Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 30 / Солиқ солиш

Хизматларни чет эллик ЯТТ кўрсатганда ким қайси солиқларни тўлайди

 

Чет эллик якка тартибдаги тадбиркор Ўзбекистон корхонасига ФҲШ бўйича хизматларни кўрсатади. Бунда ЯТТ Ўзбекистон ҳудудида бўлмайди.

Бу ҳолатда ким қандай солиқларни тўлайди?

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи

Бу жуда кенг тарқалган вазият, чунки ахборот технологияларининг ривожланиши билан бир мамлакатда турган ҳолда бошқа мамлакатнинг корхонасига профессионал хизматларни бемалол кўрсатиш мумкин бўлади. Бунга мисол тариқасида ҳар турли онлайн хизматларни, лойиҳалар, техник, меъморчилик ечимлари, дизайнларни ишлаб чиқишни ва бошқаларни келтириш мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркорларлар – бу юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахслардир (СК 31-м.).

Бинобарин, хорижий давлат резиденти бўлган ЯТТнинг даромадларига солиқ солишда жисмоний шахсларга тегишли қонунчилик нормалари қўлланилади.

Чет эллик якка тартибдаги тадбиркорга солиқ солиш тартибини белгилаш учун унинг солиқ мақомини аниқлаб олиш керак бўлади. Бу мақомни аниқлашнинг мезони бўлиб ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет 12 ойлик давр давомида унинг Ўзбекистон ҳудудида ўтказган кунлари миқдори ҳисобланади.

Кўриб чиқилаётган ҳолатда тадбиркор хизматларни ҳақиқатда Ўзбекистон ҳудудида бўлмасдан кўрсатади. Бинобарин, у Ўзбекистон учун норезидент ҳисобланади (СК 30-м.).

Чет эллик жисмоний шахсларнинг – норезидентларнинг Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромадларига иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартномаларни ҳисобга олган ҳолда солиқ солинади. Халқаро шартнома мавжуд бўлмаган тақдирда корхона ЯТТ даромадидан ЖШДСни 20% ставка бўйича ушлаб қолади (СК 364, 382, 400-м.).

Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битим мавжуд бўлганда ЯТТнинг профессионал фаолиятига нисбатан қўлланиладиган «Мустақил шахсий хизматлар» моддасига эътибор қаратинг. Моддада мустақил профессионал хизматларга солиқ солиш ҳамда у татбиқ этиладиган фаолият турларининг рўйхати келтирилган.

 

Мисол. Якка тартибдаги тадбиркор – Россия Федерациясининг резиденти Ўзбекистондаги ўқув маркази билан ФҲШ бўйича онлайн таълим хизматларини кўрсатади.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида 1994 йил 2 мартда имзоланган солиқларнинг иккиёқлама қўлланишига йўл қуймаслик ҳақида ҳукуматлараро Битим амал қилади (Москва, 2.03.1994 й.). Хизматлар ФҲШ бўйича қўрсатилишини ҳисобга олган холда, ЯТТларга солиқ солиш мазкур Шартноманинг 14-моддаси «Мустақил шахсий хизматлар» доирасида амалга оширилади. «Мустақил шахсий хизматлар» ибораси жумладан мустақил илмий, адабий, артистлик, маърифий ёки ўқитувчилик фаолиятларини, шунингдек врачлар, юристлар, муҳандислар, меъморлар, стоматологлар ва ҳисобчиларнинг мустақил шахсий фаолиятини қамраб олади.

Бундай ҳолда, норезидент томонидан олинган даромадлар Ўзбекистонда солиққа тортилмайди. Демак, Ўзбекистоннинг норезиденти бўлган жисмоний шахсга даромадларни тўлаш тўлов манбаида солиқни ушлаб қолмасдан ёки пасайтирилган ставкани қўллаган ҳолда амалга оширилади (Битим 14-м. 1-б.; СК 400-м. 3-қ.).

 

ЖШДСдан озод этилиши учун зарур ҳужжатлар

Солиқ агентида чет эллик жисмоний шахсининг Ўзбекистон билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлашни бартараф этиш масалаларини тартибга соладиган халқаро шартнома тузган давлатнинг солиқ резиденти эканлиги тўғрисида далил бўлиши керак (СК 6-м. 2-қ.). Яъни – солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Унга қўйиладиган талаблар СКнинг 358-моддаси 1-қисмида белгиланган. Бу қуйидагилар бўлиши мумкин:

● солиқ резиденти бўлган давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган асл нусха. Ҳужжатнинг қонунийлиги консуллик легаллаштириш ёки апостиль қўйилиши билан тасдиқланиши керак;

● юқоридаги талабларга мувофиқ бўлган ҳужжат асл нусхасининг нотариал тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси;

● резидентлик давлат ваколатли органининг интернет-ресурсида жойлаштирилган, солиқ резидентлигини тасдиқловчи электрон ҳужжатнинг қоғоздаги нусхаси.

 

Агар даромадни тўлаш пайтида бундай ҳужжат мавжуд бўлмаса, солиқ агенти 20% ставка бўйича ЖШДС ушлаб қолиши шарт (СК 382, 386-м.).

Агар кейинчалик норезидент солиқ резидентлиги тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этган бўлса, у СКнинг 12-бобида назарда тутилган тартибда тўланган солиқни қайтариб олиш ҳуқуқига эга (СК 401-м.).

 

Қўшилган қиймат солиғи

Норезидент ЯТТнинг хизматларига ҚҚС солинмайди. Солиқ кодекси ҚҚС тўловчиларининг ёпиқ рўйхатини белгилайди, унга чет эллик жисмоний шахслар кирмайди (СК 237-м.).

Бундан ташқари, чет эллик жисмоний шахсдан хизматларни олувчи солиқ агенти деб эътироф этилмайди ва унда ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келмайди.

Раъно Алишаева,

ДСҚ департаменти бош мутахассиси,

Радмила КАРИМОВА,

«Assistance In Tax» солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 294 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика