Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 8 / Солиқ кодексини ўрганамиз

Солиқ соҳасига оид саволлар

 

Ўқувчиларимиздан тушган саволларга молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг жавобларини эълон қилишда давом этамиз.

 

Хусусий, оилавий корхоналар ва фермер хўжаликлари соф фойдасига солиқ қандай солинади

1 апрелгача тақсимланган, кейинроқ тўланган дивидендлардан солиқ ушлаб қолиш лозимми? ХКларнинг тақсимланадиган соф фойдасига солиқ солиш керакми?

– Ҳа, 5% ставка бўйича дивиденд солиғи солинади.

2020 йил 1 апрелдан бошлаб хусусий корхона мулкдорига, оилавий корхона иштирокчисига ёки фермер хўжалиги бошлиғига улар тасарруфида қолган фойда суммасидан тўланадиган даромадлар дивидендларга тенглаштирилади (СК 41-моддаси 4-банди).

Юридик шахс томонидан тўланадиган дивидендларга тўлов манбаида солиқ солинади (СК 343-моддаси).

Дивиденд солиғи ставкаси – 5% (СК 381-моддаси).

 

Хусусий корхона, оилавий корхона ва фермер хўжалигининг тақсимланадиган, яъни – мулкдорга бериладиган фойдасига солиқ солиш лозим. Фойда тақсимланмаганда солиқ оқибатлари вужудга келмайди.

Молия вазирлиги ва ДСҚнинг 30.12.2019 йилдаги ахборот хабарида 2007 йил таҳриридаги СК билан тақдим этилган солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар 2020 йил 1 апрелгача амал қилади дейилган. Шу муносабат билан хусусий корхонанинг 2019 йил ва 2020 йил I чораги учун фойдасини 1 апрелгача дивиденд солиғи тўламасдан олиш мумкинми?

– Ҳа, мумкин. Хусусий корхона, оилавий корхона ва фермер хўжаликларининг соф фойдасига солиқ солишдан озод этиш бўйича имтиёз 2020 йил 1 апрелгача амал қилади. Бу солиқ имтиёзларини бекор қилишни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари расман эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ой ўтгач амалга киритилиши билан боғлиқ (СК 4-моддаси).

Шу боис сиз 2020 йил 1 апрелга қадар 2019 йил якунлари бўйича олинган фойдани солиқ ушлаб қолмасдан олишингиз мумкин.

2020 йил I чораги якунларини сиз 1 апрелдан кейин чиқаришингиз мумкин. Шу боис I чорак учун фойдани тақсимлаш чоғида сиз 5% ставка бўйича дивиденд солиғини ушлаб қолишингиз лозим бўлади.

Оилавий корхонанинг 2019 йил якунлари бўйича фойдаси унинг иштирокчиларига тақсимланди. Оилавий корхонанинг иштирокчилари 2020 йил 1 апрелга қадар тақсимланган дивидендларни 2020 йил давомида дивиденд солиғини тўламасдан олишга ҳақлими?

 

Йўқ, мумкин эмас. Солиқ агенти дивидендлар тарзида тўланадиган даромадларга нисбатан солиқ суммасини алоҳида ҳар бир олувчи бўйича кўрсатилган даромадларни ҳар бир тўловга татбиқан белгилайди (СК 345-моддаси). Даромадни тўлаш куни даромадни олиш куни сифатида белгиланади (СК 367-моддаси).

Шу туфайли дивидендлар 2020 йил 1 апрелдан кейин тўланган тақдирда сиз 5% ставка бўйича солиқ ушлаб қолишингиз лозим.

 

ҚҚС бўйича мақсадли имтиёзлар

Корхона Президент қарори билан тақдим этилган ва 2022 йил 1 январга қадар амал қиладиган ҚҚС бўйича мақсадли имтиёздан фойдаланади. Имтиёзни унинг амал қилиш муддати тугагунига қадар қўллаш мумкинми? Агар мумкин бўлса, унинг мақсадли йўналиши сақлаб қолинадими?


– Ҳа, имтиёзни унинг амал қилиш муддати тугагунига қадар қўллаш мумкин. Унинг мақсадли йўналиши сақланиб қолади.

30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг ­4-моддасига асосан, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тақдим этилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади. Бунда СКнинг 75-моддасига асосан солиқлар бўйича имтиёзлар солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириши шарти билан берилиши мумкин. Бундай маблағлар мақсадли ишлатилмаган тақдирда мақсадсиз ишлатилган маблағлар суммаси белгиланган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга ундирилиши лозим.

Солиқлар бўйича имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшаган ва мазкур имтиёзларнинг амал қилиш даврида фойдаланилмаган маблағлар суммаси берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг бир йил давомида уларни тақдим этишда белгиланган мақсадлар учун йўналтирилиши мумкин. Бунда белгиланган муддатда фойдаланилмаган маблағлар бюджетга ўтказилиши лозим.

Шунингдек, СКнинг 75-моддасида назарда тутилишича, ҚҚС бўйича имтиёзлар, шу жумладан товарлар Ўзбекистоннинг ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилиши мумкин эмас. Бу норма 2020 йилдан бошлаб жорий этиладиган имтиёзларга татбиқ этилади.

Шу тариқа, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар корхона ушбу қарорлар билан тақдим этилган имтиёзларни қўллашга ҳақли ва улардан мақсадли фойдаланилишини таъминлаши шарт.

 

Турли вазиятлар учун автотранспорт бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш

2020 йилдан бошлаб автотранспорт бўйича ҚҚС ҳисобга олинмайди, башарти уни сотиб олиш фаолият турини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаса. Ушбу чеклов нимани билдиради?

 

– 2019 йилдан бошлаб асосий воситалар, жумладан автотранспорт бўйича ҚҚС 12 ой давомида тенг улушларда (кўчмас мулк объектлари бўйича – 36 ой) ҳисобга олина бошлаган. Илгари ҚҚС суммаси сотиб олинган асосий воситалар қийматига киритилган.

2020 йил 1 январдан бошлаб мазкур тартиб ўзгартирилди: солиқ тўловчиларга сотиб олинадиган асосий воситалар бўйича ҚҚС суммасини бир йўла ҳисобга олиш ҳуқуқи тақдим этилди, солиқ солинмайдиган оборотлар учун фойдаланилаётган ёки улар бўйича ҳисобга олишга чеклов ўрнатилган асосий воситалар бундан мустасно.

Шу тариқа, 2019 йилда автотранспорт бўйича ҚҚСни қисман ҳисобга олган солиқ тўловчилар, унинг қолган суммасини 2020 йилда бир йўла ҳисобга олишга ҳақлидирлар.

 

МИСОЛ. 2019 йилда сотиб олинган автомобиль бўйича ҚҚС қолдиғини ҳисобга олиш

2019 йилда ҚҚС тўловчи корхона директорнинг хизмат сафарлари учун енгил автомобиль сотиб олди. Етказиб берувчига тўланган ҚҚС 15 млн сўмни ташкил этди. 2019 йилда солиқ суммаси қисман 5 млн сўм миқдорида ҳисобга олинди. ҚҚСнинг қолган 10 млн сўм миқдоридаги суммасини корхона, башарти реализация қилиш бўйича барча айланмаларга ҚҚС солинса, 2020 йилнинг январь ойида ҳисобга олиши мумкин.

СКнинг 267-моддасига асосан енгил автомобилларни, мотоциклларни, вертолётларни, моторли қайиқларни, самолётларни, шунингдек моторли воситаларнинг бошқа турларини ва улар учун ёқилғини сотиб олиш чоғида тўланган ҚҚС, агар сотиб олиш амалга оширилаётган фаолият турига боғлиқ бўлмаса, ҳисобга олинмайди. Мазкур чеклов 2020 йилдаги сотиб олишларга татбиқ этилади.

Агар, масалан, автотранспорт сотиб олиниб, корхона раҳбарияти ва ходимлари томонидан фаолият турини амалга ошириш (маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш) билан боғлиқ бўлмаган шахсий мақсадларда фойдаланилаётган бўлса, у бўйича ҚҚС ҳисобга олинмайди. Агарда автомобиллардан тадбиркорлик мақсадларида фойдаланилаётган бўлса, сотувчига тўланган ҚҚС ҳисобга олиниши мумкин.

Шу автомобиль учун харид қилинган ёқилғи бўйича ҚҚС ҳам худди шу тартибда ҳисобга олинади.

Ушбу янгилик ҳисобга олинадиган ҚҚСни ошириш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолларини олдини олишга қаратилган.

 

МИСОЛ. Асосий фаолиятда фойдаланиладиган автомобиллар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш

Реклама фирмаси қуйидагилар учун иккита енгил автомобиль сотиб олди:

раҳбарнинг кундалик хизмат ишлари билан автомобилда юриши учун;

бухгалтерия, таъминот, сотувлар, шартнома бўлимлари ва бошқа бўлимлар ходимларининг хизмат ишлари билан юриши учун.

Ушбу ҳолларда автомобилларни сотиб олиш чоғида тўланган ҚҚС ҳисобга олиниши лозим, сабаби улардан тадбиркорлик фаолияти доирасида фойдаланилмоқда.

Солиқ органлари солиқ тўловчининг фаолиятини ўрганган ҳолда унинг суғурта полислари, йўл-транспорт ҳодисалари, ЙҲҚни бузганлик учун жарималар, автотранспорт воситасининг босган йўли ва бошқаларни таҳлил қилади. Агар бунда автомобиль корхонада ишламайдиган ёки расмиятчилик учун расмийлаштирилган бошқа ходимлар томонидан бошқарилиши далиллари аниқланган тақдирда бунга ҚҚСнинг тўлиқ тўланмаганлиги сифатида қаралиши мумкин. Ҳуқуқбузарлар СКнинг ­224-моддасига мувофиқ ғайриқонуний тарзда ҳисобга олинган солиқнинг 20%и миқдорида жарима тўлашларига, шунингдек ҳисобга олиш суммасига камайиш томонга тузатиш киритишларига тўғри келади.

Бундан ташқари, транспорт воситасининг таъсисчилар ёки уларнинг оила аъзолари томонидан бошқарилиши шу транспорт воситасининг амортизацияси бўйича харажатларнинг ғайриқонуний чегирилиши ҳисобига фойда солиғи бўйича солиқ базасининг камайтирилиши сифатида қаралиши мумкин. Шунингдек, бу дивидендлар тарзидаги ёки моддий наф тарзидаги даромадлар бўйича тўлов манбаида солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида баҳоланиши мумкин.

 

Қурилишни молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга ошираётган юридик шахсларга ҚҚС солиш

Объектлар қурилишини молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга ошираётган юридик шахслар ҚҚС ва фойда солиғини тўлашлари шарт, яъни – айланмадан олинадиган солиқ тўлашга ҳақли эмас. Ушбу талаб марказлаштирилган манба ҳисобига қурилишнинг барча иштирокчилари – ҳам бош пудратчи, ҳам ёрдамчи пудратчиларга татбиқ этиладими?

 

– 2020 йил 1 январга қадар амал қилган Солиқ кодексига асосан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби асосида солиқ тўловчилар қурилиши молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаларини жалб этган ҳолда амалга оширилаётган объектлар бўйича ҚҚС тўлашлари шарт бўлган (2007 йилдаги СКнинг 349-моддаси).

Бунда мазкур норма қурилишни молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига амалга ошираётган юридик шахсларга – бош пудратчиларга татбиқ этилган, бу қурилишда иштирок этувчи ва умумий қурилиш доирасида алоҳида ишларни (хизматларни) бажарадиган ёрдамчи пудратчиларга тегишли эмас.

Янги СКда мазкур норма сақланиб қолган, лекин унга аниқлик киритилган: марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектлар (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қурилишини амалга оширувчи юридик шахслар айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ҳақли эмас (СКнинг 461-моддаси).

Шу тариқа, ҚҚС тўлаш тўғрисидаги талаб буюртмачи билан қурилиш пудрати шартномасини тузган пудратчига (бош пудратчига) тааллуқли. Бош пудратчи билан марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни қуриш юзасидан пудрат шартномасини тузган ёрдамчи пудратчиларга ҚҚС ва фойда солиғи тўлашга ўтиш тўғрисидаги талаб татбиқ этилмайди.

 

buxgalter.uz сайти материали асосида.

Прочитано: 475 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика