Ҳозирги кунда Ўзбекистон фуқароларининг кўпчилиги узоқ вақт чет элда – доимий яшаш жойига кетган фарзандлари ҳузурида яшамоқда. Ёши катталигига қарамай, баъзилар ҳатто у ерда ишлашмоқда ва пенсия расмийлаштиришда улар чет элда ишлаган даврлар учун иш стажи ва иш ҳақини ҳисобга олиш учун солиқ тўлай олишларига ишонишади. Чет элда ишлаётганлар нималарни билиши кераклигини «Норма» эксперти Зафаржон Хўжаев тушунтириб берди.
– Эслатиб ўтамиз, чет элда ишлаш даврлари қуйидагиларни тўлаш шарти билан стажга қўшилади:
• меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ихтиёрий равишда 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалларини;
• 2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабрга қадар бўлган давр учун – ягона ижтимоий тўловни;
• 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун – ижтимоий солиқни (Низом 41-б.,13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга илова).
Тегишинча, биринчи шартлардан бири – бу меҳнат шартномасининг мавжудлиги. Агар Ўзбекистон фуқароси меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаган бўлса, у ўзи учун мавжуд имкониятлардан ва пенсия билан таъминлашнинг миқдоридан келиб чиқиб ижтимоий солиқни тўлаш ҳуқуқига эга:
• ҳар ойда ёки ҳар чоракда;
• бир йўла – Ўзбекистонга келган кунидан бошлаб уч йил мобайнида.
Ижтимоий солиқ тўланган давр пенсия тайинлашда иш стажига қўшилади (СК 40-м.).
Чет элда бўлиш даври меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Labor-migration» дастурий мажмуасидаги маълумотлар, шахс паспортидаги Ўзбекистон Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар), шунингдек республикамизнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг тегишли ҳужжатлари билан бўлиш даври ва кўрсатилган шахснинг бошқа давлатда консуллик ҳисобига қўйилганлиги ҳақидаги маълумотлар қайд этилган ҳолда тасдиқланади.
ЖШШИР мавжуд бўлмаганда чет элга ишлашга кетаётган шахс солиқ тўловчи сифатида унга ЖШШИР расмийлаштирилиши билан биргаликда доимий яшаш жойидаги солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилиши шарт.
Ижтимоий солиқнинг миқдори тўлов кунида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Ижтимоий солиқ нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда, уни тўлаш санаси ижтимоий солиқ тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатида кўрсатилган кун ҳисобланади.
Тўлов ҳужжатида фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт.
Агар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади.
Миллий валютадаги ижтимоий солиқ меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағида очилган шахсий ғазна ҳисобварағига унинг томонидан мустақил равишда, оила аъзолари ёки ишончли вакил томонидан тўланади.
Маълумот учун!
Фуқаронинг давлат пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқини олганлиги тўғрисидаги Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига электрон шаклда юбориладиган МАЪЛУМОТЛАР жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш учун АСОС бўлади.