21.07.2020 йилдаги ЎРҚ-629-сон Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
МЧЖ корпоратив облигацияларни чиқариши мумкин
«Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги ва «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунларга тегишли тузатишлар киритилди.
Облигация – уни сақловчининг облигациянинг номинал қийматини ёки бошқа мулкий эквивалентини облигацияни чиқарган шахсдан облигацияда назарда тутилган муддатда олишга, облигациянинг номинал қийматидан қайд этилган фоизни олишга бўлган ҳуқуқини ёхуд бошқа мулкий ҳуқуқларини тасдиқловчи эмиссиявий қимматли қоғоз.
МЧЖ бизнеснинг оммавий тури сифатида юқори инвестициявий жозибадорликка эга ҳисобланади. Бироқ, МЧЖ шаклидаги юридик шахслар корпоратив облигацияларни чиқариш ҳуқуқига эга бўлмаган тақдирда, улар учун қўшимча молиялаштириш манбалари чекланади. Шу боис тузатишлар билан масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларга облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш ҳуқуқи берилди.
Ушбу молиявий дастак банк кредити учун ҳақиқий муқобилга айланиши учун корпоратив облигацияларни чиқариш шартлари соддалаштирилди:
- корпоратив облигациялар суммаси эмитентнинг ўз капитали миқдоридан ошса, эмитент ошган сумма учун таъминот бериши шарт;
- сўнгги бир йилда (илгари – сўнгги 3 йилда) рентабеллик, тўловга қобилиятлилик, молиявий барқарорлик ва ликвидликнинг ижобий кўрсаткичларига эга бўлган эмитент томонидан чиқарилганда. Тегишинча, молиявий ҳисобот бўйича аудиторлик хулосаси фақат облигациялар чиқарилишидан олдинги сўнгги бир йил учун зарур бўлади.
Маълумот учун: бундай ўзгартиришлар ишлаб чиқариш ва бошқа инфратузилмаларни (инфратузилма облигацияларини) яратиш ва реконструкция қилишни молиялаштиришга маблағларни жалб этиш учун хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналари томонидан чиқариладиган облигацияларга ҳам тааллуқлидир. Шунингдек инфратузилма облигациялари бўйича мажбуриятлар тўлиқ сўндирилгунга қадар уларни суғурталаш тўғрисидаги талаб бекор қилинди. Давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари томонидан инфратузилма облигациялари Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда чиқарилиши белгиланди.
Энди уларга нисбатан ҳам «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонун ва Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларида (АВ томонидан 30.08.2009 йилда 2000-сон билан рўйхатдан ўтказилган) назарда тутилган қимматли қоғозлар эмиссияси тартиби татбиқ этилади. Қимматли қоғозлар эмиссиясининг босқичларини эслатиб ўтамиз: тегишли қарор қабул қилиш ва тасдиқлаш, проспектни тасдиқлаш (оммавий жойлаштирилган тақдирда), облигациялар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида ҳисобга қўйиш, чиқарилиш ҳақидаги ахборотни ошкор қилиш, чиқарилган қимматли қоғозларни жойлаштириш ва чиқарилиш натижалари тўғрисида хабардор қилиш.
Оилавий бизнесга ишчиларни ёллашга рухсат берилди
Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишга ҳозирги вақтга қадар амалда бўлган тақиқ бекор қилинди.
Оилавий тадбиркорлик билан икки шаклда шуғулланиш мумкин:
- юридик шахс ташкил этган ҳолда – оилавий корхона шаклида. Оилавий корхоналар аввалбошдан ишчиларни ёллашга ҳақли бўлган («Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуннинг 4-м. 5-қ.);
- юридик шахс ташкил этмаган ҳолда – якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага асосан. Унда якка тартибдаги тадбиркорлик оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширилиши акс эттирилади ва биргаликда бизнесни юритувчи оила аъзолари кўрсатилади. Бунда ҳозирга қадар доимий ишчиларни ёллаш тақиқланган эди (Низомнинг 8-б., ВМнинг 29.07.2009 йилдаги 216-сон қарорига илова).
«Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонунга охирги чекловни бекор қилишга оид қўшимча киритилди. Энди оилавий тадбиркорлик субъектлари юридик шахс ташкил этмаган ҳолда қуйидагиларга ҳақли:
биринчидан, уч нафаргача доимий ишчини ёллаб, улар билан меҳнат шартномаси тузишга. Мазкур ҳолатда Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тадбиркорлик фаолиятини ишчиларни ёллаган ҳолда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 31.07.2015 йилдаги 219-сон қарорига 1-илова) қўлланилади деган хулоса чиқариш мумкин;
иккинчидан, меҳнатга лаёқатли ёшга тўлган бошқа яқин қариндошларини, шу жумладан болалари ва неваларининг эрини (хотинини), ака-укалари ва опа-сингилларини, уларнинг хотинини (эрини) ва болаларини иштирокчи сифатида жалб этишга ҳақли.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.07.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.