Ташкилотлар ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажаришга жалб қилиши мумкин (Низом 2-б., 23.12.2020 йилдаги 806-сон ВМҚга 1-илова).
Бу ҳолда фуқаро ва у билан шартнома тузаётган корхона нималарга эътибор қаратиши зарур?
Саволга солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА жавоб берди:
– Ўзини ўзи банд қилган шахслар – меҳнат даромади олишга йўналтирилган, жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган жисмоний шахслар. Ушбу шахслар солиқ органларида ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида (ЯТТ эмас!) рўйхатдан ўтказилган бўлишлари керак, улар меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалар (Низом 2-б., 23.12.2020 йилдаги 806-сон ВМҚга 1-илова).
Ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома шартларига ёки иш муомаласи одатларига асосланган хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қиладиган жисмоний ва юридик шахслар ишлар (хизматлар) буюртмачилари бўлиши мумкин.
Агар ўзаро муносабатлар ўзини ўзи банд қилган шахс ва буюртмачи-юридик шахс ўртасида қурилса, шартнома ёзма шаклда тузилиши зарур (Низом 24-б.).
Ўзини ўзи банд қилган шахс билан шартномада қуйидагиларни ёзинг:
● шартнома қандай ишларни бажариш учун тузилган;
● меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари;
● ишларни бажариш ва ҳақ тўлаш муддатлари;
● ишларни бажаришга харажатларни қоплаш ва уларни қабул қилиш шартлари;
● шартномани бекор қилиш, низоларни кўриб чиқиш шартлари.
Шартноманинг тасдиқланган шакли мавжуд эмас, шундай экан, уни сизнинг корхонангиз хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тузиш – сиздаги юристларнинг вазифаси.
Бундай шартномани тузишда Фуқаролик кодексига амал қилиш зарур (Низом 25, 26-б.). Ўзини ўзи банд қилган шахс билан буюртмачи-жисмоний шахс ўртасидаги ўзаро муносабатлар иш муомаласи одатларига асосланса, оғзаки шаклда битим тузишга йўл қўйилади (Низом 24-б.).
Интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахсларга (фриланс) қуйидаги ҳуқуқлар берилган:
● кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар – норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни ТСОЯЭАТга тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистоннинг банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилиш;
● контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) (8.06.2020 йилдаги ПҚ-4742, 4-б.).
Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати Президентнинг 8.06.2020 йилдаги ПҚ-4742-сон қарори билан тасдиқланган ва 68 та фаолият турини ўз ичига олади.
Ҳар қандай ҳолда оғзаки ёки ёзма шартноманинг предмети – ўзини ўзи банд қилган шахс томонидан ДСХОда рўйхатдан ўтишда танланган фақат бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўлиши мумкинлигини ҳисобга олинг. Акс ҳолда бундай шартнома ҳам жисмоний шахс, ҳам ташкилот учун муаммони юзага келтиради.
Солиқ органлари бундай битимни жисмоний шахс (ўзини ўзи банд қилган шахс билан эмас) билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага қайта малакалаши мумкин. Ва ушбу суммалардан СКга мувофиқ қўшимча ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоблашлари мумкин (Низом 7-б.). Бундан ташқари, томонлар бундай «нотўғри расмийлаштирилган» шартнома бўйича шартномаларни расмийлаштириш талабларини бузганлик учун жавобгарликка тортилишлари мумкин.
Эътиборингизни қаратаман: СКнинг 369-моддаси 1-қисми 9-бандига асосан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлар жисмоинй шахснинг жами даромадига киритилмайди. Демак, уларга ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинмайди.
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш учун шахсан солиқ органларига бориш мажбурий эмас. Рўйхатдан масофадан soliq мобиль иловаси (мобиль телефон ёки планшет) орқали ёки солиқ тўловчи-жисмоний шахснинг шахсий кабинетида ўтиш мумкин (Низом 8-б.).
Мобиль илова ёки шахсий кабинет орқали рўйхатдан ўтиш факти бўйича ўзини ўзи банд қилган шахсга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида QR-код эга бўлган маълумотнома юборилади (Низом 12-б.).
Худди шу мобиль илова орқали ўзини ўзи банд қилган шахслар:
● буюртмаларни қабул қилиш ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни амалга оширишлари;
● юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) ЭҲФни тақдим қилишлари;
● ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритишлари. Ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш мумкин;
● ўзларининг шахсий товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилишлари;
● кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ва истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар қолдиришлари мумкин (ПҚ-4742-сон қарор 5-б.).
Бу 10 та муҳим жиҳатни эсдан чиқарманг
1. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилиши зарур эмас (Низом 4-б.).
2. Ўзини ўзи банд қилган фуқаро ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга ҳамда тадбиркорлик субъектларига ёлланган ходим сифатида меҳнат фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас (Низом 5-б.).
3. Ташкилотлар томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади. Ўзини ўзи банд қилганлар меҳнатига ҳақ тўлашга ижтимоий солиқ солинмайди (Низом 6-б.).
4. Ўзини ўзи банд қилган шахснинг даромадларига ЖШДС солинмайди (Низом 7-б.).
5. Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг Рўйхатга мувофиқ меҳнат фаолиятидан ташқари олинган даромадларига умумий тартибда солиқ солинади (Низом 7-б.).
6. Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат стажи ҳисобланиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўланади (Низом 7-б.).
7. Агар ўзини ўзи банд қилган шахс ўз меҳнат фаолиятини тўхтатса, у ўз фаолиятини тўхтатгунига қадар солиқ органига фаолиятни тўхтатиш тўғрисидаги билдиришномани махсус мобиль илова ёки шахсий кабинет орқали юбориши керак. Буни фаолиятни тўхтатгунга қадар амалга ошириш зарур (Низом 17-б.).
8. Солиқ органи томонидан олинган фаолияти вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисидаги билдиришнома меҳнат фаолиятини амалга оширмайдиган даврда ижтимоий солиқни тўлашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади (Низом 18-б.).
9.Ўзини ўзи банд қилган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда НКТ ва банк пластик карточкалари орқали ҳисоб-китоблар бўйича тўлов терминалларидан фойдаланади. Шунингдек улар тижорат банкларида ҳисобварақлари очиши мумкин (Низом 20-б.).
10. Soliq махсус мобиль иловаси орқали даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритаётган ўзини ўзи банд қилган шахсларга тижорат банклари томонидан кредитлар якка тартибдаги тадбиркорлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб асосида берилади (Низом 21-б.).