Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 30 / Бухгалтерга тавсиялар

Ҳисобрақамда пул маблағлари етарли бўлмаганда тўловлар қандай амалга оширилади

 

Маблағлар етарли бўлмаганда солиқларни тўлаш

Хизмат кўрсатувчи банкингиз сиздан тўлов топшириқномасини ҳисобварағингизда маблағлар мавжуд бўлгандагина, агар шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, қабул қилади. Солиқлар ва йиғимларни  тўлаш учун топшириқномалар бундан мустасно. Ҳисобрақамингиздаги қолдиқ суммасидан қатъи назар банк уларни қабул қилади. Шу сабабли, ҳисобрақамингизда маблағ бўлмаган ёки етарли бўлмаган тақдирда ҳам, солиқлар ва йиғимлар бўйича тўлов топшириқномаларини солиқларни тўлаш муддатидан кечиктирмасдан банкка албатта тақдим этинг. Агар бундай қилмасангиз, раҳбар билан бош бухгалтерингиз жарима қўлланилган ҳолда маъмурий жавобгарликка тортилишлари мумкин (ФК 793-м. 2-қ.; СК 115-м.; МЖтК 175-м. 6-қ.; Низом 35-б., АВ рўйхат рақами 3229, 13.04.2020 й.)

 

Ҳисобрақамингизда маблағлар етарли бўлмаганда бюджет олдидаги мажбуриятларингиз бўйича топшириқномаларни банкка:

● қоғоз бланкаларда;

● масофадан туриб: «Банк-Мижоз» ёки Интернет-банкинг орқали, шунингдек ДСҚ сайтидаги шахсий кабинетингиз орқали тақдим этишингиз мумкин.

 

Маблағ етарли бўлмаганда солиқларни тўлаш учун электрон тўлов топшириқномаларини тақдим этишнинг энг қулай йўли – ДСҚнинг my.soliq.uz сайтидан фойдаланиш. Хизмат бепул кўрсатилади. Бунинг учун солиқлар тўланадиган муддатдан кечикмай:

● шахсий кабинетингизга киринг;

● очилган бош саҳифада «Хизматлар» иловаси орқали «Юридик шахсларнинг тўлов топшириқномаларини жўнатиш» бўлимини танлаб, устига киринг. Учта фаол иловали саҳифа очилади. Ҳар бир илованинг бажарадиган функцияси қуйидаги жадвалда келтирилган:

Илова номи


Илова функцияси


Топшириқлар рўйхати


Танланган давр бўйича тўловлар рўйхатини ҳар бир тўлов бўйича батафсил маълумотга эга бўлган ҳолда кўриб чиқиш.


Тўлов топшириқномасини шакллантириш


Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича топшириқномани шакллантириш ва жўнатиш


Жўнатиш тарихи


Жўнатилган ва банк томонидан ижро этилган тўловлар ҳақидаги ахборотни кўриб чиқиш


 

● «Тўлов топшириқномасини шакллантириш» иловасига ўтиб, тўлов ҳужжатини яратинг. Унда жорий сана ва банк реквизитларингиз автоматик равишда қўйилади. Берилган тегишли рўйхатлар орасидан «солиқ тури», «тўлов типи», ҳисобрақамингизни танлаб, тўлов топшириқномасининг тартиб рақами ва тўлов суммасини киритинг. Маблағ олувчисининг банк реквизитлари, шу жумладан шахсий ғазна ҳисобрақами (ШҒҲ) ва тўлов мақсадига тегишли қолган ячейкалар автоматик равишда тўлдирилади. Зарур бўлса, тўлов мақсадига қўшимча киритинг. Мисол учун, солиқ қайси давр учун тўланаётганини кўрсатиб ўтинг.

● шакллантирилган топшириқномага маълумотлар тўғри киритилганлигини текшириб, ижро этиш учун банкка жўнатинг.

Банк электрон топшириқномани қабул қилиб, уни 2-сонли картотекага (муддатида тўланмаган ҳисоб-китоб ҳужжатлари) жойлаштиради. Маблағ етарли бўлмаганда банк тўловни қисман амалга ошириб, қолган қарздорлик суммасини пул маблағлари келиб тушишига қараб сўндириб боради.

