Norma.uz

Ўзбекистон чиқиндини алоҳида-алоҳида йиғиш борасида навбатдаги чора-тадбирларни қўлламоқда

 

2024–2026 йилларда Тошкент, Ангрен, Андижон, Бухоро, Термиз шаҳарларида ва Тошкент туманидаги кўп қаватли уйларнинг ҳудудида чиқинди йиғиш майдонларида қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш тизимини босқичма-босқич ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилади. Бу Президентнинг «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (4.01.2024 йилдаги ПФ-5-сон) билан белгиланган.  

 

Лойиҳада ҚМЧлар қуйидаги тоифаларга ажратилган ҳолда алоҳида йиғилиши назарда тутилган: «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» чиқиндилари. 2024 йил 1 июлга қадар фуқароларни матрицали штрих код туширилган (QR-кодли) махсус чиқинди пакетлари билан бепул таъминлаш мўлжалланган. Аҳолини пакетлар билан санитар тозалаш корхонаси таъминлайди.

Қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар учун шаффоф, рангсиз, қайта ишланмайдиган қаттиқ маиший чиқиндилар учун қора рангли, озиқ-овқат чиқиндилари учун жигарранг пакетларни ишлатиш мўлжалланган.

Қайта ишланадиган ҚМЧлар турар жой даҳаларидаги чиқинди йиғиш майдончаларида санитар тозалаш корхоналари томонидан сотиб олинади. Бир қатор идораларга «қайта ишланадиган» тоифага мансуб чиқинди турлари рўйхатини тасдиқлаш топширилди.

Лойиҳа амалга оширилишини назорат қилиш Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига, шунингдек ҳокимиятга топширилди. Чиқинди йиғиш майдонларини пакетлар билан таъминлаш учун Экология жамғармасидан босқичма-босқич 30 миллиард сўмгача бўлган маблағлар ажратилади.

Таъкидлаш жоизки, бу маиший чиқиндиларни алоҳида-алоҳида йиғиш тизимини жорий қилишга биринчи уриниш эмас. 2012 йилда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан чиқиндиларни алоҳида-алоҳида йиғиш чора-тадбирлари режалаштирилган эди, бироқ улар кутилган натижаларни бермади. 2 йил ўтгач Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш қоидаларида (15.07.2014 йилдаги 194-сон ВМҚга 3-илова) истеъмолчиларга яна чиқиндиларни 4 та алоҳида пакетларга саралаш ва чиқинди йиғиш майдонларида турли рангдаги махсус контейнерларга солиш мажбурияти юкланди. Бироқ бу ҳам натижа бермади. 2021 йил 1 мартдан бошлаб Президентнинг 15.12.2020 йилдаги ­ПҚ-4925-сон қарори билан Тошкентда ҚМЧларни алоҳида йиғиш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш режалаштирилди. Бироқ лойиҳа мақсади амалга ошмади.

Эслатиб ўтамиз, янги 2024 йилдан Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан Тошкентда қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш хизматларига янги тарифлар тасдиқланди.

2024 йил 2 январдан пойтахтда истиқомат қиладиган бир кишидан чиқинди учун бир ойда 7 500 сўм миқдорида тўлов ундирилади (илгари тўлов 4 500 сўмни ташкил қилган).

Бюджет ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар учун маиший чиқиндиларни олиб чиқиш тарифи 1 куб метр учун 89 966,57 сўмни, чиқиндиларнинг 1 тоннаси учун – 188 808,96 сўмни ташкил қилади. Чиқиндиларни қайта ортиш станцияларидан (Яшнобод, Яккасарой ва Юнусобод МПС) НД-310 (марказлаштирилган олиб чиқиб кетиш) автомашиналарида «Оҳангарон» полигонигача ҚМЧларни олиб чиқиб кетиш корхоналар ва ташкилотлар учун 116 461,34 сўмни ташкил қилади.

 

Прочитано: 70 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика