Уяли оператор биллинг тизими орқали уяли алоқа хизматларини кўрсатади. Бизга ҳисобварақ-фактурани тақдим этади, унда сумма сўм ва тийинда кўрсатилади. Ой якунлари бўйича уяли оператор томонидан ўзаро ҳисоб-китоблар солиштирма далолатномаси тақдим этилади, у биллинг тизимида шакллантирилади ва тийинлар яхлитланмайди. Натижада ҳисобда ҳисобварақ-фактураларга асосан оператор тақдим этган ўзаро ҳисоб-китоблар солиштирма далолатномаси ўртасида тафовутлар юзага келади.
Мазкур ҳолатда бухгалтерия ҳисобида тафовутни қандай тўғри акс эттириш лозим?
– Ўзаро ҳисоб-китоблар солиштирма далолатномаси – бу тарафлар томонидан тузиладиган ва имзоланадиган аниқ шартнома бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш. Унга хронологик тартибда шартнома асосида ўтказилган барча пул маблағлари бўйича операциялар, хусусан тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар суммалари киритилади. Далолатномага асосан муайян санада тарафлар ўртасида қарздорлик мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги аниқланади ва тасдиқланади.
Ўзаро ҳисоб-китоблар солиштирма далолатномасига бошқа манбалардан эмас, балки ҳисобварақ-фактуралардаги суммалар киритилиши лозим. Уяли операторнинг фаолият юритиш тартиби шундай бўлса, мижозлар билан ўзаро ҳисоб-китобларга доир барча ҳужжатлар биллинг тизимида шакллантирилиши сабабли тизимдаги иш ўзаро ҳисоб-китоблар солиштирма далолатномаси ва ҳисобварақ-фактураларда бир хил суммалар акс эттириладиган тартибда йўлга қўйилиши керак. Сиз иккинчи тараф сифатида ҳисобварақ-фактуралардаги суммалардан фарқ қиладиган солиштирма далолатномани имзоламасликка ҳақлисиз.
Мобил оператор ўзаро ҳисоб-китоблар солиштирма далолатномасидаги рақамлар тўғри эканлигини қатъий тасдиқлаган тақдирда, у тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиши лозим, улардаги суммалар солиштирма далолатномада кўрсатилган суммаларга тенглаштирилади.
Бухгалтерия ҳисобида ҳисобварақ-фактуралар ва солиштирма далолатномалар бўйича суммалардаги фарқ унчалик муҳим бўлмаса, тафовутни корхонанинг даромадлари ёки харажатларига ҳисобдан чиқариш мумкин.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.