Яқин вақтда пойтахтда турар жойларда ичимлик сувини электрон ҳисобга олиш ва назорат қилиш асбоб-ускуналарини оммавий ўрнатиш бошланади. Бу ҳақда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» компанияси хабар берди. Турар жой фондини замонавий ҳисоблагичлар билан жиҳозлаш Президентнинг 18.11.2022 йилдаги ПҚ-428-сон қарори билан тасдиқланган «Тошкент шаҳри ичимлик сув таъминоти ва оқава сув тизимини трансформация қилиш» лойиҳаси доирасида ўтади.
Ҳужжатга мувофиқ, пойтахтнинг ичимлик сув таъминоти ва оқава сув тизими соҳасини такомиллаштириш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи ягона тизим жорий этилмоқда:
• юридик шахслардан ташқари истеъмолчиларнинг барча тоифалари учун ичимлик сув истеъмолининг назорати ва ҳисобини юритиш бўйича масофадан маълумот узатувчи «ақлли» ҳисоблагичларнинг тўлиқ ўрнатилиши;
• ичимлик сув таъминоти ва оқава сув тизимлари объектларига оид барча зарур маълумотларни киритиш, сақлаш, даврий равишда янгилаш ва реал вақт режимида мониторинг қилиш бўйича ягона ахборот тизимининг жорий этилиши;
• ичимлик сув таъминоти ва оқава сув тизими истеъмолчиларининг тўловлари ва ҳисоби маълумотлари республика ягона биллинг тизимининг жорий этилиши ва унга тўлиқ интеграция қилиниши.
Лойиҳани амалга оширишдан кутилаётганлар орасида – ичимлик сув таъминоти тизимидаги йўқотишларни 12%га камайтириш.
Лойиҳани «Ўзсувтаъминот» компанияси француз Suez компанияси билан биргаликда амалга оширади. Унинг ишга туширилиши 2025 йилнинг III чорагида пойтахтнинг Янгиҳаёт туманидан бошланиши мўлжалланган. «Ақлли» ҳисоблагичларни ўрнатиш 5 йил давомида 670 минг турар жойларда ўтказилади. Уларни ишлаб чиқариш «Технопарк» базасида йўлга қўйилган. Ҳисобга олиш асбоб-ускуналарини ўрнатишда ишлаб чиқарувчи 5 йилга сифат кафолатини беради, агар бу давр мобайнида уларнинг носозлиги юз берса, бепул таъмирлашни таъминлайди. Маҳаллаларда аҳолига ҳисоблагичларни ўрнатиш билан боғлиқ масалаларни тушунтириш бўйича вақтинчалик штаблар ташкил этиш режалаштирилган.
Бизга ваъда қилинаётганидек, замонавий рақамли технологиялар ичимлик сувининг истеъмолини самарали назорат қилиш ва мониторинг қилишни таъминлашга имкон беради. Эски намунадаги ҳисобга олиш асбоблари буни тўлиқ амалга оширишга имкон бермади. Истеъмолчилар етказиб берувчига ҳар ой ҳисоблагичлар кўрсаткичларини юборишлари керак эди, лекин ҳаммалар ҳам буни ўз вақтида қилмади, етказиб берувчилар эса бу маълумотларни маълумотлар базасига ҳамма вақт ҳам аниқ киритмади. Натижада томонлар ўртасида зиддиятлар ва тушунмовчиликлар юзага келди.
Лойиҳани амалга ошириш яна бир муҳим муаммони: ҳисоблагичлар ўрнатилмаган ичимлик суви истеъмолчиларини нотўғри ҳисобга олишни ҳал этишга имконият яратишига умид пайдо бўлди. Уларнинг кўпчилик қисми асоссиз қарзлар ҳисобланишига дуч келишмоқда. Гап абонент базасига яшамайдиган фуқароларни киритиш ҳақида кетмоқда. Бу масалани биз «Норма маслаҳатчи»нинг мавзувий нашрлари саҳифаларида бир неча бор ёритганмиз.
«Тошкент шаҳар сув таъминоти» хабар беришича, янги ҳисоблагичлар реал вақт режимида сув сарфи, сизиб чиқишлар, техник носозликлар ва ташқи аралашувга уринишлар ҳақида маълумот узатишга имкон берувчи электрон қурилмалар билан жиҳозланган. Барча ахборот автоматик равишда биллинг тизимига келиб тушади. Истеъмолчилар сув сарфини шахсий кабинет орқали онлайн кузатишлари ва мобиль иловалар ёрдамида хизматлар учун тўлашлари мумкин бўлади.
Эҳтиёт бўлинг: фирибгарлар!
Пойтахтда совуқ сувнинг замонавий ҳисоблагичларини ўрнатиш кампанияси бошланиши ҳақида хабар берилгандан кейин фирибгарлар фаоллашиб қолди. Улар фуқароларга онлайн ариза топшириш ва ҳисоблагичларни ўрнатишга аризани тасдиқлаш учун деб, СМС-кодларни айтиш талаблари билан қўнғироқ қила бошладилар.
«Тошкент шаҳар сув таъминоти» шуни тушунтирдики, смарт-ҳисоблагичлар фуқароларга бепул ўрнатилади. Уларни ўрнатиш бошланиши ҳақида аҳолига бошқарувчи компаниялар ёки маҳалла қўмиталари орқали хабар берилади. Ҳисобга олиш асбобини ўрнатиш учун онлайн аризалар ва СМС-кодни узатиш талаб этилмайди. Бу талаблар фирибгарлик ҳаракатлари бўлиб, фуқаролар маблағларини ўғирлашга қаратилган. Истеъмолчилар ўзларининг банк карталари маълумотларини ҳеч кимга бермасликлари борасида огоҳлантирилди. Бундай талабларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки «Тошкент шаҳар сув таъминоти» компаниясига мурожаат қилиш керак.