 

Банкка шунингдек қоғоз кўринишидаги тўлов топшириқномасини келтириб берсангиз ҳам бўлади. Банк қарздорлигингизни ҳисобварақда мавжуд бўлган маблағлар доирасида сўндиради. Бунда топшириқноманинг орқа томонида қисман амалга оширилган тўлов ҳақида ёзув киритади. Банк топшириқномани ижрога қабул қилиши учун унинг санаси уни банкка тақдим этиш санаси билан бир хил бўлиши керак  (Низом 35, 36-б.).

2-сонли картотекага жойланган тўлов топшириқномалари бўйича тўловлар Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ рўйхат рақами 2342, 15.03.2012 й.) мувофиқ амалга оширилади.

 

2-сонли картотекани асосий ҳисобрақамингиз очилган банк шакллантиради. Бу ҳақдаги маълумотларни у Банк депозиторларининг миллий ахборот базаси (БДМАБ) орқали сўмдаги бошқа иккиламчи ҳисобрақамларингиз очилган барча банкларга тақдим этади.

Бу маълумотларни олган банклар эртанги кундан кечиктирмай пул маблағларини мемориал ордер билан корхонанинг бошқа ҳисобрақамларидан унинг асосий ҳисобрақамига ўтказиши керак.

Картотека даврида улар пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини қабул қилиши, шунингдек, асосий ҳисобрақамингизга қилинадиган тўловлардан бошқа тўловларни амалга ошириши тақиқланади (Йўриқнома 3, 4-б.).

 

Агар миллий валютадаги ҳисобрақамларда маблағингиз етарли бўлмасдан, бунда хорижий валютада маблағларингиз бўлса, банк солиқ органларининг тақдимномасига биноан кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда уни Республика валюта биржасига сотиш учун буюртманома киритади. Буюртманома 2-сонли картотека бўйича солиқ органларининг талабларини қондириш учун етарли бўлган миқдорда расмийлаштирилади. 

Банк валюта сотилишидан олинган маблағларни асосий ҳисобрақамга кирим қилади ва уларни талабларни сўндиришга йўналтиради (Йўриқнома 6, 7-б.).  

 

2-сонли картотекангиз бўлганда, навбатдан ташқари, бевосита ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) фаолиятингиз билан боғлиқ бўлган кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларингиз учун тўловларни белгиланган лимит доирасида амалга оширишингиз мумкин (Йўриқнома 5-б. «а» кичик б.).

 

Кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар учун тўлаш

2-картотека бўлган тақдирда, муҳим тўловларни амалга ошириш учун кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларга маблағларни банд қилиб қўйинг:

● сизга хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилинг;

● ариза тўлдиринг;

● кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар суммаси ҳисоб-китобини тақдим этинг.

Кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларга лимит ажратиш учун банкка тақдим этиладиган аризани ихтиёрий шаклда расмийлаштиринг. Унда қуйидагиларни акс эттиринг:

● ўтган ойда ҳисобрақамга келиб тушган умумий тушум суммасини;

● фақатгина асосий ҳисобрақамга аввалги ойда келиб тушган тушум суммасининг 5%и миқдоридаги лимит ҳисоб-китобини.

Ариза банкка қуйидаги муддатларда тақдим этилади:

● шу ой кейинги ўн кунлигининг биринчи санасига;

● жорий ойнинг учинчи ўн кунлигигача;

● кейинчалик – кейинги ойнинг учинчи санасигача.

 

Вазият. Ташкилот 2-сонли картотека мавжуд бўлганда маблағлардан фойдаланишга ариза тақдим этади

5 июнда асосий ҳисобрақамда 2-сонли картотека пайдо бўлди.

Кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларга маблағларни банд қилиш учун банкка нечанчи санагача мурожаат қилинади?

● Агар кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларни декабрнинг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб тўлашни истасангиз, банкка аризани ҳисоб-китоб билан бирга 10 июнгача тақдим этинг.

Аризани бир кунга бўлса ҳам кечикиб тақдим этсангиз, бу имкониятдан фақатгина учинчи ўн кунликдан бошлаб фойдалана оласиз.

Тегишинча, агар 2-сонли картотека:

ойнинг 12-кунидан бошлаб эълон қилинган бўлса, аризани ҳисоб-китоб билан бирга жорий ойнинг йигирманчи санасигача;

ойнинг 20-кунидан кейин эълон қилинган бўлса, аризани ҳисоб-китоб билан бирга кейинги ойнинг 3-санасигача тақдим этинг.

 

Маблағларни кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларга сарфлаш лимити ўтган ой давомида асосий ҳисобвараққа келиб тушган тушумнинг 5%ини ташкил қилади. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхатга асосан ўта муҳим объектларни қўриқловчи бўлинмалар хизматидан фойдаланувчи ташкилотлар бундан мустасно, улар учун лимит 6 %гача миқдорда белгиланган (Йўриқнома 5-б. «а» кичик б.).

 

Мисол. Маблағларни кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларга сарфлаш лимитини ҳисоблаш

Ташкилотнинг февраль ойидаги тушумлари қуйидагилардан иборат:

1) Ҳисоб-китоб ҳисобрақамига келиб тушган тушумлар:

берилган қарз бўйича маблағлар қайтарилди – 50 млн сўм;

кўрсатилган хизматлар учун – 250 млн сўм;

хато ўтказилган маблағар қайтарилди – 25 млн сўм.

2) Иккиламчи ҳисобрақамга келиб тушган тушумлар:

кўрсатилган хизматлар учун – 400 млн сўм.

Маблағларни кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларга сарфлаш лимити 5% деб белгиланди.

Март ойи учун маблағларни кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларга сарфлаш лимити пул ҳисобида 12,5 млн сўмни (250 млн х 5%) ташкил қилади.

 

Кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар рўйхатига ўз фаолиятингиз хусусиятидан келиб чиқиб энг зарур тўловларни киритинг. Улар жумласига жорий коммунал хизматлар (электр энергияси, иситиш, газ, сув таъминоти), алоқа хизматлари ҳақи, ЁММ, хом ашёни етказиб берувчиларга кечиктириб бўлмайдиган тўловлар ва бошқалар кириши мумкин.

 

Иш ҳақини кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар рўйхатига киритманг. 2-сонли картотека бўлган тақдирда банк, навбатдан ташқари тўловларга маблағлар тўлов ҳужжатлари бўйича мутаносиб равишда ечилганидан кейин, биринчи бўлиб иш ҳақини беради (Йўриқнома 5-б. «б» кичик б.).

 

Банк кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларга сарфланадиган маблағлар лимити тўғри ҳисоб-китоб қилинганлигини назорат қилади. Агар ҳисоб-китоб тўғри бўлса, эртанги кундан бошлаб бу тўловларни жорий ой давомида тўлиқ ёки қисман амалга оширишингиз мумкин бўлади. Лимитнинг ишлатилмаган қисми кейинги ойга ўтмайди.

Кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларга тўловларни тўлов топшириқлари билан амалга оширинг. Тўлов мақсадларида албатта «Кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар учун сумма ҳисобига» деган ёзувни киритинг.

 

Вазият. 2-сонли картотека бўлганда корпоратив картани ишлатиш имконияти

Корхонанинг ҳисобрақами 2-сонли картотекада турибди.

Корхона ишлаб чиқариш биносининг жорий таъмири учун қурилиш материалларини сотиб олиш мақсадида ўзининг корпоратив банк картасини кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларга ишлатиладиган маблағлар ҳисобига тўлдириши мумкинми?

2-сонли картотека бўлганда ташкилотнинг асосий ҳисобрақамидан бошқа барча ҳисобрақамлари бўйича операциялар тўхтатилади. Корпоратив банк картасининг транзит ҳисобрақами ташкилот ҳисобрақамларидан бири ҳисобланади, шу боис корхона қурилиш материалларини сотиб олиш учун корпоратив картасини кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларга ажратилган маблағлар ҳисобига тўлдира олмайди (Йўриқнома 4-б.). Агар қурилиш материаллар хариди кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар жумласига кирса, улар учун тўловни асосий ҳисобрақамдан пул ўтказиш йўли билан амалга оширинг.

 

Вазият. 2-сонли картотека бўлганда мижоз пулларини тасарруф этиш бўйича банк ваколатлари

Корхонанинг асосий ҳисобрақами 2-сонли картотекада турипти.

Бунда «20400 – Омонат депозитлар», «20600 – Муддатли депозитлар», «22602 – Мижозларнинг аккредитивлар бўйича депозитлари» ва «22606 – Мижозларнинг импорт ва/ёки траст ҳужжатлари бўйича харажатлари учун аккредитивлар бўйича депозитлари» ҳисобварақларида унинг пул маблағлари мавжуд.

2-сонли картотекадаги тўлов ҳужжатлари бўйича тўловларни амалга ошириш учун банк бу маблағларни асосий ҳисобрақамга ўтказиши мумкинми?

Йўқ, ўтказа олмайди. Бу ҳисобварақлардаги пуллар банк мижози томонидан тузилган шартномаларга мувофиқ турган бўлиб, уларни келишилган мақсадлардагина ишлатиш мумкин. Депозит ва аккредитив шартномаларида кўрсатилган муддат тугаган тақдирдагина банк бу маблағларни 2-сонли картотекани сўндиришга йўналтириши мумкин.

Шу сабабли пул маблағлари эгаси бу пуллар мўлжалланганидан бошқа мақсадларда тасарруф этилишидан хавотир олмаса бўлади. Бу вазиятдаги ягона чеклов – шартномаларнинг амал қилиш муддати тугаганида пул маблағларининг эгаси уларни юқорида кўрсатиб ўтилган ҳисобварақлар бўйича узайтира олмайди (Йўриқнома 8, 9-б.). 

 

2-сонли картотека бўлганда пул маблағларининг ечилиш навбати

Ҳисобрақамдаги қолдиқ суммаси барча тўловларни ўтказиш учун етарли бўлмаса, қарздорликлар банк томонидан қуйидаги навбатда мутаносиб миқдорда сўндирилади (ФК 784-м. 2-қ.; Йўриқнома 5-б.):

Навбат тартиби


Тўлов турлари


Биринчи навбатда


Мутаносиб миқдорда:

● бюджет, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар;

● иш ҳақи тўлашга пул маблағларини бериш;

● алиментларни ундиришга доир талабларни қондириш учун ҳисобрақамдан пул маблағларини ўтказиш ёки бериш;

● муаллифлик шартномалари бўйича мукофот тўлаш;

● инсон ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш.

Иккинчи навбатда


Календарь навбатда:

● биринчи навбатдагидан бошқа ижро ҳужжатлари бўйича инкассо топшириқномалари юзасидан тўловлар;

● банклар томонидан Ҳукумат кафолати остида берилган муддатида қайтарилмаган муддатли кредитларни, шунингдек уларнинг фоизларини қайтариш учун  тўловлар;

● давлат бюджети ҳисобидан берилган бюджет ссудалари, кредит линиялари ва улар бўйича ҳисобланган фоизлар;

● Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ресурслари ҳисобидан берилган кредитлар бўйича қарзлар ва улар бўйича тўловлар

Учинчи навбатда


Календарь навбатда – асосий ҳисобрақамга қўйилган бошқа пул талаблари юзасидан тўловлар


 

 

Вазият. Биринчи навбатдаги тўловлар бўйича қарздорликни мутаносиб ҳисобдан чиқариш

Ташкилотнинг асосий ҳисобрақамида кун бошидаги қолдиқ – 5 000 минг сўм.

Қуйидаги тўловлар бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда пул маблағлари мутаносиб қандай ҳисобдан чиқарилади:

фойда солиғи – 3 000 минг сўм;

ҚҚС – 1 000 минг сўм;

ижтимоий солиқ – 360 минг сўм;

иш ҳақи – 3 000 минг сўм;

шу жумладан ЖШДС (12%) – 360 минг сўм.

● Ҳисобрақамдаги 5 000 минг сўм миқдоридаги қолдиқни тўловларга мутаносиб равишда тақсимлаймиз. Бунинг учун:

1) ҳисобрақамга нисбатан қўйилган барча талабларни қўшамиз:

3 000 + 1 000 + 360 + 3 000 = 7 360 минг сўм;

2) мавжуд пуллар ва тўловларнинг умумий суммаси нисбатини аниқлаймиз:

5 000 / 7 360 х 100 = 67,93%;

3) талабларнинг миқдоридан келиб чиқиб улар ҳар бирининг улушини аниқлаймиз:

фойда солиғи: 3 000 х 67,93% = 2 037,9 минг сўм;

ҚҚС: 1 000 х 67,93% = 679,3 минг сўм;

ижтимоий солиқ: 360 х 67,93% = 244,55 минг сўм;

ЖШДС: 360 х 67,93% = 244,55 минг сўм;

иш ҳақи: (3 000 – 360) х 67,93% = 1 793,35 минг сўм.

Шу тариқа, ташкилотнинг ҳар бир тўлов тури бўйича қарзи ҳисобрақамга келиб тушадиган пул маблағлари суммасидан пропорционал миқдорда қондирилади. 

 

Шавкат РАСУЛЕВ,

МБ департаменти директори ўринбосари,

Мавлон МАРИПАТОВ,

Халқ банки бошқарма бошлиғи.

Прочитано: 1485 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика