Иш стажи тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилигини аниқлаш мақсадида Пенсия жамғармаси бўлими:
• иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди;
• зарурат бўлганда улар берилишининг асосланганлигини текшириш тўғрисида қарор қабул қилади;
• иш стажи ва ойлик иш ҳақи тўғрисида тақдим этилган ҳужжатларда тузатишлар, ноаниқликлар, тафовутлар, ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилганлиги аниқланган ҳолларда меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқаради.
Маълумот учун. Бу Қоидалар шахснинг 2005 йил 1 январдан аввалги даврлар учун иш стажи меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар ёки электрон меҳнат дафтарчасида тегишли маълумотлар бўлган тақдирда, шунингдек иш стажи тўғрисида маълумотлар ахборот тизимларидан олинган ҳолларда қўлланилмайди.
Иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар ҳалокатлар ёки бошқа фавқулодда вазиятлар натижасида тўлиқ сақланмаган ёки қисман сақланган ҳолларда иш стажини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (ҳокимликлар) томонидан ташкил этиладиган иш стажини аниқлаш бўйича махсус комиссиялар томонидан амалга оширилади. |
Қисман сақланиб қолган ҳужжатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида кўрсатиб ўтилган комиссиялар томонидан белгиланган меҳнат фаолияти даврлари иш стажига, шунингдек ҳужжатлар билан тасдиқланган иш вақти сифатида имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига киритилади. |