Эшитишимча, энди ўзгалар парваришига муҳтож бўлганлар музейларга, театрларга, спорт секцияларига бепул қатнаши мумкин экан. Шу тўғрими, ушбу хизматдан фойдаланиш учун нима қилиш керак?
– Ҳа, тўғри, Вазирлар Маҳкамасининг 11.03.2024 йилдаги 123-сон қарори билан ижтимоий хизматларни индивидуал тартибда тақдим этиш тартиби белгиланган. Шу тариқа, ўзгалар парваришига муҳтож бўлганлар, шунингдек ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қуйидагилар бепул тақдим этилади:
• давлат спорт тадбирларига, театрларга ва музейларга кириш;
• давлат жисмоний тарбия-соғломлаштириш муассасаларида ташкил этилган спорт секцияларида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари йўлланмалари асосида иштирок этиш;
• ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга туман (шаҳар) санитария-эпидемиология назорати бўлимлари томонидан яшаш жойида дезинфекция тадбирлари.
Ушбу тоифадаги шахслар аниқланади ва «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз қариялар ва ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилади.
Улар қуйидагича аниқланади:
• маҳаллалардаги ижтимоий ходими, патронаж ҳамшира, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси томонидан, шу жумладан хонадонма-хонадон юриш орқали шакллантириладиган сўровнома асосида;
• кекса ёшдаги шахслар, имконияти чекланган шахслар ёки уларнинг қонуний вакиллари ёхуд бошқа жисмоний ва юридик шахслар томонидан «Ижтимоий ҳимоя» автоматлаштирилган тизимига юборилган ёзма, оғзаки ёки электрон мурожаатлар асосида.
Юқорида баён этилганларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда, сиз яшаш жойингиздаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилишингиз керак.
Зафаржон Хўжаев, «Норма» эксперти.