ёки товар келиб чиқиш сертификатини қўллашнинг аҳамияти хусусида
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 300-моддасига мувофиқ тариф преференциялари божхона божларини тўлашдан озод этиш, божхона божлари ставкаларини камайтириш ёки муайян давлатларда ишлаб чиқарилган товарларни божхона ҳудудига преференциал олиб кириш ёки ушбу ҳудуддан преференциал олиб чиқишда квоталар белгилаш тарзида берилади.
Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ мамлакатимиз билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки республикамиз эркин савдо режимини белгилаган давлатларда ишлаб чиқарилган ва ушбу давлатлардан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга нисбатан божхона божлари қўлланилмайди.
Шу билан бирга, бож тарифи билан белгиланган ставкалар миқдоридаги божхона божлари Ўзбекистон Республикаси савдо-иқтисодий муносабатларида энг кўп қулайлик бериш режимини қўллаётган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан, товарни жўнатувчи ва экспорт қилувчи мамлакатдан қатъи назар, қўлланилади.
Тариф преференцияларини қўллаш импорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиш мамлакати сертификати асосида амалга оширилади.
2021 йилнинг январь–май ойлари мобайнида 1,6 трлн сўм (2020 йилнинг мос даврида – 1,3 трлн сўм ) миқдорда тариф преференциялари қўлланилган ҳолда божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.
Афсуски, яратилган кенг имкониятларга қарамай, айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар тариф преференцияларини қўллаш орқали божхона тўловларини тўламаслик мақсадида товарнинг келиб чиқиш сертификатини қалбакилаштиришга уринган ҳоллар учрамоқда.
Шунингдек, товарнинг келиб чиқиш сертификатига қўйилган минимал талабларнинг ҳам бажарилмай қолиши оқибатида юк-кузатув ҳужжатларидаги маълумотлар ўзаро номувофиқ бўлиши натижасида тадбиркорлик субъектларига ҳам қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.
Шу ўринда божхона ходимлари томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида товарнинг келиб чиқиш мамлакати сертификати ҳаққонийлигини текшириш алоҳида аҳамиятга эга масалалардан ҳисобланади.
Мисол учун, Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган товарларга берилган келиб чиқиш сертификатининг ҳаққонийлигини https://verification.tpprf.ru сайти орқали текшириб, маълумотлар мос келганда божхона расмийлаштирувини амалга ошириш мумкин.
Шунингдек, Германия Федератив Республикасининг https://cert.ihk.de сайти, Эрон Ислом Республикасининг http://сhambertrust.ir/co сайти, Грузиянинг www.rs.ge сайти, БААнинг www.abudhabichamber.ae ва www.dubaichamber.com сайтларидан ҳам фойдаланган ҳолда товарнинг келиб чиқиш сертификатлари ҳаққонийлигини текширса бўлади.
Бошқа мамлакатлардаги товарнинг келиб чиқиш сертификатини текшириш борасида учрайдиган муаммоларни ҳал қилишда қатор давлатлар билан электрон ҳужжат алмашинувини тартибга солиш орқали эришилади. Бунда, хусусан, маълумотларни интеграция қилиш, Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали кириб келган товарларнинг божхона расмийлаштирувини янада тезлаштириш натижаси ўлароқ Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинадиган «Бизнес юритиш» рейтингида Ўзбекистоннинг ўрнини янада юқорига кўтариш мумкин бўлади.
Ф.МУСТАФАЕВ,
Бухоро вилояти божхона бошқармаси «Когон» ТИФ божхона пости
катта инспектори,
божхона хизмати капитани.