Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 18 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Банк маҳсулотларида яширин комиссиялар энди бўлмайди

 

Кредит олувчилар фақат кредит мажбуриятларини бажариш босқичида билишлари мумкин бўлган яширин комиссиялар ва қўшимча йиғимлар ўтмишда қолади. Марказий банк Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳа (ID-43462) 8.05.2021 йилгача муҳокама қилиш учун жойлаштирилган.

Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати бошлиғи Баҳодир Мирзаев режалаштирилган ўзгаришларга қуйидагича изоҳ берди:

 

– МБнинг банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати кредитлар/омонатлар бўйича асосий шартлар тўғрисидаги Ахборот варақасининг шаклларини ишлаб чиқди. Янгилик молиявий хизматлар кўрсатиш сифатини, очиқлигини ва шаффофлигини ошириши керак.

Шуни таъкидлашни истардимки, ахборотни ошкор қилиш ва шаффофлик молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосидир. Молиявий хизматларни етказиб берувчиларнинг реклама қилиш ва сотишда агрессив, чалғитувчи усуллардан фойдаланиши, истеъмолчилар молиявий саводхонлик даражасининг пастлиги улар томонидан нотўғри танлов қилишга олиб келиши мумкин. Кўпинча, реклама эълонларида тегишли йиғимлар ва шартлар хақида маълумотлар тўлиқ бўлмаслиги мумкин.

Шунингдек, ахборот тушуниш қийин бўлган матн шаклида тақдим этилиши мумкин. Натижада, истеъмолчилар кредит маҳсулоти бўйича сарфланадиган барча харажатларни ёки харажатларга таъсир қилиши мумкин бўлган шартларини билмасликлари мумкин.

Шартномани тузишдан олдин муайян маълумотларга эга бўлмаган истеъмолчиларда маҳсулотларни таққослаш ва онгли равишда танлаш имконияти бўлмайди, яъни қандай кредит маҳсулоти уларнинг аниқ эҳтиёжлари учун мос келишини билмайдилар.

Таклиф этилаётган ўзгаришлар қабул қилингандан сўнг, мижозларга Ахборот варақасининг ягона шаклда тақдим этиш барча тижорат банклари учун, шу жумладан уларнинг расмий веб-сайтларида интерактив шаклда мажбурий бўлиб қолади. Бу, кредит ва омонатлар бўйича маҳсулотни таққослаш ва тўғри танлаш имконини берадиган, қулай ва универсал восита бўлиб қолади.

Шаклларни ишлаб чиқишда халқаро тажриба ва ахборотни ошкор қилишга доир қулай шарт-шароитларни яратиш ва шартномага қадар талабларни ишлаб чиқишда олинган сабоқлар ҳисобга олинди.

Бундай мажбуриятнинг киритилиши шунингдек рақобатни кучайтиради – бу нархларнинг тушишига ва таклиф қилинаётган маҳсулотлар сифатини яхшилашга хизмат қилади. Бир қатор хорижий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ахборотни ошкор қилиш истеъмолчилар хатти-ҳаракатлари ва бозор шароитларига ижобий таъсир кўрсатади.

 

Саида Жонизоқова тайёрлади.

Прочитано: 286 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика