Хорижий капитал иштирокидаги компания таркибида тенг улушларга эга иккита муассис бор. Улардан бирининг устав фондидаги улуши охиригача шакллантирилмаган.
Бир муассис бошқа муассиснинг устав фондини шакллантириш бўйича қарзини сўндириши мумкинми?
– Молиявий қарз шартномасини расмийлаштириш орқали сўндириши мумкин.
Жамиятнинг ҳар бир иштирокчиси таъсис ҳужжатларида белгиланган ва жамият рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 1 йилдан ошмайдиган муддат мобайнида жамиятнинг устав фондидаги ўз ҳиссасини тўлиқ киритиши керак («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси 7-қисми). Яъни ҳар бир муассис МЧЖ УФга ўз ҳиссасини киритиши лозим.
Кўриб чиқилаётган вазиятда муассислар ўртасида молиявий (мақсадли) қарз шартномасини расмийлаштириш мумкин, унда олинаётган пул маблағлари миқдори, уларни қайтариш муддатлари, қарз фоиз эвазига берилганда фоизлар миқдори назарда тутилиши лозим (ФК 732, 739-м.).
Ушбу қарор муассисларнинг умумий йиғилишида баённома билан расмийлаштирилади, унда пул маблағлари компания УФда иккинчи муассиснинг улушини шакллантиришга йўналтирилади.
Наргиза Воҳидова,
«Norma» МЧЖ эксперти.