Ўзбекистонда кутилаётган реновация эски уйлар ўрнига янгиларини қуришни назарда тутади. Бироқ хориж тажрибасига кўра, бузмасдан ҳам янгилаш мумкин. Бу экотизимларни сақлаб қолади, аҳоли манфаатларини ҳисобга олади, жамиятнинг ривожланганлик даражасини кўрсатади, деб ёзади меъмор Равшан Салимов.
Замонавий шаҳарсозликда реновация шаҳар қурилишини янгилаш ва такомиллаштириш бўйича махсус шаҳарсозлик дастури сифатида муҳим аҳамиятга эга – худди транспорт хизмати, ўсиб бораётган демография, яшаш қулайлиги тўғрисидаги эски тушунчаларни замонавийлари билан алмаштириш муаммоларига тўқнаш келаётган шаҳарни режалаштириш сингари.
Шаҳар тирик тўқимадек мунтазам ўсиб боради ва қиёфаси ўзгаради, шу нуқтаи назардан, ўзининг таркибий ва ҳудудий ўсишини доимий равишда тузатиш, шаҳар ҳудудларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, шаҳар муҳитини ободонлаштириш ва қулайлаштиришга эҳтиёж сезади.
Яқин вақтларгача маҳаллий шаҳарсозликда шаҳар тўқимасини янгилаш ва қиёфасини ўзгартириш жараёни реконструкция деб аталган. Меъёрий ҳужжатларда атама тўғри талқин қилинганига қарамай, амалда янгиланиш асосан бузиш ва янгитдан қуриш орқали амалга оширилган. Ушбу кенг кўламли жараёнларда бошқа усуллар кўриб чиқилмаган ва қўлланилмаган (энг камида Ўзбекистон ҳудудида). Яқин-яқингача, реконструкция ўрнига «реновация» сўзи тобора кўпроқ ишлатила бошлагунга қадар, шундай бўлиб келди. Реновация нафақат мавжуд биноларни алмаштиришни, балки уларни сақлаб қолиш ва янгилашни, замонавий шаҳар шароитида модернизация қилинган бинолардан тўлақонли фойдаланиш имкониятини яратишни ҳам назарда тутади.
2017 йилдан бошлаб Москвада кенг кўламли дастур энди реконструкция эмас, балки реновация деб эълон қилинди. Унинг асосий вазифалари этиб қуйидаги чора-тадбирлар воситасида шаҳар ҳудудларини оптималлаштириш белгиланди:
• 1960 йиллар бошида қурилган эски 4−5 қаватли панель қурилишларни янада кўпроқ «сиғимли» – 9−16−20 қаватли юқори қулайликка эга бинолар билан алмаштириш;
• иқтисодий қайта қуриш ва давлат иқтисодиётини қайта ихтисослаштириш даврида 1990 йиллардан кейин ўз фаолиятини тўхтатган собиқ саноат корхоналари ҳудудларини реновация қилиш.
Черемушки, Чертаново, Кунцево, Люблино турар жой туманлари, Лихачёв номидаги автозавод (АЗЛК), Москва электромеханика заводи (МЭМЗ), «Полёт» Биринчи соат заводи – бу сифатли қайта қуриш ва мегаполиснинг самарали фойдаланиладиган маконига қайтарилиши керак бўлган турар жой туманлари ва корхоналарининг тўлиқ бўлмаган рўйхати.
Ўзбекистонда 2023 йили эълон қилинган реновация дастурида Россияда қўлланилган дастурдаги билан тахминан бир хил мақсадлар кўзланган:
• биринчи мақсад – 1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейин оммавий равишда жорий этилган бир-икки қаватли эскирган фондни, шунингдек, тўрт-беш қаватли конструктив ва маънан эскирган панелли биноларни алмаштириш;
• иккинчиси – ТАПОиЧ авиация корхонаси, Экскаватор заводи, ТошСельМаш, Агрегат заводи ва бошқалар каби ўз фаолиятини тўхтатган йирик саноат ва омборхона ҳудудларини қайта форматлаш.
Хорижий мамлакатларда реновация каби лойиҳалаш турининг юқори даражадаги самарадорлиги ва кенг тарқалишига эришилган. Бунга инновацион технологияларнинг қурилишга кенг татбиқ этилиши, реновация қурилиши соҳасида инвестиция сиёсатини белгилайдиган ва рағбатлантирадиган пухта ўйланган ҳуқуқий ва иқтисодий воситаларнинг мавжудлиги, ишларни бажариш тартиби ва қоидаларининг мавжудлиги ёрдам берди. «Реновация» атамасининг ўзи хорижда кўп турли маъноларни англатувчи вариантларга эга бўлди: ревитализация, гентрификация ва бошқалар. Бу вариациялар реконструктив аралашувнинг бир хиллигидан фарқли ўлароқ, реновацион аралашувнинг мураккаблиги ва хилма-хиллигини акс эттиради.
Ўзбекистонда реновация лойиҳаларини ишга туширишга эндигина тайёргарлик кўрилмоқда, уларнинг институционал ва инвестициявий базаси такомиллаштирилмоқда. Шунинг учун ҳозир мавжуд шаҳар муҳитига киритилган ўзгаришлар даражасига қараб, реновация лойиҳалари ўртасидаги фарқларга бироз аниқлик киритиш керак. Реновациянинг қуйидаги икки асосий турига тўхталиб ўтамиз:
• анъанавий бузиш ва ҳудудни янги қурилиш учун тўлиқ бўшатиш орқали янгилаш;
• бузмасдан, биноларни чуқур модернизация қилиш ва янгилаш орқали фасад архитектурасини сифатли қайта ишлаш ва қулайликни ошириш учун ички планировкани ўзгартириш.
«Бузиб ташлаш орқали реновация» тушунчасида, ўтган асрнинг 60−70 йилларида республика пойтахти 1966 йилги зилзиладан кейин қайта тикланганидек, барчага маълум бўлган реконструкция амалиётидан принципиал фарқлар йўқ. Биноларни модернизация қилиш ва янгилаш орқали амалга ошириладиган «бузишларсиз реновация» эса шаҳар муҳитини ўзгартиришнинг мавжуд тушунчалари ва қоидаларида тубдан янги ва мутлақ ижобий ўзгариш бўлиши мумкин.
Бу усулнинг асосий афзалликлари нимада?
1. Мавжуд биноларни модернизация қилиш орқали реновация янги лойиҳа-қурилиш технологияларини ва амалдаги мутахассисларнинг тегишли малакаларини жалб қилишни назарда тутади. Натижада, бу республиканинг бутун лойиҳа-тадқиқот комплекси учун янги компетенция даражасига эришиш имконини беради.
2. Мавжуд биноларни сақлаб қолиш ва модернизация қилиш орқали реновация қилиш харажатлари кўп ҳолларда арзонроқ ёки энг камида бузиш ва янги қурилиш ишлари харажатлари билан бир хил. Шу билан бирга, шаҳар қиёфасини бундай ўзгартириш нафақат атрофдаги ландшафтни қайта қуришга, балки бир неча ўн йилликлар давомида шаклланган яшаш маконининг бошқа функционал-режалаштириш қадриятларига ҳам кўпроқ инсонпарварлик ва тежамкорлик нуқтаи назаридан ёндашиши билан ажралиб туради.
3. Бузмасдан реновация қилиш нафақат кейинчалик фойдаланиш учун яроқли бўлган биноларни, балки уларни ўраб турган яшил қопламани ҳам сақлаб қолишни англатади – бу Ўзбекистоннинг иссиқ иқлими шароитида энг кучли экологик ресурсдир. Яшил фондни шакллантириш учун бир неча ўн йиллар керак бўлади, лекин одатдаги реконструкция жараёни ва бўшатилган ҳудудда янги қурилиш пайтида бу фонд муқаррар равишда йўқ қилинади.
4. Бузмасдан реновация қилиш одамларни «ўрганиб қолган» ва одатий ҳудудларидан янги жойларга кўчиришни назарда тутмайди, янги жойда кўп йиллик маҳалла жамоасининг шаклланган ижтимоий алоқалари ва мустаҳкамлиги йўқолади, бу эса Ўзбекистонда алоҳида анъанавий қадриятга эга.
5. Бузмасдан реновация қилишнинг энг муҳим ютуғи шундаки, у маҳаллий меъморчилик маданиятининг ворисийлигини сақлаб қолиш ва миллий ўзига хослик сифатларини такомиллаштириш имконини беради. Шаҳарсозликка бундай ёндашув меъморий анъаналарнинг бойлигини, уларнинг ўзига хослигини, шунингдек, ушбу анъаналарнинг ривожланишидаги барқарорлик ва келажакдаги ўзгаришини таъминлайди.
Москванинг «Стрелка» архитектура гуруҳи томонидан тайёрланган бир қатор лойиҳалар бузмасдан реновацион лойиҳалаш натижасида турар-жой қурилишини қандай такомиллаштиришга эришиш мумкинлигига яққол мисол бўла олади.
Биз учун реновация республика шаҳарларини қайта қуришда илгари ҳеч қачон қўлланилмаган янги тушунча бўлса, хорижда бу одатий, яхши йўлга қўйилган ва муваффақиятли амалга оширилаётган амалиётдир.
Тахминан 1970 йиллардан бошлаб Швеция, Финляндия, Германия, Чехия, Польша шаҳарларида махсус реновация дастурлари ўтказилди ва ўтказиб келинмоқда. Бу мамлакатларда, Европанинг бошқа кўплаб давлатларида бўлгани каби, ўша давр учун энг янги бўлган тез йиғиладиган панелли уйсозлик технологияси кенг жорий этилган. У деярли бир ой ичида 100 дан 150 кишигача жойлаштирилиши мумкин бўлган 4−5 қаватли уйларни қуриш имконини берган.
Бузмасдан реновация қилиш бўйича чет эл лойиҳаларининг сифат даражаси бир неча ўн йилликлар давомида соф архитектуравий ва шаҳарсозлик нуқтаи назаридан ушбу турдаги лойиҳалаш ва шаҳар муҳитини такомиллаштиришнинг яққол афзалликларини кўрсатиб келмоқда. Замонавийлаштирилган бинолар ташқи ва ички томондан ўзининг дастлабки минималистик кўриниши ва мазмунини сезиларли даражада ўзгартиради. Бундай лойиҳаларни амалга оширишнинг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий самараси Европанинг энг ривожланган мамлакатлари учун мақбул экан, нима учун уни Ўзбекистонда қўллаш мумкин эмас?
Юқоридагилардан кўриш мумкинки, келтирилган лойиҳавий таклифлар Ўзбекистон шароитида мавжуд панелли турар жой қурилиши учун тўлиқ амалга оширилиши мумкин ва реалистик, бу, албатта, ҳашаматли ёки ҳатто бизнес-класс ҳам эмас. Бу арзон, минималистик ва шу билан бирга, етарлича мақбул уй-жой синфи бўлиб, оралиқ ва қулай уй-жойга муҳтож бўлган, ортиқча квадрат метрларга хизмат кўрсатиш жисмонан қийин ёки моддий жиҳатдан қиммат бўлган талабгорларнинг истакларини қондиради. Шу билан бирга, келажакда бундай имкониятга эришгандан сўнг, улар қимматроқ ва қулайроқ майдонга эга бўлишлари мумкин.
Бундай ҳамёнбоп қурилишнинг мақсадли аудиторияси асосан пенсионерлар, ёш оилалар, мигрантлар, релокант мутахассислар ва бошқа гуруҳлар бўлиши мумкин. Қурилиш иқтисодиётидаги етарлича сиғимли сегментлардан бири сифатида хорижий девелоперлик бозори ва лойиҳа-реновацион стратегиялари узоқ вақтдан бери аҳолининг шу қатлами талаблари ва моддий имкониятларига қаратилган.
Ўзбекистонда кузатилаётган демографик ўзгаришлар (аҳоли сонининг тез ўсиши, бозор иқтисодиётининг ривожланиши натижасида янги ижтимоий гуруҳларнинг пайдо бўлиши) таклиф этилаётган девелоперлик маҳсулотларининг хилма-хиллиги ва сифатига тузатишлар киритмоқда. Таклиф аҳолининг аниқ талаблари ва имкониятларига мослаштирилмоқда. Ушбу талаб ва имкониятлар орасида Ўзбекистон учун ноодатий бўлган модернизация қилинадиган қурилиш каби шаҳарсозлик ёндашувлари ҳам бор.
Нотурар жой фонд реновацияси
Хорижий мамлакатларда жамоат, саноат ва бошқа объектларни ноёб функциялар остида реновация қилишга доир мисолларни ҳам кўриб чиқамиз.
Замонавий биноларни тарихий шаҳар тўқимасига сингдириш
Қуйида Германия ва Руминияда ўтказилган реновацияга иккита мисол келтирилган. Булар Европа архитектура амалиётида ғайриоддий ҳодиса эмас, балки аксинча. Ушбу намуналар Европа ва Ўзбекистон меъморлари ўртасидаги касбий тафаккур ва малакадаги улкан тафовутни кўрсатади. Ғарбда тарихий ва маданий меросни имкон қадар сақлаб қолиш ва ундан фойдаланишга интилсалар, биз ундан имкон қадар қутулишга ҳаракат қиламиз. Агар Ўзбекистонда келтирилган суратлардаги каби реконструкция режалаштирилганда, мавжуд биноларнинг сақланиб қолиши ёки янги вазиятга мослашиши учун ҳеч қандай имконият бўлмасди.
Парижнинг Европа ва дунёдаги энг машҳур ўнта музейдан бири ҳисобланмиш Орсе тасвирий санъат музейи Франция пойтахтининг бошқа бир диққатга сазовор жойи – 1900 йилда қурилган худди шу номдаги темирйўл вокзали негизида яратилган. 1940 йилга келиб бу вокзалдан поездлар ҳаракати деярли тўхтагани сабабли, 1970 йиллар бошида уни пойтахт учун аҳамиятини йўқотган объект сифатида бузишга қарор қилинган. Бироқ парижликлар учун бино ўзига хос тарихий-маданий қиймат ва рамзий маънога эга эди, шунинг учун вокзал янги объектга айлантирилди. Музей сифатида бино 1986 йилда очилди.
1970 йиллар бошига келиб Лондондаги Bankside Power Station электр станцияси техник ва экологик сабабларга кўра ёпилди. Британия пойтахтининг ёдгорлик ва мемориал жойларидан бири бўлган бино сақлаб қолинди ва реконструкция қилинди. 2000 йилда бинода Замонавий Тейт галереяси – Британия санъатининг миллий коллекцияси намойиш этиладиган Тейт галереялари гуруҳига кирувчи модернизм ва замонавий санъат галереяси очилди.
Жанубий Африка пойтахтидаги Цайтс замонавий Африка санъати музейи 2017 йил сентябрда дон омбори негизида очилган. Умумий майдони 9 500 квадрат метр бўлган хоналарни қайта режалаштириш лойиҳасини Heatherwick Studio архитектура бюроси ишлаб чиққан. Музейнинг тўққиз қавати умумий кўргазма майдони 6 000 квадрат метрни ташкил этади.
Яқиндагина Россия пойтахтида «ГЭС-2» электр станцияси негизида шу номдаги маданият маркази очилди. Бу лойиҳа Россияда замонавий реновация дизайнининг намунали мисолларидан бири ҳисобланади.
Юқорида келтирилганларга шуни қўшимча қилиш мумкинки, хорижий мамлакатларда бузмасдан амалга ошириладиган реновация лойиҳалари нафақат эскирган турар жой биноларини янгилаш (такомиллаштириш) муаммоларига, балки эҳтиёж йўқолган йирик саноат, омбор, транспорт ва бошқа объектларни бошқа мақсадларга мослаштириш масалаларига ҳам тааллуқли.
Мана, Ўзбекистонда фойдаланиш мумкин бўлган шундай муваффақиятли, чинакамига юқори даражали ва жаҳон миқёсида эътироф этилган мисолларнинг қисқача шарҳи. Бу республика меъморчилик касбини аллақачон янгилик ҳисобланмайдиган намуналарни кўр-кўрона нусхалаш ва ўзлаштириш йўлидан эмас, балки умумжаҳон ва илғор йўналишда ривожлантираётганимизнинг тасдиғи бўларди. Бундай лойиҳалар бизнинг тарихий меросни қадрлашимизни, уни янги архитектура билан уйғунлаштира олишимизни ва ҳар қандай юқори даражада ривожланган жамият ва унинг меъморчилик маданиятини, баландлиги ва кўлами бўйича рекорд даражадаги кўплаб осмонўпар биноларга эга бўлишига қарамай, камроқ ривожланган жамиятлардан ажратиб турадиган шаҳар маконининг юксак уйғунлигини ярата олишимизни кўрсатиб бериши мумкин эди.
Шиша минорали шаҳарни исталган чет эллик қурувчи қуриши мумкин, лекин дунёнинг барча ривожланган мамлакатлари намунасида ўзининг мероси ва замонавийлигини умумлаштирган ҳақиқий ва ўзига хос архитектурани ўзимиздан ва бунинг учун тайёрланган мутахассислардан бошқа ҳеч ким ярата олмайди.
gazeta.uz.