Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 45 / Солиқ солиш

Эҳтиёт қисмларни алмаштиришда ҚҚС

 

Корхона 2019 йилда тайёр маҳсулот сотган. 22.11.2016 йилдаги ПҚ-2660-сон қарорга кўра имтиёзга эга бўлганлиги сабабли маҳсулот ҚҚСсиз сотилган. 2020 йилда имтиёзлар мавжуд бўлмаган, худди шундай маҳсулот ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда сотилган. Шартнома бўйича эҳтиёт қисмларни алмаштириб бериш (сервис хизмати кўрсатиш) билан бирга 5 йиллик кафолат муддати назарда тутилган. Корхона эҳтиёт қисмларни Хитойдан харид қилган. Импорт қилиш чоғида тўланган ҚҚС уларнинг қийматига киритилган.

1. Кафолат муддати давомида эҳтиёт қисмларни алмаштиришга ҚҚС солинадими?

2. Кафолат бўйича эҳтиёт қисмларни бериш қандай расмийлаштирилади?

3. ЭҲФ расмийлаштирилиши лозимми? 

 

1 Кафолат мажбуриятларини бажараётганингизда эҳтиёт қисмларни бепул алмаштириб берасиз. Товарларни бепул бериш товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланади ва унга ҚҚС солинади (СК 238-м. 1-қ. 1-б., 239-м. 1-қ. 2-б.). Шундай бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар бундан мустасно.

Товарларни бепул бериш қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади (СК 239-м. 3-қ.):

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқарилган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;

3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.

Кафолат бўйича эҳтиёт қисмларни бепул алмаштиришда биринчи ва иккинчи шартлар бажарилади. Демак, эҳтиёт қисмларни алмаштириш ҚҚС солиш мақсадларида товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди.

 

2 Агар сиз эҳтиёт қисмларни берадиган бўлсангиз, қабул қилиш-топшириш далолатномасини расмийлаштириш лозим. Агар ушбу эҳтиёт қисмларни алмаштиришда ўрнатиб беришингиз керак бўлса, бажарилган ишларни (кўрсатилган хизматларни) топшириш-қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилади.

 

3 Ҳисобварақ-фактура ҚҚС бўйича солиқ солинадиган айланмани ҳамда реализация қилиш бўйича айланмани ҳисобга олиш мақсадларида қўлланилади (Низомнинг 2-б., 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова). Эҳтиёт қисмларни алмаштириш ҚҚС солиш мақсадларида товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмаганлиги сабабли ЭҲФ расмийлаштирилмайди.

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 325 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика