Компания улгуржи савдо билан шуғулланади. 1.01.2019 йилдан умумбелгиланган солиқларни, шу жумладан 20% ҚҚС тўлашга ўтди.
Товарлар бўйича божхонадаги ҚҚСни ҳисоблаш учун қабул қилинган қиймат уларнинг таннархидан паст бўлса, ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0104-сатрида таннархидан паст нархда сотилган ва 0103-сатрда акс эттирилган ушбу товарлар бўйича оборотни кўрсатиш зарурми?
Импорт товар таннархидан ва божхона қийматидан паст нархда реализация қилинганда, ҚҚС ҳисоботда қаерда – 0103-сатрда акс эттириладими ёки 0104-сатрдами?
– Мазкур ҳолатда Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобига (3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1-«Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш бўйича оборотлар» иловасининг 0103 ва 0104-сатрлари тўлдирилади.
1-иловада қуйидагилар акс эттирилади:
● 0103-сатрда – таннархидан паст нархда реализация қилинган товарларнинг таннархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ;
● 0104-сатрда – товарларни импорт қилишда ҚҚС тўлаш мақсадида божхона органлари томонидан аниқланган нарх ва импорт қилинган товарларнинг ҚҚС киритилмаган ҳолда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ суммаси.
1-илова тўлдирилишини мисолларда кўриб чиқамиз.
Айтайлик, ҚҚС ҳисоблаш учун товарнинг божхона қиймати – 9 000 минг сўм, харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни ҳисобга олган ҳолда балансда акс эттирилган товар таннархи – 10 000 минг сўм.
Ҳисоботда товарлар таннархидан паст нархда реализация қилинганини 3 вариантда акс эттириш мумкин.
1-вариант
Етказиб бериш қиймати ҚҚСсиз – 9 500 минг сўм, яъни баланс таннархидан 500 минг сўмга кам. Сотишлар реестрида реализация қилинган ҳақиқий қиймат кўрсатилади, 1-илованинг 0103-сатрида эса «таннархидан паст нархда реализация қилинган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) таннархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ», 500 минг сўмдаги сумма акс эттирилади.
2-вариант
Етказиб бериш қиймати ҚҚСсиз – 9 000 минг сўм, яъни ҚҚС ҳисоблаш учун божхона қийматига тенг, бироқ баланс таннархидан 1 000 минг сўмга кам. Сотишлар реестрида реализация қилинган ҳақиқий қиймат кўрсатилади, 1-илованинг 0103-сатрида эса «таннархидан паст нархда реализация қилинган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) таннархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ», 1 000 минг сўмдаги сумма акс эттирилади.
3-вариант
Етказиб бериш қиймати ҚҚСсиз – 8 500 минг сўм, яъни ҚҚС ҳисоблаш учун божхона қийматидан 500 минг сўм, шунингдек баланс таннархидан 1 500 минг сўмга кам. Сотишлар реестрида реализация қилинган ҳақиқий қиймат кўрсатилади. 1-илованинг 0104-сатрида «товарларни импорт қилишда ҚҚС тўлаш мақсадида божхона органлари томонидан аниқланган нарх ва импорт қилинган товарларнинг ҚҚС киритилмаган ҳолда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ суммаси» – 500 минг сўм, 0103-сатрида эса «таннархидан паст нархда реализация қилинган товарларнинг таннархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ», 1 000 минг сўм (1 500 – 500) суммаси кўрсатилади.
Наргиза АЛИМОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.