НМАдан фойдаланиш ҳуқуқини бериш (қабул қилиш) бўйича операцияларни ҳуқуқ эгаси ва фойдаланувчи ўртасида тузилган қуйидаги шартномалар шартларидан келиб чиқиб ҳисобда акс эттиринг:
● лицензия шартномалари. Бу мутлақ, номутлақ ёки очиқ лицензия бўлиши мумкин;
● муаллифлик шартномалари (фан, адабиёт, санъат асарларидан фойдаланишнинг мутлақ, номутлақ ҳуқуқларини бериш тўғрисидаги);
● тижорат концессия шартномалари;
● уларга асосан корхонага НМАдан фойдаланиш ҳуқуқи бериладиган бошқа шунга ўхшаш шартномалар (7-сон БҲМС 57-б., АВ рўйхат рақами 1485, 27.06.2005 й.).
Бундай шартномаларга мисол сифатида ҳуқуқ эгаси томонидан:
● товар белгисидан муайян муддат мобайнида, маълум ҳудудда фойдаланиш ҳуқуқи;
● маҳсулотлар ишлаб чиқариш автоматлаштирилган бошқарувининг технологик дастуридан фойдаланиш ҳуқуқи;
● саноат намуналаридан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларнинг берилиши бўлиши мумкин.
1-вариант. Ҳуқуқ эгаси НМА объектига бўлган мутлақ ҳуқуқни топширмоқда
Мутлақ ҳуқуқ – бу фақатгина ҳуқуқ эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан учинчи шахсга берилиши мумкин бўлган мулкий ҳуқуқ, яъни бунда НМА харидорининг ўзи ҳуқуқ эгасига айланади ва активдан фойдаланиш ҳуқуқини учинчи шахсларга беришга ҳақли бўлади.
Мазкур ҳолда бу актив унинг харидорида НМА деб тан олиниши учун у барча мезонларга мувофиқ келиши керак.
2-вариант. Ҳуқуқ эгаси НМА объектига бўлган номутлақ ҳуқуқни топширмоқда
Бу ҳолатда активни сотаётган корхона НМАга бўлган мутлақ ҳуқуқни ўзида сақлаб қолади. У ҳуқуққа эгалик қилувчи корхона балансидан ҳисобдан чиқарилмайди, у бўйича амортизация ҳисоблаш давом эттирилади (7-сон БҲМС 58-б.).
НМАдан фойдаланувчи корхона томонидан қабул қилинган актив шартномада келишилган баҳода балансдан ташқари счётда ҳисобга олинади.
Қатъий бир марталик тўлов фойдаланувчи корхона томонидан келгуси давр харажатлари сифатида ҳисобда акс эттирилади ва шартноманинг амал қилиш муддати мобайнида ҳисобот даври харажатларининг тегишли моддаларига (таннарх, келгуси давр харажатлари) ҳисобдан чиқарилади.
Тақдим этилган НМА объектларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун даврий тўловлар фойдаланувчи корхона томонидан ҳисобот даври харажатларига (таннарх, давр харажатлари) киритилади.
Мисол. НМА объектидан фойдаланганлик учун тўловлар бухгалтерия ҳисоби.
Корхона ҳуқуққа эгалик қилувчи бошқа корхона номи остида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳуқуқини олишга 3 йиллик шартнома тузди.
Шартнома бўйича ҳуқуқнинг қиймати – 792 млн сўм.
Фойдаланувчи корхона 252 млн сўм миқдорида қатъий бир марталик тўловни амалга ошириб, қўшимча равишда ҳар ой 15 млн сўм тўлаб келмоқда.
Бухгалтерия ҳисоби:
Хўжалик операциясининг мазмуни |
Сумма, |
Счётлар корреспонденцияси |
|
дебет |
кредит |
||
НМАдан фойдаланиш ҳуқуқининг сотиб олиниши акс эттирилди |
792 |
016-«Фойдаланиш ҳуқуқида олинган номоддий активлар» |
|
Қатъий бир марталик тўлов тўлангани акс эттирилди |
252 |
3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари» |
5110-«Ҳисоб-китоб счёти» |
Қатъий бир марталик тўловнинг бир қисми харажатларга ҳисобдан чиқарилди |
7 |
2010-«Асосий ишлаб чиқариш» |
3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари» |
Ҳар ойлик тўлов харажатларга ҳисобдан чиқарилди |
15 |
2010-«Асосий ишлаб чиқариш» |
5110-«Ҳисоб-китоб счёти» |
НМА объектидан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилди |
792 |
|
016-«Фойдаланиш ҳуқуқида олинган номоддий активлар» |
Иброҳим АҲМАДХОНОВ,
Молия вазирлиги департаменти директори ўринбосари,
Олег ЦОЙ,
«Norma» МЧЖ эксперти.