Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармонига мувофиқ, энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасига, истисно тариқасида, ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олишнинг маъмурий регламенти 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин:
йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкасини танлаш ва таклифларни тақдим этиш тартиби;
йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни кўриб чиқиш тартиби, уларни танлаб олиш босқичлари ва баҳолаш мезонлари;
йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни тақдим этган талабгорлар ичида ғолибни аниқлаш тартиби;
йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкасини ижарага беришда ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби;
йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширишда инвестиция мажбуриятлари ижросини мониторинг қилиш тартиби.
3. Белгилансинки:
йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда – Ҳукумат комиссияси) томонидан амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
4. Ҳукумат комиссиясига қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:
йирик инвестиция лойиҳасини концептуал жиҳатдан кўриб чиқиш;
таклиф этилаётган лойиҳанинг хусусиятидан келиб чиқиб, энг яхши таклифни танлаб олиш мезонларининг муҳимлилик даражасини белгилаш;
йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш;
ер участкасининг ижара муддатини узайтириш ёки ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ўзгартириш масаласини кўриб чиқиш.
5. Белгилаб қўйилсинки:
йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича аризалар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади;
якка тартибдаги уй-жой ва кўп квартирали уйлар қурилишини назарда тутувчи лойиҳалар йирик инвестиция лойиҳаси ҳисобланмайди ва кўриб чиқилмайди;
танланган ерга бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан кам қийматдаги йирик инвестиция лойиҳаси бўйича таклифлар кўриб чиқилмайди.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимини такомиллаштириш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича аризаларни давлат хизматлари марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш имкониятини яратсин ва ишга туширсин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири
А.АРИПОВ.
Тошкент ш.,
2021 йил 21 сентябрь
592-сон.
ЎзР ВМнинг 2021 йил 21 сентябрдаги 592-сон қарорига
2-ИЛОВА
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ «ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ МУЛК ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ ҲАМДА ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ОЛИБ ҚЎЙИШ ВА КОМПЕНСАЦИЯ БЕРИШ ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА» 2019 ЙИЛ 16 НОЯБРДАГИ 911-СОН ҚАРОРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР
1. 1-банднинг «а» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«а) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ҳамда ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорларига биноан амалга оширилади»;
2. 1-иловада:
а) 1-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Ушбу Низом жисмоний шахсларга (якка тартибдаги тадбиркор, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар) ва юридик шахсларга (тадбиркорлик субъектлари, нодавлат ташкилотлар) эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартибини белгилайди»;
б) 2-бандда:
тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;
ўн биринчи–ўн тўққизинчи хатбошилар тегишлича тўққизинчи–ўн еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ташаббускор – ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ташаббуси билан чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари»;
в) 3-бандда:
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ер участкаси ёки унинг бир қисми (кейинги ўринларда ер участкаси деб аталади) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари (кейинги ўринларда – тегишли халқ депутатлари Кенгашлари) қарорига биноан амалга оширилади»;
иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишлича иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
г) 4-банддан иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
д) 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилишида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан биринчи навбатда эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан, фойдаланилмаётган объектлар (маданий мерос тоифасига кирадиган объектлардан ташқари) билан банд бўлган ер участкаларидан, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий объектлар қурилишига эҳтиёжи бор бўлган жойлардан танлаб олинади»;
е) 6-банд:
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва компенсация бериш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади»;
ж) 2-бобнинг 2-параграфи ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
з) 23-банднинг иккинчи хатбошисидаги «инвестиция лойиҳалари» сўзлари «тақдимот материаллари» сўзлари билан алмаштирилсин;
и) 26-банднинг биринчи хатбошисидаги «инвестиция лойиҳалари» сўзлари «тақдимот материаллари» сўзлари билан алмаштирилсин;
к) 27-бандда:
иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
учинчи–еттинчи хатбошилар тегишлича иккинчи–олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
л) 33-банднинг иккинчи хатбошисидаги «инвестиция лойиҳалари» сўзлари «тақдимот материаллари» сўзлари билан алмаштирилсин;
м) 34-банддан учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
н) 37-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
о) 38-бандда:
бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
олтинчи хатбоши бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
п) 43-банднинг иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
р) 53-банддан иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
с) Низомга 2-илова ўз кучини йўқотган деб топилсин.
*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.09.2021 йилдан кучга кирди.
**Қарорга 1-илова «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.