги инвестиция фаолиятини 50 дан ортиқ меъёрий ҳужжат тартибга солади. Уларнинг асосийлари «Чет эл инвестициялари тўғрисида», «Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида» ва «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонунлардир. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон 53 давлат билан инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида ва 51 давлат билан икки ёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида шартномалар имзолаган. Мамлакатимизда қулай инвестиция иқлими яратилган, инвестиция фаолиятини рағбатлантирувчи меъёрий база такомиллаштириляпти.

 

Чет эл корхонасини рўйхатдан ўтказиш

Президентнинг «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига (24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон) мувофиқ 2006 йилнинг 1 сентябридан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олишнинг хабардор қилиш тартиби ўрнатилди. У 2 иш кунидан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисида низомнинг (Президентнинг ПҚ-357-сон қарори билан тасдиқланган) 3-бандига биноан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни давлат солиқ хизмати ва давлат статистика органларида ҳисобга қўйиш билан бир вақтда хабардор қилиш тартибида давлат рўйхатидан ўтказишни Тошкент шаҳрида Адлия вазирлиги; Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва вилоятлар адлия бошқармалари амалга оширадилар.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни хабардор қилиш асосида давлат рўйхатидан ўтказганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари ва 500 АҚШ доллари миқдорида давлат божи тўланади. Шундан сўнг у тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши ва банкда ҳисобрақамини очиши мумкин.

 

«Чет эллик»ка имтиёзлар

Республика қонун ҳужжатлари билан чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун кафолатлар, имтиёзлар ва преференцияларнинг кенг тизими барпо этилган. Хусусан, Президентнинг «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармони (10.04.2012 йилдаги ПФ-4434-сон) билан бир қатор янги имтиёзлар белгиланган. Чунончи, хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган солиқларни тўлашга ҳақлидирлар.

Ўрнатилган тартибга мувофиқ қиймати 50 млн АҚШ долларидан ошадиган ва хорижий инвесторнинг улуши камида 50% бўлган инвестиция лойиҳалари доирасида, ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш бюджет маблағлари ҳамда бошқа ички молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилади.

Тендер савдоларини ўтказиш бўйича Давлат комиссиясига хорижий инвесторларнинг буюртманомалари бўйича хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни барпо этиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг балансида бўлган паст ликвидли объектларни аниқ инвестиция мажбурияти остида инвестор билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан танлов ўтказмасдан «ноль» харид қиймати бўйича сотиш ҳуқуқи берилган.

Шунингдек ТИВ ва ИИВга вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг буюртманомалари бўйича хорижий компанияларнинг раҳбарлари ва мутахассисларига 12 ой муддат билан кириш визалари ҳамда кўп марталик визалар расмийлаштирилишини таъминлаш топширилган.

Президентнинг «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

Фармони (11.04.2005 йилдаги ПФ-3594-сон) билан белгиланган солиқ имтиёзлари 2012 йилнинг II чорагидан бошлаб корхоналарни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини истисно қилган ҳолда, республиканинг барча минтақаларида жойлаштириш ва фаолиятини қу-йидаги тармоқлари ва соҳаларида: электроника, енгил саноат, машинасозлик, кимё ва нефть-кимё саноати, мева-сабзавот маҳсулотини қайта ишлаш, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва бошқа тармоқларда амалга ошириш шарти билан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга татбиқ этилади.

 

Ваколатхона тўғрисида

Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон  Республикаси  ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартиби ва уларнинг фаолияти тўғрисида низомга (ВМнинг 23.10.2000 йилдаги 410-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) кўра хорижий фирмалар Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини унинг ҳудудида ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида очишлари мумкин. Ваколатхоналар юридик шахс ҳисобланмайди ва хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайдилар.

Ваколатхоналарни очиш уларни Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида (кейинги ўринларда – аккредитация қилувчи орган) аккредитация қилиш йўли билан хорижий фирманинг аризаси асосида амалга оширилади. Унда хорижий фирма фаолияти тўғрисида маълумотлар, унинг Ўзбекистон Республикаси корхоналари ва ташкилотлари билан амалий ва бошқа турдаги алоқалари, бажарилишига ваколатхона кўмаклашадиган тузилган шартномалар ва битимлар тўғрисида маълумотлар; ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари; ваколатхонани очишга рухсатнома сўраладиган муддат кўрсатилади.

Аризага рўйхати Низомнинг 11-бандида кўрсатилган бир қатор ҳужжатлар илова қилинади. Улар рўйхатдан ўтказилган мамлакатдаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасасида, у мавжуд бўлмаган тақдирда эса, хорижий фирма рўйхатдан ўтказилган давлатнинг Ташқи ишлар вазирлигида, мазкур мамлакатнинг Ўзбекистон Республикасидаги консуллик муассасасида ёки дипломатик ваколатхонасида белгиланган тартибда қонунлаштирилиши, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бошқармасида тасдиқланиши керак. Ҳужжатлар нотариал тасдиқланган давлат ёки рус тилидаги таржимаси билан тақдим этилади. Агар ҳужжатларга апостиль қўйилган бўлса, уларни легаллаштириш талаб этилмайди.

Ваколатхонани аккредитациядан ўтказганлик учун эркин алмаштириладиган валютада тўлов ундирилади, уни хорижий фирма Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилган миқдорда аккредитация қилувчи орган ҳисобига ўтказади.

Аризани ва илова қилинадиган ҳужжатларни кўриб чиқиш ҳамда аккредитация қилишга рухсат бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ариза берилгандан кейинги кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида амалга оширилади. Аккредитация қилувчи орган аккредитация қилиш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб 3 кун мобайнида бу ҳақда аризачига ёзма равишда хабар қилади.

Ваколатхона уни очишга рухсатнома (аккредитация тўғрисида сертификат) берилган кундан бошлаб аккредитация қилинган ҳисобланади. Бундан ваколатхона аккредитация қилиш тўғрисидаги сертификат олингандан кейин 10 кун муддатда аккредитация қилувчи органга ўзининг почта манзили тўғрисида ёзма билдиришнома тақдим этишга ҳамда ваколатхонани жойлашган жойдаги солиқ органларида ҳисобда туришга ва унинг ҳисобга қўйилгани тўғрисида аккредитация қилган органга маълумотнома тақдим этишга мажбурдир.

Шуни қайд этиш керакки, ваколатхона ходимлари ҳам хорижий фуқаролардан, ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан иборат бўлиши мумкин. Ваколатхонага ишга қабул қилинган хорижий фуқаролар аккредитация қиладиган органда аккредитация қилиниши керак. Бунинг учун ваколатхона аккредитация қилувчи органга вакил қилинган шахс (ваколатхона бошлиғи ёки хорижий фирма раҳбари) томонидан имзоланган ёзма ариза беради.

Аккредитация қилувчи орган томонидан шахсий аккредитация карточкасини бериш ариза берилган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида амалга оширилади.

Аккредитация қилинган хорижий ходимлар фақат аккредитация қилинган ваколатхонада Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг рухсатномасини олмасдан меҳнат фаолиятини амалга оширишга ҳақлидирлар.

Жавобларни махсус

мухбиримиз

Гулнора АБДУНАЗАРОВА ёзиб олди.

Прочитано: 7039 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика