Яқинда Божхона божидан озод этиладиган технологик асбоб-ускуналар рўйхати янгиланди.
Мазкур имтиёз ундан тайёрланадиган истеъмол маҳсулотлари учун татбиқ этиладими?
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхати ВМнинг 4.06.2021 йилдаги 352-сон қарори билан тасдиқланган. Қарорга мувофиқ импорт қилишда божхона божи ва ҚҚС тўлаш бўйича имтиёзлар Рўйхатда ТИФ ТН кодлари кўрсатилган янги технологик асбоб-ускуналарга нисбатан татбиқ этилади. Рўйхатга жами бўлиб 676 турдаги технологик асбоб-ускуналар киритилган. Улар жумласига, шу жумладан, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ускуналари (ТИФ ТН коди – 8438 10 100 0), макарон, спагетти ёки шунга ўхшаш маҳсулотларни ишлаб чиқариш ускуналари (ТИФ ТН коди – 8438 10 900 0) киради.
Маълумот учун. Янги технологик ускуна — «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимига божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилганига 3 йилдан кўп бўлмаган технологик ускунадир.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.