«А» компания – ЎзР резиденти (умумбелгиланган солиқларни тўловчи) «В» компания – ЎзР резидентининг муассиси ҳисобланади. У ўз улушининг 50%ини «С» компания – норезидентга сотмоқчи. 50% улушнинг номинал қиймати 100 000 АҚШ долларини ташкил этади, уни 120 000 АҚШ долларига сотиш режалаштириляпти. «А» компания 20 000 АҚШ доллари миқдорида даромад олади.
1. Бошқа корхона УФдаги улушнинг 50%ини номинал қийматидан юқори нархда реализация қилишда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
2. Ушбу даромад солиқ ҳисоботида қандай акс эттирилади?
3. Улуш норезидентга реализация қилинаётганлиги сабабли 0%лик ставка бўйича хизматларни экспорт қилишга тенглаштириладими?
1. 2017 йил 5 сентябрдан бошлаб корхоналарнинг устав капитали миқдори миллий валюта «сўм»да белгиланади (2.09.2017 йилдаги ПФ-5177-сон Фармоннинг 3-б.). Ҳатто корхона устав капитали миқдорини миллий валютада қайта рўйхатдан ўтказмаган бўлса ҳам, улушнинг номинал қийматини аниқлашда унинг хорижий валютадаги миқдоридан эмас, балки таъсис ҳужжатлари рўйхатдан ўтказилган санада бухгалтерия ҳисобида қайд этилган, 8330-«Пай ва улушлар» счётида акс эттирилган сўмдаги миқдоридан келиб чиқиш лозим. Устав капитали миқдорлари ва хўжалик юритувчи субъектнинг, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар муассислари (иштирокчилари) улушлари нисбати қайта баҳоланмайди (22-сон БҲМС 16-б., АВ рўйхат рақами 1364, 21.05.2004 й.). АҚШ доллари курси доимий равишда ошиб боради. Агар унинг хорижий валютадаги миқдоридан келиб чиқиб реализация қиладиган бўлсангиз, сиз номинал қийматдан юқори суммага реализация қилган бўласиз. Чунки унинг сўмдаги эквиваленти бошқа суммани ташкил этади ва у бухгалтерия ҳисобида акс эттирилган номинал қийматдан анча юқори бўлади.
Корхонанинг бошқа юридик шахс УФдаги улуши мулкий ҳуқуқ ҳисобланади. Солиқ солиш мақсадида мулкий ҳуқуқлар товар деб эътироф этилади. Юридик шахснинг УФдаги улушини реализация қилиш ҚҚСдан озод этиладиган товарларни реализация қилиш бўйича айланма деб тан олинади (СК 45-м. 3-қ., 238-м. 1-қ. 1-б., 244-м. 1-қ. 3-б.).
Бошқа юридик шахс УФдаги улушнинг чиқиб кетишидан олинган даромад фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда жами даромад таркибига киритилади. Даромад миқдори бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланади (СК 297-м. 3-қ. 6-б., 298-м. 1-қ.).
2. Устав фондидаги улушни реализация қилишда харидорнинг номига ЭҲФ тақдим этилади (СК 47-м.). Айланма ҚҚСдан озод этилганлиги сабабли ЭҲФ ҚҚСсиз расмийлаштирилади. Кейин эса ушбу ЭҲФ автоматик тарзда Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босувчи ҳужжатлар) реестрида (ҚҚС ҳисоб-китобига 4-илованинг 2-жадвали, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.) реализация қилиш бўйича ЭҲФлар таркибида акс этади.
Кейин реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС ҳисоб-китоби 2-«Солиқ даврида қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган ва ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмалари» иловасининг 0201-сатрида имтиёз кўрсатилган ҳолда кўрсатилади, ушбу суммалар автоматик тарзда 2-илованинг 010 ва 020-сатрларида акс этади. Шунингдек, ушбу айланма ҚҚС ҳисоб-китоби 1-«Солиқ давридаги товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар» иловасининг 010821-сатрида кўрсатилиши лозим, ва у автоматик тарзда 1-илованинг 010, 01082, 0108-сатрларида акс этади.
УФдаги улушни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод этилганлиги сабабли ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасига таъсир кўрсатади. Бунинг ҳисобга олишга қандай таъсир кўрсатиши корхонанинг ҳисоб сиёсатида тасдиқланган ҚҚСни ҳисобга олиш усулига боғлиқ бўлади. Мазкур ҳисоб-китоблар ҚҚС ҳисоб-китоби 3-«Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси» иловасида акс эттирилади.
Бошқа юридик шахс УФдаги улушнинг чиқиб кетишидан даромад Фойда солиғи ҳисоб-китоби (3-илова, АВ рўйхат рақами 3221) 1-«Жами даромадлар» иловасининг 050-сатрида акс эттирилади. Ушбу сумма автоматик равишда жами даромад таркибига киритилади.
3. Улушни бошқа юридик шахснинг УФга реализация қилиш хизматлар кўрсатиш эмас, балки товарни реализация қилиш ҳисобланади. Бунда фойда солиғи ёки ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси қўлланилмайди. 0%лик солиқ ставкасини қўллаш шартлари СКнинг 260, 261-моддалари, 337-моддаси 9-қисмида белгиланган.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.