Хитойлик автоишлаб чиқарувчининг расмий дилери ҳисобланган лизинг компанияси – ЎзР резиденти сотиш ёки кейинчалик харид қилиш шарти билан молиявий ижарага (лизингга) бериш учун Хитойдан автотранспорт воситаларини олиб келади. Етказиб бериш шартлари – CIP Тошкент. Товар учун импортчига олдиндан ҳақ тўланган, товар божхона омборига жойлаштирилган. Декларация «Божхона омбори» (ИМ-74) режимига расмийлаштирилмоқда, унда товарларнинг фактура қиймати ташқи савдо шартномаси валютасида акс эттирилмоқда. Мижозлардан бири (резидент компания, туристик фаолиятни амалга оширишга лицензияси бор) божхона омборида сақланаётган автотранспорт воситасини ишлаб чиқарувчи билан тўғридан-тўғри импорт шартномаси асосида харид қилиш истагини билдирди, чунки бу ҳолда божхона тўловлари бўйича имтиёзни қўллаш мумкин бўлади. Товар янги юк олувчининг номига ўтказиш йўли билан бошқа импорт шартномасига асосан (лизинг компаниясининг иштирокисиз) божхона омборидан туриб сотилади.
Божхона омборида сақланаётган товарлар бошқа шахс номига ўтказилаётганда лизинг компаниясида (товарнинг биринчи эгаси) ҳамда товарни харид қилувчи компанияда (охирги эгаси) қандай мажбуриятлар юзага келади?
– Божхона омборида сақланаётган юк (ИМ-74) билан шундай битим тузса бўлади. У Божхона кодексининг 96-моддасида назарда тутилган.
Божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товарни бошқа шахсга ўтказишга, унга нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга қуйидаги шартларга риоя этилган тақдирда йўл қўйилади:
● товарни ёки унга нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказувчи ваколатли шахс божхона органини олдиндан ёзма шаклда хабардор этади;
● товарга бўлган ҳуқуқни олувчи ваколатли шахс ушбу товарга нисбатан танланган божхона режими талаблари ва шартларига риоя этган ҳолда божхона декларациясини божхона органига тақдим этади.
Ваколатли шахснинг товарга нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш ҳуқуқи божхона декларацияси божхона органига берилган пайтдан эътиборан бошқа шахсга ўтказилган деб ҳисобланади. Божхона декларацияси берилган пайтда мазкур шахсда божхона режимига риоя этилишини таъминлаш билан боғлиқ бўлган мажбуриятлар юзага келади.
Автотранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш, унга нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқини товарларни божхона омборига жойлаштирган шахсга бериш учун божхона постини автотранспорт воситаси бошқа шахсга ўтказилиши, унга нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқи берилиши ҳақида олдиндан хабар берилиши ва қуйидагилар тақдим этилиши керак:
● божхона омборида сақланаётган товарлар тўғрисида маълумотлар (номи, миқдори, божхона қиймати, божхона омбори режимига жойлаштирилиши тўғрисида расмийлаштирилган декларациянинг рақами);
● товарни бошқа шахсга ўтказиш, унга нисбатан эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш учун асос ҳисобланган ҳужжатлар;
● товарга нисбатан мулкий ҳуқуқ ўтадиган шахс тўғрисидаги маълумотлар (ташкилий-ҳуқуқий шаклини кўрсатган ҳолда ташкилотнинг номи).
Товарларга нисбатан мулкий ҳуқуқни олган шахс бундан кейин уларни «Эркин муомала учун чиқариш (импорт)» (ИМ-40) режимига расмийлаштириши мумкин.
Маълумот учун. Қайта расмийлаштиришда БКнинг 297-моддасида ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатида (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) назарда тутилган божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар сақлаб қолинади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.