Корхона Тошкентда жойлашган эди. Ҳозир юридик манзилини Самарқандга ўзгартирган.
Тошкентда ишга қабул қилинган ходимлар борасида қандай йўл тутилади, улар корхонанинг юридик манзили ўзгарганда Самарқандга ишлашга ўтказиладими? Шартномалар қандай тартибда ва қайси асосларга кўра бекор қилинади?
– Корхонанинг юридик манзили ўзгартирилиши, бунинг устига у жойлашган шаҳарнинг ўзгариши иш жойи, яъни меҳнат шартларининг ўзгартирилиши ҳисобланади. Иш берувчи ходимларнинг розилигисиз шартларни ўзгартиришга ҳақли, бироқ белгиланган қуйидаги тартибга қатъий риоя қилиши лозим (МК 89-м.):
1) меҳнат шартларини ўзгартириш хусусида корхонадаги ходимларнинг вакиллик органлари билан олдиндан маслаҳатлашиб олиши шарт;
2) меҳнат шартларидаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб тилхат олиши шарт. Ушбу огоҳлантиришда иш берувчи ходимларга янги манзилда ва янги шартларида иш таклиф этади (ходимларга хизмат турар жойлари, ётоқхоналар ҳам берилиши мумкин), бунга ходимларнинг розилиги бўлиши лозим. Кўрсатилган муддатни қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.
3) розилик берилганда – меҳнат шартномаси шартлари ўзгартирилганлиги расмийлаштирилади (МК 96-м.). Ходим билан меҳнат шартномасига қўшимча битим тузилади ва буйруқлар расмийлаштирилади;
4) янги меҳнат шароитларида ишлашни давом эттириш рад этилган тақдирда ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ҳолда ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади (МК 109-м.). Мазкур ҳолатда меҳнат шартномаси бекор қилинади, буйруқ чиқарилади, меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинади ва фойдаланилмаган барча меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўланади (МК 89-м. 4-б., 107, 151-м.). Ходимларга моддий ёрдам кафолатлари татбиқ этилади (МК 67-м.).
Шу тариқа, ушбу асосга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимларга қуйидаги тўловлар тўланади:
- барча иш кунлари, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кун учун ходимга тўланиши лозим бўлган иш ҳақи;
- меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда мавжуд бўлган фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация (МК 151-м.);
- огоҳлантириш муддати ўрнига пуллик компенсация (томонларнинг келишувига кўра);
- ходим ишдан бўшатилганда корхонанинг локал ҳужжатларида ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган тўловлар;
- ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдордан ишдан бўшатиш нафақаси (МК 109-м.);
- иш қидириш даврида иккинчи ой учун тўланадиган ўртача ойлик иш ҳақи (МК 67-м.);
- ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, учинчи ой учун ҳам ўртача иш ҳақи тўланади (МК 67-м.);
- иш берувчининг ташаббуси билан муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда неустойка тўланади (ушбу шарт меҳнат шартномасида мавжуд бўлганда) (МК 104-м.).
Ушбу асос бўйича ишдан бўшатилган тақдирда, фойдаланилган, бироқ ишлаб берилмаган таътиллар учун меҳнат ҳақидан ушлаб қолинмайди (МК 164-м. 4-б.);
5) меҳнат шароитлари ноқулай томонга ўзгарганда иш берувчи томонидан маҳаллий меҳнат органига кўпчилик ходимлар учун меҳнат шароитлари ўзгарганлигини асословчи маълумотлар тақдим этилиши шарт.