Навбатдаги пресс-тур Миллий кинология марказига уюштирилди
Давлат божхона қўмитаси Миллий кинология марказида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ОАВ ходимлари ва ёшлар учун пресс-тур уюштирилди.
Тадбир давомида Миллий кинология маркази директори А.Турсунов журналистлар ва ёшларни марказ фаолияти билан яқиндан таништирди. Таъкидлаш жоизки, Марказ БМТ, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан юксак эътироф этилган бўлиб, 2008 йилда Жаҳон божхона ташкилоти томонидан минтақавий кинология маркази мақоми берилган.
Марказда Ўзбекистон ва хорижий давлатлар кинология хизматлари учун хизмат итларини тайёрлаш, танлаш, сотиб олиш, кўпайтириш ва парваришлаш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, халқаро лойиҳалар доирасида хорижий давлатлар кинология хизматлари вакиллари ўқитилади.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг ушбу йўналишдаги жамоат ташкилотлари ҳамда кинология хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик дастурлари доирасида зотдор хизмат итларини кўпайтириш, сотиб олиш, сотиш ва алмашиш йўлга қўйилган.
Марказ зиммасига Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кинология хизматларини услубий таъминлаш, малакали кинологларни ва наслдор хизмат итларини тайёрлаш ва қайта тайёргарликдан ўтказиш каби вазифалар юклатилган.
Ўтган давр мобайнида Марказ нафақат республикамизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида том маънода кинолог ва хизмат итларини тайёрловчи таянч ўқув марказига айланди.
Марказда гиёҳвандлик воситаларини қидириш, қурол-яроқ, ўқ-дори ва портловчи моддаларни қидириш, антитеррор, из-қидирув, ҳимоя-қоровул хизмати, қидирув-қутқарув хизмати, валюта қимматликларини қидириб топиш, мина қидирув, тамаки маҳсулотларини қидириш, шунингдек, ўсимликлар уруғларини қидириш каби йўналишлар бўйича хизмат итлари тайёрланади.
Президентнинг 2018 йил 12 апрелдаги «Давлат божхона органлари фаолиятини тубдан такомилаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5414-сон Фармони талабларидан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 декабрда «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1029-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга асосан хизмат итларида турли вазиятларда вазифани бажариш кўникмасини шакллантириш учун Марказда реал шароитга максимал даражада яқинлаштирилган зарур инфратузилма яратилди. Хусусан, хизмат итлари билан амалий машғулотлар ўтказиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида дала шароитини тўла-тўкис ўзида акс эттирувчи машқ майдонлари, турли тўсиқлар ҳамда қидирув машқларини ўтказиш учун мосламалар, темир йўл вагони, теплоход, самолёт, контейнерлар, енгил ва юк автоуловлари, автобус, сунъий харобалар, тоғ-тошли рельеф, божхона назоратидан ўтказиш пункти макетлари яратилган.
Шунингдек, кинология хизмати фаолиятидан самарали фойдаланиш мақсадида ҳудудий бошқармалар хизмат итларини ташиш учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситалари билан таъминланган.
Ўтган йиллар давомида Марказда божхона органларининг кичик-инспектор кинологлари турли йўналишлар бўйича ўқув курсларида ўқитилиб, 860 бош хизмат итлари тайёрлаб берилди.
Пресс-тур иштирокчилари Марказ фаолияти, кинологлар томонидан хизмат итларини тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишишди. Айниқса, ёшлар божхона соҳасини нақадар масъулиятли соҳа эканлигини теран англаб етиб, хизмат итлари кўмагида турли жиноятларнинг олди олинишига бевосита гувоҳ бўлишди.
Тадбирда иштирок этган БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал ушбу Марказда фаолият олиб бораётган кинологлар маҳорати ва хизмат итларининг тайёргарлик даражасига юқори баҳо берилди.
Шунингдек, Марказ фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги амалий ҳамкорлик изчил давом эттирилиши маълум қилинди.
Жавоҳирбек КАРАМАТОВ,
ДБҚ Ахборот хизмати катта инспектори.