Агар камерал текширув чоғида солиқчиларда солиқ тўловчига нисбатан эътирозлар пайдо бўлса, бу ҳар доим ҳам талабнома тақдим этиш билан тугамайди. Камерал текширувнинг эҳтимолий оқибатларини НҲҲга ҳаволалар билан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА жадвалда тўплади:
– Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ва солиқ органида мавжуд бўлган бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида ўтказилади. Унинг мақсади – солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан солиқлар ва йиғимлар тўғри ҳисобланишини, ўз вақтида ва тўлиқ бюджет тизимига тўланишини текшириш.
Уни ўтказиш қоидаларини Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом (7.01.2021 й. 1-сон ВМҚга 2-илова) тартибга солади.
Агар солиқ органида солиқ тўловчига нисбатан эътирозлар юзага келган бўлса, камерал текширув оқибатининг бир нечта сценарийлари мавжуд:
Солиқ органининг ҳаракатлари |
Солиқ тўловчининг ҳаракатлари |
Тафовутлар ёки хатолар аниқланганда |
|
Талабнома тақдим этилади (Низом 38-б.). Солиқ тўловчининг тақдим этган асосномаси улар олинган кундан эътиборан 15 кун ичида солиқ органининг раҳбари (раҳбари ўринбосари) томонидан кўриб чиқилади (Низом 41-б.). Аниқланган тафовутлар бўйича тақдим этилган асосномаларга тўлиқ ёки қисман розилик берилган тақдирда, солиқ органи олдин юборилган талабнома бекор қилинганлиги тўғрисидаги билдириш хатини ёхуд солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисидаги аниқлаштирилган талабномани 3 кун ичида солиқ тўловчига юборади (Низом 42-б.). Агар солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаса ёки аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни тақдим этмаса ёхуд тақдим этган асосномалар етарли эмас деб топилса солиқ органи солиқ тўловчига солиқ аудитини тайинлашга ҳақли (Низом 43-б.). |
Талабнома олинган кундан бошлаб 10 кун муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосларини тасдиқловчи ҳужжатлар билан тақдим этиш зарур (Низом 39-б.). Тафовутларнинг асосномаси сифатида солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини тақдим этиш мумкин (Низом 40-б.). |
Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда (СК 28-боб) |
|
Текширув далолатномаси тузилади (Низом 44-47-б.). Солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар: ● СКнинг 165-моддаси 7-12-қисмларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади, СКнинг 223-224-моддаларида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно. Қарор СКнинг 166-моддасида назарда тутилган тартибда қабул қилинади; ● СКнинг 223, 224-моддаларида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар СКнинг 158-моддасида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади. Қарор СКнинг 159-моддасида назарда тутилган тартибда қабул қилинади (Низом 48-б.). Солиқ органи раҳбари (унинг ўринбосари) 5 кун ичида қарор қабул қилади (Низом 49-б.). Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш ва қўшимча солиқларни ҳисоблаш тўғрисидаги қарор, у қабул қилинган кундан кейин 2 кун ичида юборилади (Низом 50-б.). Солиқ тўловчи камерал солиқ текшируви натижалари бўйича қабул қилинган қарорни ихтиёрий бажармаган тақдирда, солиқ қарзини ундириш СКнинг 120-124-моддаларида назарда тутилган тартибда солиқ органи томонидан мустақил равишда амалга оширилади (Низом 53-б.). Юқори турувчи солиқ органига тушган шикоятларни кўриб чиқиш СКнинг 30-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади (Низом 56-б.). |
Агар сиз солиқчиларнинг хулосасига қўшилсангиз, молиявий санкцияларни имкон қадар тезроқ тўлаганингиз маъқул. Агар бу солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор олинган кундан эътиборан 10 кун муддатда амалга оширилса, жарима суммаси СК тегишли моддасида белгиланган миқдорга нисбатан 2 бараварга камайтирилади (СК 28-боби, Низом 50-б.). Агар сиз солиқчиларнинг хулосасига қўшилмасангиз ёки қисман қўшилсангиз, қарор устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиш мумкин (Низом 55-б.). |
Агар камерал текширув ҚҚС суммасини қоплаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш мақсадида тайинланса, ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом (14.08.2020 й. 489-сон ВМҚга 1-илова) қоидалари қўлланилади.