Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 24 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони билан тасдиқланган «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ, ахборот-коммуникация технологияларини модернизация қилиш орқали солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари режаси (кейинги ўринларда – чора-тадбирлар режаси) 2-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагилар Стратегияни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

давлат солиқ хизмати органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида ўзаро алоқани масофавий тарзга ўтказиш, барча иштирокчилар ўртасидаги муносабатларни ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали тўлиқ автоматлаштириш ва интерактив давлат хизматлари сонини кенгайтириш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот тизимлари билан электрон ҳамкорлик орқали ахборот алмашинувини самарали ташкил этиш ҳамда бу борада мавжуд муаммоларни бартараф қилиш;

катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш, қайта ишлаш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;

«Онлайн назорат касса машиналари», «Электрон ҳисобварақ-фактуралар» ва бошқа марказлашган тизимларни кенг жорий этиш;

иқтисодиётда хуфиёна фаолиятни қисқартириш, шаффофлик даражасини ошириш ҳамда тадбиркорлик учун тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида солиқ органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда солиқ соҳасида илғор ва инновацион технологияларни эгаллаш ҳамда уларни амалиётда самарали татбиқ этиш кўникмаларини ривожлантириш механизмларини жорий қилиш;

солиқ назорати тизимини солиқ тўловчилар фаолиятига аралашишни, шунингдек, давлат солиқ хизмати органларида «инсон омили»ни ҳамда коррупция ҳолатларини камайтириш имконини берувчи масофавий таҳлил ишлари асосида ташкил этиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш лойиҳасини (кейинги ўринларда – лойиҳа) амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш марказининг асосий серверларини Тошкент шаҳрида, захира серверларини Навоий вилоятидаги мавжуд биноларни мослаштирган ҳолда, халқаро стандартлар асосида жойлаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан:

Жаҳон банки экспертлари билан биргаликда маълумотларни қайта ишлаш марказининг бугунги кундаги ҳолати аудитдан ўтказилганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш учун Жаҳон банкининг имтиёзли кредитларини жалб этиш бўйича дастлабки келишувга эришилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш лойиҳаси доирасида:

а) асосий ва захира серверларини, шунингдек, юридик шахсларнинг ягона маълумотлар базасини ташкил этилиши, Давлат солиқ қўмитаси ахборот тизимлари комплексининг ягона платформаси яратилиши, солиқ органларининг электрон ҳисоблаш техникалари ва коммуникация ускуналари паркини янгиланиши кўзда тутилсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси – буюртмачи этиб белгилансин;

в) қуйидагилар лойиҳани молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Жаҳон банки томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар;

Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари;

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази» ва «Солиқ-сервис» давлат унитар корхоналари маблағлари.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

икки ой муддатда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Жаҳон банкига кредитларни жалб қилиш бўйича тегишли сўров жўнатиш учун лойиҳа паспортини ўрнатилган тартибда киритсин;

масъул вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг тўла ҳажмда ва ўрнатилган муддатларда бажарилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисига малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш, ягона платформа яратиш ва амалиётга жорий этиш бўйича шартнома асосида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган вақтинчалик меҳнат жамоасини шакллантириш ҳуқуқи берилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д.Кудбиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 5 июнь

359-сон. 

 

ЎзР ВМнинг 2020 йил 5 июндаги 359-сон қарорига
1-ИЛОВА

Давлат солиҚ ҚЎмитасининг Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш СТРАТЕГИЯСИ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

Солиқ маъмуриятчилигини таъминлаш бўйича давлат солиқ хизмати органларида замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини кенг жорий этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, солиқ маъмуриятчилигини самарали амалга оширишга ҳамда солиқ органларига юклатилган вазифаларни тўлиқ бажаришга тўсқинлик қилаётган қуйидаги камчилик ва муаммолар мавжуд:

биринчидан, электрон давлат хизматлари ва ахборот тизимлари орқали маълумотлар базасига тушаётган мурожаатлар сони йилдан-йилга кескин ошиб бораётганлиги сабабли маълумотларни тезкорлик билан таҳлил қилиш имкониятини бермаяпти;

иккинчидан, Давлат солиқ қўмитасининг мавжуд сервер қурилмаларининг хотира ҳажми бугунги кунда 90 фоиз банд ва уларнинг ишлаш кафолатли муддати тугаган, Маълумотларни қайта ишлаш маркази қурилмалари эскирган;

учинчидан, мавжуд ахборот тизимлари турли хил дастурлаш тилида ва бир-бирига мураккаб интеграциялашган ҳолда фойдаланилмоқда ҳамда ягона платформа мавжуд эмас;

тўртинчидан, электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн назорат касса машиналари ҳамда ташқи манбалар орқали шаклланган катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва тезкор таҳлил қилиш учун мавжуд серверлар қуввати етишмаслиги оқибатида тизимда тез-тез узилишлар вужудга келмоқда;

бешинчидан, солиқ тўловчи билан солиқ органлари ўртасида маълумот алмашинувини таъминловчи ягона стандарт ва дастурий маҳсулотлар мавжуд эмас;

олтинчидан, солиқ базасини кенгайтириш учун идоралараро маълумотлар алмашиш даражаси паст;

еттинчидан, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш учун кўриладиган таъсир чораларини автоматик сегментлаш ва солиқ тушумлари хавфини тўлиқ баҳолаш механизмлари мавжуд эмас;

саккизинчидан, ахборот-коммуникация технологиялари йўналишидаги юқори малакали кадрларни тайёрлашда тизимли камчиликлар мавжуд.

Ушбу камчилик ва муаммолар солиқ тизимини жадал ривожлантириш, солиқ маъмуриятчилигида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш, солиқлар ва мажбурий тўловларнинг талаб даражасида йиғилишига ва солиқ тўловчиларга сифатли электрон давлат хизматлари кўрсатишга тўсқинлик қилмоқда.

Шу муносабат билан аниқ мақсад, вазифа ва асосий йўналишларни назарда тутувчи Давлат солиқ қўмитасининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

 

2-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

1. Стратегиянинг асосий мақсади – солиқ маъмуриятчилигига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда, солиқ тўловчиларга мажбуриятларини ихтиёрий бажаришга шароит яратиш ҳисобига солиқ йиғимларини ошириш, шунингдек, инсон аралашувини чеклаш, қарор қабул қилиш жараёнини автоматлаштириш ва ягона стандартларни жорий этиш ҳисобланади.

2. Қуйидагилар Стратегиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат солиқ хизмати органларининг маълумотларни қайта ишлаш марказини ва идоралараро маълумотларни узатиш тармоғини модернизация қилиш;

солиқ маъмуриятчилигини автоматлаштиришда фойдаланиладиган ахборот тизимлари комплексининг ягона платформасини яратиш, маълумотларни визуализация қилиш тизимларини жорий этиш;

катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлашнинг самарали усулларини ва илғор бизнес-таҳлил (Business Intellegence, Big Data) технологияларини жорий этиш;

солиқ маъмуриятчилигига рақамли технологияларни жорий этиш орқали солиқ тўловчиларга контактсиз электрон хизматларни кўрсатишга босқичма-босқич ўтиш, солиқ тўловчи шахсий кабинетининг фойдаланиш доирасини кенгайтириш ҳамда электрон хизматларни кўрсатишнинг инновацион усулларини жорий қилиш;

«Онлайн назорат касса машиналари», «Электрон ҳисобварақ-фактуралар» ва бошқа марказлашган тизимлар орқали шаклланган маълумотларни қайта ишлаш натижасида бозор коньюнктурасини ўрганиш, қўшилган қиймат солиғи занжирини назоратга олиш, товар ва хизматларнинг иқтисодиётда ҳаракатланишини мониторинг қилиш;

солиқ тўловчилар фаолиятига аралашишни, шунингдек, давлат солиқ хизмати органларида «инсон омили»ни ҳамда коррупция ҳолатларини камайтириш имконини берадиган солиқ назорати тизимини шакллантириш;

солиқ аудитининг ҳар бир қадамини автоматик тарзда қайд этиш, мониторинг қилиш, реал вақт режимида маълумот ва таҳлиллардан фойдаланиш орқали солиқ тизимини такомиллаштириш;

телекоммуникация тармоқлари, ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини ҳимоя қилиш учун замонавий технологияларни жорий этишни таъминлайдиган ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик таҳдидларининг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга қарши туриш ва бу борада кадрлар малакасини ошириш;

солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг ҳисобини юритишда ягона идентификатор сифатида солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР)дан фойдаланишдан жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)дан фойдаланишга босқичма-босқич ўтиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига солиқ тушумларининг барқарорлигини таъминлашга эришиш.

 

3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

 

3.1. Хизмат кўрсатишга йўналтирилган солиқ хизматларини ривожлантириш

1. Солиқ тўловчиларга шахсий кабинет орқали кўрсатиладиган хизматларни кенгайтириш.

2. Солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган хизматларнинг мобиль иловалари сонини кўпайтириш.

3. Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш стандартлари ва методологиясини ишлаб чиқиш.

4. Тижорат банклари ва бошқа ташкилотлар орқали солиқ тўловчилар ҳақидаги ахборотларни жамлаган (скоринг) хизмат турларини жорий этиш.

 

3.2. Замонавий ахборот тизимларини жорий қилиш орқали давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари комилексининг ягона платформасини яратиш;

2. Солиқ хизмати органларида замонавий бизнес-таҳлил (Business Intellegence) тизимини жорий этиш.

3. Солиқ аудитини автомат тарзда назорат қиладиган (Case Management System, Case Assesment System) тизимни яратиш.

4. Идоралараро ҳамкорлик орқали ахборот алмашинувида мавжуд муаммоларни бартараф этиш.

5. Солиқ органларига юкланадиган вазифалар бўйича бизнес-процессларни ишлаб чиқиш ва уларни автоматлаштириш.

6. Солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг ҳисобини юритишда ягона идентификатор сифатида солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР)дан фойдаланишдан жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)дан фойдаланишга ўтиш.

7. Солиқ тўловчиларни сегментлаш, хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, инсон омилини тўлиқ бартараф этадиган солиқ назоратини амалга оширишни назарда тутувчи «Таҳлика-таҳлил» тизимини яратиш.

8. Маҳаллий бюджетлар даромадини оширишда маҳаллий солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш учун «сайт» тизимини кенг жорий этиш.

 

3.3. Маълумотларни қайта ишлаш марказининг моддий-техника базасини кенгайтириш

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш маркази серверлари, ҳисоблаш қурилмалари ва бошқа техник жиҳозларини модернизация қилиш.

2. Маълумотларни қайта ишлаш марказининг асосий ва захира биноларининг муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилиш.

3. Давлат солиқ хизмати органларининг телекоммуникация қурилмалари ва ахборот хавфсизлигини таъминловчи тизимларини модернизация қилиш.

4. Катта ҳажмдаги маълумотларни бошқариш ва таҳлил қилиш имконини берувчи «Big Data» технологиясини йўлга қўйиш.

5. Ахборот-коммуникация технологиялари паркини босқичма-босқич янгилаш.

4-БОБ. КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базасининг ҳажми 1 петабайтга ва маълумотларни қайта ишлаш ҳамда таҳлил қилиш тезлиги 10 баробаргача ошади.

2. Солиқ тўловчиларга кўрсатиладиган электрон давлат хизматларининг сифати ошади ва солиқларни ихтиёрий тўлаш даражаси 90 фоизгача етказилади.

3. «Онлайн назорат касса машиналари», «Электрон ҳисобварақ-фактуралар» ва бошқа марказлашган тизимлар орқали шаклланган катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш натижасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қўшимча тушумлар жалб қилинади.

4. Солиқ органларига юкланадиган вазифалар бўйича бизнес-процесслар ишлаб чиқилиши, такрорланишлар ва техник ишлар қисқариши ҳисобига меҳнат унумдорлиги ортади.

5. Ягона платформани яратиш орқали маълумотларни киритиш, тўплаш, шакллантириш, таҳлил қилиш қулай ва соддалашуви натижасида солиқ ҳисоботларини топшириш жараёни 5-7 баробарга қисқаради.

6. Тизимга малакали кадрларни тайёрлаш учун масофавий таълим имкониятлари кенгаяди.

7. Ахборотлар махфийлигини таъминлаш ва ташқи хавфлардан ҳимоя қилиш ҳамда маълумотларни хавфсиз ва ишончли сақлаш имкониятлари 100 фоизгача етказилади.

ЎзР ВМнинг 2020 йил 5 июндаги 359-сон қарорига
3-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим Қарорларига киритилаётган Ўзгартиришлар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 28 августдаги 677-сон қарорига 3-илованинг 5-позицияси чиқариб ташлансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 октябрдаги 811-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси тўғрисидаги низомда:

а) 2-банднинг иккинчи хатбошисидаги «шу жумладан пенялардан ташқари» сўзлари «шу жумладан, пенялар» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 12-бандда:

«а» кичик банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«мамлакат иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида шахсий ҳиссасини қўшган, иш участкасининг мураккаблиги ва муҳимлиги ҳамда меҳнатда юқори натижаларга эришган, хизмат вазифаларини сидқидилдан ва самарали бажараётган малакали, ташаббускор раҳбар ва ходимларга лавозим маошининг икки баробари миқдоригача шахсий устамалар бериш»;

«б» кичик бандда:

учинчи хатбошисидаги «базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдоригача ойлик йўл карточкалари бериш ёки» сўзлари «ҳар ойда жамоа шартномасига мувофиқ» сўзлари билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларнинг меҳнати самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар ойда овқатланиш харажатларини қоплаш учун жамоа шартномасига мувофиқ компенсация тўловларини тўлаш»;

ўнинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«давлат солиқ хизмати органларида ишлаб пенсияга чиққан ходимларга байрамларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдоригача ва соғлиғини тиклаш учун бир йилда бир маротаба меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч баравари миқдоригача моддий ёрдам бериш»;

«в» кичик банднинг еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«давлат солиқ хизмати органлари ходимлари учун кийим-бош (жумладан спорт кийимлари ва формалари) сотиб олиш»;

«е» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«Давлат солиқ қўмитасининг Ҳайъати қарорига асосан қонунчиликда тақиқланмаган бошқа харажатлар учун»;

в) 13-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«13. Мазкур Низомнинг 12-банди «а» кичик бандининг иккинчи, бешинчи ва олтинчи ҳамда «б» кичик бандининг учинчи ва тўртинчи хатбошилардаги тўловларнинг аниқ миқдори ва мезонлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ёки жамоа шартномасида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.

Бунда, махсус унвон ва кўп йил хизмат қилганлик учун ҳар ойлик устамалар миқдорини белгилашда меҳнатга ҳақ тўлашга оид Ягона тариф сеткаси бўйича оширилган тариф коэффициентлари билан бир қаторда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармасидан устамалар, шахсий устамаларни белгилашда эса уларнинг йиғиндиси миқдорлари қўшиб ҳисоб-китоб қилинади».

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларда енгил автомашиналаридан фойдаланишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 26 майдаги 153-сон қарорининг рус тилидаги матнида 1-илованинг 36-позицияси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

36

 

Государственный налоговый комитет

 

286

 

282

 

22

 

239

 

21

 

-

 

-

 

 

Центральный аппарат

 

15

 

18

 

6

 

6

 

6

 

-

 

-

 

 

Областные звенья

 

44

 

42

 

14

 

14

 

14

 

-

 

-

 

 

Районные звенья

 

209

 

208

 

-

 

208

 

-

 

-

 

-

 

 

Подведомственные организации

 

18

 

14

 

2

 

11

 

1

 

-

 

-

 

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида ((lex.uz)) эълон қилинган ва 6.06.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 2-илова «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 437 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика