Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 8 / Бухгалтерга тавсиялар

ҚҚС тўлаш мақсадида реализация қилиш жойи қандай аниқланади

 

Реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилганда, хизматларни импорт қилиш чоғида айланмадан олинадиган солиқни тўлайдиган солиқ тўловчи ҚҚС тўлаши лозимми? ҚҚС тўловчиси бўлсангиз ва реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланмаса, товарлар (хизматлар)ни экспорт қилишда ҚҚС тўланиши керакми? Транспорт-экспедиторлик хизматларини импорт қилишда ва реализация қилишда реализация қилиш жойи қандай аниқланади? Реализация қилиш жойини аниқлаш қоидаларини амалиётдан олинган айрим вазиятлар мисолида кўриб чиқамиз. 

 

Реализация қилиш жойи Ўзбекистон бўлган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солиш объектидир (СК 238-м. 1-қ.).

Товарлар (хизматлар) харидорлари, яъни солиқ тўловчи сифатида ҳисобда турмайдиган чет эл шахсларидан реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланган товарлар ва хизматларни харид қиладиган хўжалик юритувчи субъектлар солиқ агентлари деб эътироф этилади. Хусусан:

ЎзР юридик шахслари;

якка тартибдаги тадбиркорлар;

Ўзбекистонда фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи чет эл юридик шахслари (СК 255-м. 2-қ.).

Солиқ агентлари деб эътироф этиладиган шахслар ўзлари ҚҚС тўловчи ёки тўловчи эмаслигидан қатъи назар, тегишли ҚҚС суммасини ҳисоблаб чиқариши, солиқ тўловчидан уни ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт (СК 255-м. 6-қ.).

Контрактларнинг шартларига мувофиқ чет эл шахслари томонидан солиқни ҳисобга олмасдан хизматлар тақдим этилса, ушбу хизматлар бўйича солиқ базаси солиқ агентлари томонидан кўрсатилган хизматларнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда солиқни ҳисобга олмасдан аниқланади.

Бундай ҳолда солиқ агенти ҚҚСнинг тегишли суммасини мустақил тарзда ҳисоблаб чиқариши ва бюджетга ўтказиши шарт. Солиқ тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати тўланган солиқ суммасини ҳисобга киритиш ҳуқуқини беради (СК 255-м. 7, 9-қ.).

 

Товарларни реализация қилиш жойи

 

Солиқ кодексининг 240-моддасига мувофиқ қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаган биттаси бажарилан тақдирда, Ўзбекистон товарларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади:

1) товар ЎзР ҳудудида турган бўлса ва битим натижасида унинг ҳудудидан ташқарига чиқарилмайдиган бўлса;

2) товар жўнатиш ёки транспортда ташиш бошланган пайтда ЎзР ҳудудида турган бўлса.

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Россия компаниясига товар сотади ва ушбу мақсадлар учун товарни экспорт божхона режимига жойлаштиради

Мазкур ҳолатда белгиланган шартлардан бири бажарилади – товар юклаб жўнатиш ёки ташиш чоғида Ўзбекистон ҳудудида бўлган. Бинобарин, реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилади, Ўзбекистон корхонасида ҚҚС солиш объекти юзага келади.

 

Эслатиб ўтамиз, товарларни чет эл валютасида экспорт қилишда (қимматбаҳо металлар бундан мустасно) товарларни реализация қилиш бўйича айланмага ноль даражали ставкада солиқ солинади (СК 260-м.).

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Россия компаниясига Германия ҳудудида турган товарни сотади

– Мазкур ҳолатда Солиқ кодексининг 240-моддасида белгиланган шартлардан ҳеч бири бажарилмайди, сабаби товар аввалбошдан республика ҳудудидан ташқарида бўлган. Ўзбекистон мазкур операцияни амалга ошириш жойи ҳисобланмайди, ҚҚС солиш объекти юзага келмайди.

 

Хизматларни реализация қилиш жойи

Хизматларни реализация қилиш жойини эътироф этиш шартлари Солиқ кодексининг 241-моддасида санаб ўтилган. Уларни айрим мисолларда кўриб чиқамиз.

