Президентнинг 25.06.2021 йилдаги 5161-сон қарори билан нодавлат таълим ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва таълим жараёнида ёшлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари белгиланди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ нодавлат таълим муассасаларига (НТМ) қатор имтиёз ва преференциялар тақдим этилди.
1. 2021 йил 1 июлдан бошлаб барча НТМ тижорат банклари кредитлари бўйича кафилликлар ҳамда фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар олиши мумкин. Кредитлар қонунчиликда белгиланган миқдорларда ва шартларда қуйидагиларга йўналтирилиши керак:
● моддий-техник базани мустаҳкамлаш (автотранспорт воситаларини сотиб олишдан ташқари) ва таъмирлаш-тиклаш ишларига;
● ходимларни (ўқитувчиларни) қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун.
Компенсация Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тақдим этилади. У аввал берилган кредитларга ҳам қарздорлик қолдиғига нисбатан ажратилиши мумкин.
2. Тошкент шаҳри ва Самарқанд шаҳри таълим муассасаларидан ташқари, 2021 йил 1 августдан 2024 йил 1 январга қадар таълим жараёнида фойдаланиладиган барча бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50%игача (бироқ давлат кўчмас мулк объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг қонунчиликда белгиланган минимал ставкасининг 50% миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда) бюджетдан қоплама олади.
Ушбу тўловларнинг йиллик суммаси ҳар чоракда тенг улушларда тўлаб берилади.
3. 2021 йил 1 июлдан 2024 йил 1 январга қадар коллеж ва техникумларнинг бино ва иншоотларида (Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан ташқари) фаолиятини амалга оширадиган НТМ:
● ижара тўловидан озод этилади (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно);
● таълим жараёни натижасида олинган, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни (иш ва хизматларни) таълим ташкилотлари учун назарда тутилган ҚҚС ва фойда солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ этилган ҳолда реализация қилиш ҳуқуқига эга.
4. 2021 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагиларга йўналтириладиган суммалар ЖШДС тўлашдан озод қилинади:
● НТМ ходимларининг аъзолик бадаллари сифатида тегишли халқаро уюшмага;
● қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига.
Мазкур имтиёз БҲМнинг 8 баробаригача бўлган суммага ўқув курсидан муваффақиятли ўтган ҳамда аъзолик бадаллари тўловини ёки кўрсатилган хизматлар учун тўловни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда қўлланилади.
5. Дарсдан бўш вақтларда, шу жумладан ёзги таътил вақтида НТМ қуйидагиларни ижарага олиши мумкин:
● мактабдан ташқари таълим курсларини, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш учун давлат умумий ўрта ва олий таълим муассасалари бўш майдонларини;
● аҳолининг компьютер саводхонлиги бўйича курслар ташкил этиш учун қишлоқ жойларда жойлашган давлат умумий ўрта ва профессионал таълим муассасаларидаги компьютер синфларини.
Бунда, курсларни ташкил этиш учун жалб қилинган ўқитувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларнинг бир қисми ойига БҲМнинг 6 баробаригача миқдорида маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 2024 йил 1 январга қадар компенсация қилинади.
6. Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун НТМга 50 млн сўмгача бир марталик субсидия ажратиш назарда тутилмоқда. Бу Президентнинг 2021 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5117-сон қарори билан назарда тутилган. Айни пайтда субсидия ажратиш тартиби ишлаб чиқилмоқда.
Саида ЖОНИЗОҚОВА
тайёрлади.