ЎзР резиденти бўлган жисмоний шахс 2019 йилда асосий иш жойида меҳнат шартномаси бўйича ва яна иккита жойда ФҲШ бўйича ишлаган.
У солиқ инспекциясига жами йиллик даромади тўғрисида декларация тақдим этиши лозимми?
– Декларация асосида солиқ солинадиган даромадларга Ўзбекистон Республикаси резидентларининг қуйидаги даромадлари киради (2007 йилги таҳрирдаги СК 189-м. 1-қ.):
● мулкий даромадлар, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса;
● фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлар;
● асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлар;
● ЎзР ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар;
● солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар.
Юқорида санаб ўтилган ЎзРдан ташқаридаги манбалардан ва солиқ агентлари ҳисобланмаган манбалардан олинган даромадларга фақат декларация асосида солиқ солинади. Асосий бўлмаган иш жойидан олинган даромадларнинг бошқа турларидан ЖШДС ушлаб қолинган бўлса, даромадлар тўғрисида декларация тақдим этилмайди (2007 йилги таҳрирдаги СК 189-м. 2-қ.).
2 ва ундан кўп манбадан олинган, солиқ солиниши лозим бўлган даромадлар декларация асосида солиқ солинадиган даромадлар рўйхатидан чиқарилган. 2019 йил 1 январдан табақалаштирилган ЖШДС солиш шкаласи бекор қилинган. ЎзР резиденти бўлган жисмоний шахснинг даромадларига, бундан дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадлар мустасно, 12%лик ставка бўйича солиқ солинади (2007 йилги таҳрирдаги СК 181-м.).
Бинобарин, жисмоний шахснинг асосий иш жойи ва ФҲШ бўйича олган даромадларига ЖШДС солинган бўлса, йиллик жами даромадлари тўғрисида декларация тақдим этилиши шарт эмас.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
Norma» МЧЖ эксперти.