 

ВАЗИЯТ. Россиянинг қурилиш компанияси Ўзбекистон корхонаси билан тузилган шартнома бўйича Ўзбекистонда спорт комплексини қуряпти. Компаниянинг Ўзбекистонда ваколатхонаси мавжуд эмас

– Норезидент томонидан бажариладиган ишлар кўчмас мулк (қурилиш объекти) билан боғлиқдир. Шу боис, ижро этувчи хорижий компания эканлигига қарамай, ишларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланади. Бинобарин, Россия компаниясининг қурилиш ишларига Ўзбекистонда ҚҚС солинади. Хизматлар буюртмачиси – Ўзбекистон корхонаси солиқ агенти сифатида чиқади (СК 241-м. 3-қ. 1-б.).

ВАЗИЯТ. Россия компанияси Ўзбекистон корхонасининг буюртмаси бўйича Тошкент шаҳрида уй-жой қуриш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқади. Лойиҳалаштириш ишлари Россияда бажарилади

– Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш хизматлари ЎзР ҳудудида жойлашган кўчмас мулк объектининг архитектура лойиҳасини ишлаб чиқиш билан боғлиқ бўлади. Бинобарин, Россия компаниясининг лойиҳалаштириш ишларига Ўзбекистонда ҚҚС солинади. Хизматлар буюртмачиси – Ўзбекистон корхонаси солиқ агенти сифатида чиқади (СК, 241-м. 3-қ. 1-б.).

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Қозоғистонда бино сотиб олади ва уни ижарага беради

– ҚҚС солиш мақсадида ижарага бериш хизмат деб эътироф этилади. Бино (кўчмас мулк) Ўзбекистон ҳудудида жойлашмаганлигини ҳисобга олиб, ушбу хизматни реализация қилиш жойи республика ҳудуди деб эътироф этилмайди. Шу боис ижара операциясида ҚҚС юзага келмайди (СК 241-м. 3-қ. 1-б.).

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Россия ҳудудида жойлашган заводни, бир нечта дастгоҳни ижарага олади ҳамда уларда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлари учун бутловчи буюмларни ишлаб чиқаради

Ўзбекистон корхонаси Ўзбекистондан ташқарида жойлашган кўчар мол-мулкни ижарага олганлиги сабабли ҚҚС тўланмайди (СК 241-м. 3-қ. 2-б.).

 

ВАЗИЯТ. Немис фирмаси Ўзбекистон ҳудудида немис фирмаларидан бирида ишлаб чиқарилган ускуналарга техник хизмат кўрсатади

– Ўзбекистон корхонаси Ўзбекистонда жойлашган кўчар мулк билан боғлиқ хизматларни норезидентдан сотиб олаётганлиги сабабли ЎзР уларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Тегишинча, бундай хизматларга ҚҚС солинади (СК 241-м. 3-қ. 2-б.).

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон улгуржи компанияси кейинчалик қайта сотиш учун импорт бўйича олиб келинадиган товарлар туркумига сертификатни расмийлаштириш хизматларини кўрсатадиган Россия компанияси билан шартнома тузди. Хизматлар РФ ҳудудида кўрсатилади

– Товар – бу кўчар мулк, сертификатлаш эса ушбу мол-мулк партияси билан бевосита боғлиқдир. Норезидент амалда РФ ҳудудида хизматлар кўрсатади, шу сабабли Ўзбекистон уларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайди. Тегишинча, ҚҚС тўланмайди.

 

Умумий овқатланиш, кўнгилочар, дам олиш ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар, туризм, меҳмонхона хизматлари ва жойлаштируви, маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спорт, ўқитиш (таълим) соҳасидаги, шу жумладан малака имтиҳонлари ўтказиш, семинарлар, малака ошириш курсларини, пуллик кўргазмаларни, конференцияларни, симпозиумларни ва бошқа шунга ўхшаш тадбирларни ташкил этишга доир хизматлар ҳақиқатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўрсатилса, хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилади. Мазкур банд қоидалари электрон шаклда кўрсатиладиган ўқитиш (таълим) соҳасидаги хизматларга нисбатан татбиқ этилмайди (СК 241-м. 3-қ. 3-б.).

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Туркия компаниясининг буюртмаси бўйича Истанбулда симпозиум ташкил этади

– Симпозиумларни ташкил этиш хизматлари уларни ўтказиш жойи бўйича белгиланганлиги сабабли, мазкур ҳолатда эса бу – Туркия, реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилмайди. Тегишинча, бундай хизматларни экспорт қилишда ҚҚС ҳисобланмайди.

 

ВАЗИЯТ. Хорижий компания Ўзбекистонда халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатади.

Хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилади. Бироқ Солиқ кодексининг 255-моддаси қоидалари мазкур Кодекснинг 243-245-моддаларида кўрсатилган товарларни (хизматларни) реализация қилишда қўлланилмайди (СК 255-м. 8-қ.).  Тегишинча, мазкур ҳолатда ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.

 

ВАЗИЯТ. Россия компанияси Ўзбекистонда машҳур артистларнинг концертларини ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатади

– Бундай хизматлар Ўзбекистонда кўрсатилганлиги сабабли, у реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Тегишинча, бундай хизматлар бўйича ҚҚС Ўзбекистон бюджетига тўланиши лозим (СК 241-м. 3-қ. 3-б.).

 

Солиқ кодексининг 241-моддаси 3-қисми 4-бандида ташиш ва (ёки) транспортда ташиш бўйича хизматлар ёхуд транспорт-экспедиторлик хизматлари сингари бевосита ташиш билан боғлиқ хизматларни реализация қилиш жойини эътироф этиш масалалари тартибга солинган (ФКнинг 726-м.).

Товарларнинг жўнатиш пункти ва белгиланган пункти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашиши шарти билан чет эл шахслари томонидан ташиш ва транспорт-экспедиторлик хизматлари кўрсатилганда, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади.

Норезидент томонидан бошқа давлатлардан Ўзбекистонга ва аксинча, Ўзбекистондан ушбу давлатларга юкларни ташиш ва (ёки) транспортда ташиш бўйича хизматлар ёхуд бевосита ташиш ва (ёки) транспортда ташиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатилганда, бундай хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилмайди. Тегишинча, бундай хизматларни импорт қилишда ҚҚС юзага келмайди.

Резидент бошқа давлатлардан Ўзбекистонга ва аксинча, Ўзбекистондан ушбу давлатларга юкларни ташиш бўйича транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатганда, Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Хизматга 15%лик ставка бўйича ҚҚС солинади.

Товарларнинг жўнатиш пункти ёки белгиланган пункти Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган тақдирда, товарларни ҳаво кемалари, темир йўл транспорти ёки автотранспорт воситалари орқали халқаро ташиш бўйича хизматларни реализация қилишда ноль даражали ставка бўйича солиқ солинади (СК 263-м.).

Бинобарин, агар резидент бошқа давлатлардан Ўзбекистонга ва аксинча, Ўзбекистондан ушбу давлатларга юкларни халқаро ташиш хизматларини кўрсатади, бундай хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилади. Бироқ, реализация қилишга ноль даражали ставка бўйича солиқ солинади.

 

ВАЗИЯТ. Россиянинг транспорт компанияси Ўзбекистон корхонасининг буюртмасига асосан юкларни Россиядан Ўзбекистонга ташийди

– Мазкур ҳолатда Россия транспорт хизматларини реализация қилиш жойи деб эътироф этилади, шу сабабли Ўзбекистон корхонасида ҚҚС бўйича мажбуриятлар юзага келмайди.

 

Вазият. Ўзбекистон компанияси Россия корхонасига Ўзбекистондан Россияга юкларни ташиш хизматларини кўрсатади

– Мазкур ҳолатда реализация қилиш жойи – Ўзбекистон, агар жўнатиш пункти ва (ёки) белгиланган пункт Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлса, ижро этувчи – ЎзР резидентининг фаолият юритиш жойига қараб аниқланади (СК 241-м. 3-қ. 4-б.).

 

ВАЗИЯТ. Ўз мамлакатида фаолият юритадиган хорижий реклама фирмаси Ўзбекистон корхонаси билан тузилган шартнома бўйича хориж босма нашрида ушбу корхона ва унинг маҳсулотлари тўғрисидаги мақолани жойлаштирди

– Мазкур ҳолатда хизматлар чет элда кўрсатилганлиги сабабли, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайди. Тегишинча, бундай хизматларни импорт қилишда Ўзбекистон корхонасида ҚҚС бўйича мажбурият юзага келмайди (СК 241-м. 3-қ. 9-б.).

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси хориждаги ташкилотнинг буюртмаси бўйича матнларни ўзбек тилига таржима қилишга оид хизматларни кўрсатади. Тайёр бўлган таржима буюртмачига электрон почта орқали жўнатилади

– Реализация қилиш жойи харидорнинг фаолият юритиш жойига қараб белгиланади, ҚҚС тўланмайди (СК 241-м. 1-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Латвия консалтинг фирмаси билан Шарқий Европа бозорида ўз товарини илгари суриш мақсадида маркетинг тадқиқотини ўтказишга шартнома тузди

– Мазкур ҳолатда харидор (Ўзбекистон) фаолият юритадиган жой реализация қилиш жойи ҳисобланади. Шу боис маркетинг хизматларига ҚҚС солинади (СК 241-м. 1-қ.).

 

Хизматлар кўрсатиш асосий хизматларни реализация қилишга нисбатан ёрдамчи хусусиятга эга бўлса, бундай реализация қилиш жойи деб асосий хизматлар реализация қилинган жой эътироф этилади (СК 241-м. 5-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси Қозоғистон ҳудудида бурғулаш қурилмасини ўрнатади. Бундан ташқари, ишларни қабул қилиб олувчи қўшимча равишда ишлар бажарилиши учун зарур ускуналарни ташиш учун ҳақ тўлайди

– Кўчмас мулк объекти (бурғулаш қурилмаси) Қозоғистонда ўрнатилганлиги сабабли ишларни реализация қилиш жойи Қозоғистон ҳисобланади. Бошқа ҳолатларда ташиш хизматларини реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилиши лозим эди, бироқ мазкур ҳолатда бундай бўлмайди! Ташиш хизматлари асосий хизматларга (қурилмани ўрнатиш) нисбатан ёрдамчи хусусиятга эга ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистон ускунани ташиш хизматларини реализация қилиш жойи ҳисобланмайди ва мазкур ҳолатда унинг ҳудудида ҚҚС тўланмайди (СК 241-м. 5-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси хорижий компаниядан:

1) Ўзбекистон ҳудудида кинофильмни намойиш этиш ҳуқуқини;

2) норезидентнинг товар белгисидан Ўзбекистонда фойдаланиш ҳуқуқини;

3) айрим турдаги буюмларни ишлаб чиқаришга лицензияни сотиб олди

– Барча ҳолатларда ҳуқуқлардан фойдаланганлик учун хорижий компанияга тўланадиган айланмалар бўйича ҚҚС Ўзбекистонда тўланиши лозим, сабаби хизматлар харидори сифатида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган (СК 241-м. 1-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Ўзбекистон корхонаси компьютер дастурини ишлаб чиқди ва ундан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқни хорижий компанияга беради

– Дастурий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқини Интернет орқали тақдим этиш электрон шаклдаги хизмат ҳисобланади (СК 282-м. 1-қ. 1-б.).  Бироқ ЭҲМ дастурлари (шу жумладан компьютер ўйинлари) ва маълумотлар базаларини реализация қилиш (улардан фойдаланиш ҳуқуқларини тақдим этиш) моддий ташувчиларда амалга оширилса, бу хизмат электрон шаклдаги хизматлар жумласига киритилмайди (СК 282-м. 2-қ. 2-б.). Электрон шаклдаги хизматларни реализация қилиш жойи харидорнинг фаолият кўрсатиш жойига қараб белгиланади (СК 241-м. 3-қ. 10-б.).  Хорижий компания Ўзбекистон ҳудудида хўжалик фаолиятини амалга оширмаса, Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайди. Бунда ҚҚС солинадиган объект юзага келмайди (СК 241-м. 1-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Хорижий компания – норезидент ўз мамлакатида фаолият юритган ҳолда қўшма корхона – Ўзбекистон резидентига ҚКда ишлаш учун турли мамлакатлардан малакали кадрларни танлаш хизматларини кўрсатади

– Харидор Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга оширса, мамлакатимиз ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади. Шу боис ҚҚС Ўзбекистонда тўланиши лозим (СК 241-м. 1-қ.).

 

Замира ЖЎРАЕВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 528 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика