Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 24 / Бухгалтерга ёрдам

Фойда солиғи: чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар

 

Амалиётда бухгалтерларда муайян бир вазиятда Солиқ кодекси нормаларини қандай қўллаш керак, деган савол кўп юзага келади. Турли солиқ солиш объектларига нисбатан фойда солиғини ҳисоблашда қандай шартлар харажатларнинг чегириладиган харажатларга киритилишини белгилайди?

 

Савол юзасидан «Norma» эксперти Наталья МЕМЕТОВАнинг тушунтиришларини эътиборингизга ҳавола этамиз. 

 

Чегирилмайиган харажатлар бўйича ҚҚС ҳисобга олинмайди
(СК 267-м. 1-қ. 7-б.).

 

● Суд харажатлари – чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар

Фойда солиғини ҳисоблашда суд харажатлари чегириладиган харажатлар ҳисобланиш-ҳисобланмаслигини аниқлаш учун суд жараёни нима билан боғлиқлигини билиш лозим. Агар у солиқ солинадиган даромад олиш билан боғлиқ бўлса, у ҳолда суд харажатлари чегириладиган харажатлар бўлиши мумкин (СК 305-м.).

● Шахсий автомобилдан фойдаланганлик учун компенсация – норма доирасида чегириладиган харажат

Автотранспортдан ҳақиқатда Тартибга (ВМнинг 02.04.1999 й. 154-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ хизмат мақсадларида фойдаланилса, автотранспортдан норма доирасида фойдаланганлик учун компенсация – чегириладиган харажат бўлади. Белгиланган нормалардан ортиқ бўлган бундай компенсация чегирилмайдиган харажат ҳисобланади (СК 317-м. 4-б.).

● Бола туғилганда, бола 2 ёшга тўлгунга қадар ва касал бўлганда бериладиган нафақалар – чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар

Бола туғилганда бериладиган нафақа Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади ва сизнинг харажатингиз ҳисобланмайди.

Бола туғилиши муносабати билан моддий ёрдам тўласангиз, у чегирилмайдиган харажатга киради (СК 317-м. 6-б.).

Бола 2 ёшга тўлгунча ва меҳнатга лаёқатсизлик варақалари бўйича бериладиган нафақалар – чегириладиган харажатлардир, сабаби қонун ҳужжатлари билан талаб қилинган (СК 305-м. 4-қ. 3-б.).

● Сирдарёга хайрия ёрдами – чегирилмайдиган харажат

Компания Сардоба сув омбори бузилиши муносабати билан Сирдарёга янги кийим-кечак жўнатди, шунингдек коронавирус пандемияси муносабати билан «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармасига пул ўтказди. Ушбу харажатни чегириладиган харажатга киритиш мумкинми?

Президентнинг 21.05.2020 йилдаги ПҚ-4722-сон қарори билан Сардоба сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича таъминот чора-тадбирлари белгиланган. Хусусан, бюджетдан ва жамғармалардан маблағлар ажратилиши назарда тутилган. Ҳужжатда корхоналар кўрсатган хайрия ёрдамини чегириладиган харажатларга киритиш назарда тутилмаган.

Бу ҳолда хайрия ёрдами СК 317-м. ­7-бандига мувофиқ чегирилмайдиган харажат бўлади.

● Касаба уюшмалари ташкилотларига бадаллар – чегирилмайдиган харажатлар

Касаба уюшмаси ташкилотига МҲТФнинг 1%и миқдоридаги ойлик ажратмалар чегирилмайдиган харажатларга кирадими?

Солиқ кодексининг 317-моддаси ­29-бандига мувофиқ нотижорат ташкилотларига тўланадиган бадаллар, йиғимлар ва бошқа тўловлар чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади, бундан шундай бадалларни, йиғимларни ва бошқа тўловларни тўлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва (ёки) ушбу бадалларни, йиғимларни ва бошқа тўловларни тўлаган солиқ тўловчилар томонидан фаолиятни амалга оширишнинг шарти ёхуд мазкур ташкилотлар томонидан солиқ тўловчилар ўз фаолиятини юритиши учун зарур хизматлар тақдим этишнинг шарти бўлган ҳоллар мустасно.

Касаба уюшмалари ташкилотлари – фуқароларнинг ихтиёрий жамоат бирлашмалари («Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонун 3-м.). Бинобарин, касаба уюшмалари ташкилотларига бадаллар – чегирилмайдиган харажат.

● ССПга аъзолик бадаллари – чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлиш ихтиёрий саналади, бошқа тадбиркорлик субъектлари учун эса – мажбурий («Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Қонун 17-м.).

Корхона учун ССПга аъзо бўлиш мажбурий бўлса, солиқ базасидан бадалларни чегириш мумкин. Аъзо бўлиш мажбурий бўлмаса, харажат чегирилмайдиган харажат ҳисобланади (СК 317-м. 29-б.).

● ТМҚни яроқсизлиги сабабли ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарар – чегирилмайдиган харажат

Солиқ кодексининг 317-моддаси 34-бандига мувофиқ товар-моддий қимматликларни ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарар чегирилмайдиган харажат ҳисобланади. ТМҚ – айланма активлари. Асосий воситалар улар жумласига кирмайди.

● Пеня ва жарималар – чегирилмайдиган харажат

Пеня, жарималар ва бюджет тизимига тўланиши лозим бўлган (тўланган) бошқа санкциялар чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади (СК 317-м. 19-б.).

 

● Спортзалга абонемент – чегирилмайдиган харажат

Спортзалга абонементлар – ходимларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари бўлиб (СК 376-м. 1-б.), корхона учун чегирилмайдиган харажат ҳисобланади (СК 317-м. 3-б.).

 

● Меҳнат шароитларини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар – чегириладиган харажатлар

Мажбурий суғурта, ходимларнинг саломатлиги учун қулай шароит яратиш (капсулалардаги ичимлик суви, махсус кийим-бош ва ниқоблар) бўйича харажатлар чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланадими? Ушбу харажатларни нархни белгилаш сиёсатида санаб ўтиш лозимми?

Мажбурий суғурта учун харажатлар – чегириладиган харажатлар, сабаби қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиқади (СК 305-м. 4-қ. 3-б.).

Шунингдек барча корхоналарда меҳнат учун хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитлар яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиш – иш берувчининг мажбурияти (МК 211-м.).

Меҳнатни муҳофаза қилиш мақсадида белгиланган тартибда маблағлар ва зарур материаллар ажратилади. Ушбу маблағлар ва материалларни бошқа мақсадлар учун сарфлаш тақиқланади. Улардан фойдаланиш тартиби жамоа шартномасида ёхуд иш берувчи ва ходимларнинг вакиллик органи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади (МК, 216-м.).

Юқорида кўрсатилган барча талабларга риоя этилган бўлса, меҳнат шароитларини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни чегириладиган харажатларга киритиш мумкин (СК 305-м. 4-қ. 3-б.).

Нархлар барча харажатларни қоплаш ва корхона фойда олишини таъминлаш заруратини инобатга олган ҳолда шакллантирилиши зарурлиги боис юқорида кўрсатилган харажатлар нархни белгилаш сиёсатига киритилиши керак. Уларни йириклаштириб, мажбурий суғурта бўйича харажатлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича харажатлар сифатида кўрсатиш мумкин.

Жамоа шартномасида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича харажатларни батафсил қайд этиш тавсия этилади.

● Асосий восита эскириши бўйича харажатлар – белгиланган норма доирасида чегириладиган харажатлар

Корхона қўшимча ишлаб чиқариш учун АВ сотиб олган, бироқ ҳозирча харидорлар йўқлиги сабабли объектдан ҳанузгача фойдаланилмаяпти. АВга амортизация ҳисоблаш керакми? Керак бўлса, амортизация чегириладиган харажат ҳисобланадими?

Объект маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида фойдаланиш мақсадида сақланса, асосий восита сифатида тан олинади. Ёхуд объект хўжалик фаолиятини юритиш чоғида узоқ вақт мобайнида маъмурий ва ижтимоий-маданий функцияларни бажариш учун сақланганда ҳам АВ деб эътироф этилади (5-сон БҲМС).

Корхона уни сотадиган бўлса, ­объект товар сифатида малакаланиши лозим ­(4-сон БҲМС).

Корхона ундан ишлаб чиқаришда фойдаланса, амортизация ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулини қўллаш тавсия этилади, бунда амортизация суммаси ишлаб чиқариш ҳажмига боғлиқ. Ишлаб чиқариш бўлмаганда амортизация ҳисобланмайди. Қўлланиладиган амортизация усулини ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.

Амортизацияни ҳисоблашда СК ­306-моддасида белгиланган нормалар доирасида ҳисобланган сумма чегириладиган сумма ҳисобланади.

● Газ ва электр энергияси бўйича лимитдан ортиқ харажатлар – чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар

Истеъмол қилинган электр энергияси ва газ учун ҳисоб-китоблар Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Қоидалар билан тартибга солинади. Ҳисоб-китоблар белгиланган тарифлар бўйича электр ва газ таъминоти ташкилотлари билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади. Истеъмолчи ресурсларга бўлган эҳтиёжини тегишли ҳисоб-китоблар билан асослайди, улар асосида шартнома тузилаётганда корхона муайян тариф гуруҳига киритилади.

Шартнома шартларига кўра корхона ресурсларни истеъмол қилишнинг белгиланган режимига риоя этиши шарт. Нормативдан ортиқ истеъмол қилинган тақдирда оширувчи коэффициент билан ҳақ ундирилади.

Газ ва электр энергияси учун нормативдан ортиқ харажатлар чегириладиган харажатлар ҳисобланиш-ҳисобланмаслигини тушуниш учун аввал нормативдан ортиқ сарфлаш сабабини аниқлаш лозим.

Агар у:

  • камчиликлар ва носозликларни бартараф этиш билан боғлиқ харажат (СК 317-м. 9-б.);
  • энергия ресурсларини ўғирлаш (СК 317-м. 10-б.);
  • даромад олишга йўналтирилган фаолият билан боғлиқ бўлмаган харажат бўлса (СК 317-м. 18-б.) у чегирилмайдиган харажат бўлади.

Бошқа лимитдан ортиқ сарфлаш ҳоллари қуйидагилар оқибатида юзага келган бўлиши мумкин:

  • нормативнинг нотўғри белгилангани;
  • янги ишлаб чиқариш ёки янги маҳсулот ўзлаштирилаётгани.

Бундай ҳолларда Солиқ кодекси ­305-моддасининг чиқимларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар тўғрисидаги нормаларидан келиб чиқиш лозим.

Ҳақиқатдаги харажатларга мувофиқ келмайдиган норматив ресурсларга бўлган эҳтиёж нотўғри ҳисоб-китоб қилинганидан далолат беради. Ҳисоб-китобларингизга аниқлик киритиб, етказиб берувчилар билан янги нормативларни келишиб олинг.

Ҳисоб-китоблар ва тасдиқловчи ҳужжатлар ёрдамида нормативдан ортиқ чиқимларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини асослай олсангиз, уларни чегириладиган харажатларга киритиш мумкин.

Прочитано: 990 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика