Ташкилот коллеж ўқувчилари ўртасида танлов ўтказди. Совринли ўринларни эгаллаганларга пул мукофотлари берилди. Ўқувчилар ҳали 18 ёшга тўлмаган.
Солиқ солиш қандай бўлади?
– Совринли ўринлар учун мукофот сифатида берилган пул маблағлари корхона учун текин бериш ҳисобланади.
Жисмоний шахслар учун танловлар ва шу каби бошқа тадбирларда олинган натура ҳолида ёки пулда ифодаланган тўловлар, совринлар ва бошқа даромадлар ютуқ сифатида қаралади (Солиқ кодексининг 22-моддаси).
Ютуқ жисмоний шахсларнинг бошқа даромадларига киритилади (Солиқ кодексининг 178-моддаси 3-банди) ва унга ЖШДС солинади (Солиқ кодексининг 178-моддаси), ЯИТ солинмайди (Солиқ кодексининг 307-моддаси).
Сизнинг ҳолатда ШЖБПҲга мажбурий бадаллар ҳисобланмайди, сабаби ушбу даромадларига ЖШДС солинган бўлса, иш берувчилар уларни ходимларининг даромадларидан киритадилар (АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1-4-бандлари).
Бошқа даромадларга тўлов манбаида ЖШДС солинади (Солиқ кодексининг 184-моддаси). Корхона ютуқ суммасини тўлаганда ЖШДСни ушлаб қолиши лозим (Солиқ кодексининг 185-моддаси).
Бироқ бундай қилинмаган бўлса, қуйидагича йўл тутиш мумкин:
● корхона ЖШДСни ҳисобга олган ҳолда даромад суммасини ҳисоблайди;
● корхона маблағлари ҳисобидан бюджетга ЖШДС тўланади.
2018 йил 1 октябрдан учинчи шахслар томонидан солиқ тўловчи-жисмоний шахс учун тўланган солиқ суммаси унинг солиқ солинадиган даромади ҳисобланмайди (26.06.2018 йилдаги ПҚ-3802-сон қарорнинг 4-банди).
Бунда Солиқ кодексида тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадлар оладиган жисмоний шахсларнинг ёши чекланмайди. Жисмоний шахсларни солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёш белгиланган – жавобгарлик 16 ёшдан бошлаб вужудга келади (Солиқ кодексининг 107-моддаси).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.