Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 45 / Тадбиркор эътиборига

Онлайн-НКТ чекини бериш тартиби ўзгартирилди

 

Тўлов терминаллари орқали амалга оширилган тўловлар бир вақтнинг ўзида онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларида акс эттирилади. Бундай амалиёт 2022 йил 1 апрелга қадар ДСҚ ва Марказий банк томонидан йўлга қўйилади (4.10.2021 йилдаги ПҚ-5252-сон қарорнинг 4-б.). Мазкур ўзгаришларга қандай тайёрланиш лозимлиги ва улар қандай натижа бериши ҳақида – шарҳимизда. 

 

Иккитаси бирга

Тадбиркорлик субъектлари томонидан тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн-НКТ чеки ҳам берилиши шарт. Пластик карталар орқали тўловларни ҳам қабул қилиш имкониятига эга бўлган онлайн-НКМ ёки виртуал кассалар бундан мустасно (23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга 1-илова 6-б.) .

Амалиётда Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг мазкур нормаси бузилган ҳолатлар тез-тез учраб турибди. Айниқса сотувчи томонидан ҳар хил турдаги мустақил қурилмалар кўринишидаги тўлов терминаллари ва онлайн-НКТ қўлланилганда шундай ҳолатлар рўй бермоқда.

Турли сабабларга кўра шундай бўлмоқда. Сотувчиларнинг ўзлари ушбу ҳолатни айнан бир операция икки марта амалга оширилиши оқибатида содир бўлмоқда, деб изоҳламоқдалар. Даставвал – терминал орқали тўлов қабул қилинади ва терминал чеки чиқарилади, сўнгра – онлайн-НКТ орқали тўлов қабул қилинади ва онлайн-НКТ чеки чиқарилади. Уларнинг айтишича, бу жараён кўп вақтни талаб этганлиги сабабли кассирлар улгурмаётган эканлар. Бундай вазиятларда онлайн-НКТ чеклари, қоидага кўра, ходимлар бўш вақт топганда чиқарилмоқда. Баъзи ҳолларда эса атайин кирим қилинмаган товарларни реализация қилиш далилларини яшириш ва солиқ солинадиган базани камайтириш мақсадида сотув маълумотларида ноаниқликларга йўл қўйилмоқда.

Барча тўловлар терминаллар орқали онлайн-НКТда акс эттирила бошлаганидан кейин ҳар қандай ҳолатда ҳам терминал чеки чиқарилмайди. Онлайн-НКТ чекида бир вақтнинг ўзида онлайн-НКТ ва тўлов терминали чекининг реквизитлари кўрсатилиши лозим. Банк картаси орқали тўлов амалга оширилиши онлайн-НКТ тизимида автоматик тарзда қайд этилади, бундай маълумотлар асосида ҚҚС ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботлар шакллантирилади.

 

Ўзгаришларга тайёргарлик қандай бўлади

Ҳозирги пайтда қўлланилаётган НКМларнинг ҳаммасида ҳам пластик карталар орқали тўловларни қабул қилиш функцияси мавжуд эмас. Бундай функцияга эга бўлганлари фақат ёки Humo, ёки Uzcard билан ишлайди.

2022 йилда назорат-касса техникасининг кенг кўламли модернизация қилиниши кутилмоқда. Эътибор беринг: қуйидаги функцияларга эга бўлмаган онлайн-НКМ ва виртуал кассалар 2022 йил 1 январдан бошлаб солиқ органларида рўйхатдан ўтказилмайди, 2023 йил 1 январдан бошлаб эса улар аҳоли билан ҳисоб-китобларда қўлланилмайди (ПҚ-5252-сон қарорнинг 2-б.):

● банк карталаридан тўловларни қабул қилиб олиш;

● солиқ органларига онлайн-НКМ жойлашган жойи ҳақида маълумот тақдим этиш (виртуал касса ва онлайн-НКМ тариқасида қўлланиладиган банк карталарини қабул қилиш терминаллари бундан мустасно);

● мустақил равишда ҳисоблаш ҳамда штрих-кодлар ва рақамли маркировкалаш кодларини идентификациялаш.

Онлайн-НКМ ишлаб чиқарувчилари ҳозирги кунда назорат-касса техникасини модернизация қилиш вариантлари устида ишлашмоқда. Зарурий модернизация ҳажми турли моделларда турлича бўлади. Масалан, – айримларига тўлов терминалларини интеграция қилиш, бошқаларига эса пластик карталарнинг пин-кодларини сир сақлаш учун пин-пад ўрнатилиши лозим.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзингизнинг онлайн-НКМни модернизация қилиш юзасидан батафсил манзилли маслаҳатларни сизга доимий хизмат кўрсатадиган ТХКМда олишингиз мумкин.

 

Тўлов тизимлари орқали ҳисоблашишда онлайн-НКМ чекларини бериш талаби бузилмайди

Тўлов тизимларининг электрон чекларида фискал белги пайдо бўлади. Мазкур янги ўзгартиш товар ва хизматлар сотувчилари ҳамда харидорлари ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларга ҳам тааллуқли бўлади (ПҚ-5252, 5-б.). Шу тариқа Click, PayME, PAYNET ва бошқа шунга ўхшаш тизимлар орқали ўзаро ҳисоблашишларда онлайн-НКТни қўллаш масаласига нуқта қўйилади.

Фискал белги – фискал маълумотларни миллий стандартлар асосида фискал модул ёрдамида ҳосил қилинувчи такрорланмас белгилар тўплами (Низомнинг 2-б. 7-хатбошиси). Айнан у ҳар бир онлайн-НКМ ва виртуал касса чекини такрорланмас фискал ҳужжатга айлантиради.

Аввалроқ фискал белгининг бўлиши тўғрисидаги талаб фақат онлайн-НКМ ва виртуал кассалар чекларига қўйиларди, энди тўлов тизимлари ҳам мазкур жараёнда иштирок этади

Эътиборимизни яна бир янги ўзгаришга қаратамиз: ПҚ-5252-сон қарорнинг 4-бандига мувофиқ, барча тўлов тизимлари онлайн-НКМ тизимига уланиши шарт. Бошқача айтганда, мобил тўлов тизимлари ва тўловларни стационар қабул қилиш пунктлари онлайн-НКМ функциясини бажаради, уларнинг чеклари онлайн-НКТ чекларига тенглаштирилади.

Тўлов тизимлари орқали ҳисоблашишда онлайн-НКТ чекини тақдим қилиш керакми-йўқми деган масалага ДСҚ узоқ муддат Президентнинг «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (6.09.2019 йилдаги ­ПФ-5813) ва ВМнинг 943-сон қарори нормаларига таянган ҳолда тасдиқ жавобини бериб келган эди. Бироқ буни амалиётга қандай татбиқ этиш аниқ белгилаб берилмаган эди. Тўлов тизимлари ёрдамидаги ҳисоблашувлар ҳар доим ҳам сотувчи ва харидор учрашган ҳолатда амалга оширилмайди. Улар куннинг ихтиёрий вақтида масофадан туриб бажарилади, бу эса чекни тақдим этишда муаммоларни келтириб чиқаради. Ва ниҳоят, қулай ечим топилди...

 

Яна нимани тушуниш лозим

Амалий нуқтаи назардан ҳар икки янги ўзгариш кўплаб саволларни келтириб чиқаради. Уларга жавоблар ПҚ-5252-сон қарорнинг 9-бандига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши билан пайдо бўлади. Хусусан:

1) тўлов тизимлари чекларида ҳали акс этмаган онлайн-НКТ чеки учун мажбурий бўлган реквизитлар (Низомнинг 7-б.), шу жумладан, МҲИК, штрих-коди масалалари қандай ҳал бўлади?

2) тўлов тизимлари орқали ўтказилган тўловларни онлайн-НКМ ёки ЭҲФ тизимида ўтказишни давом эттириш керакми?

3) тўлов тизимлари орқали қабул қилинган тўловлар қандай тартибда солиқ ҳисоботларига киритилади?

4) агар тўлов тизимлари маълумотларига ўзгариш киритиш зарурати тўлов тизими ва товар сотувчилари ҳамда хизмат кўрсатувчилар ўртасида тузилган шартномадан келиб чиқса, унда солиқ ҳисоботларидаги мазкур маълумотларни қандай тузатиш мумкин?

 

Олег ГАЕВОЙ.

Прочитано: 446 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика