«2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун (9.12.2019 йилдаги ЎРҚ-589-сон) билан 2020 йил учун Консолидациялашган бюджет параметрлари, барча даражадаги бюджетлар даромадлари ва харажатлари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози, шунингдек 2020 йил учун солиқлар ва йиғимларнинг ставкалари тасдиқланди («СБХ»нинг мазкур сони ҳужжатлар пакетида берилмоқда).
Қонун бюджет жараёнининг барча жиҳатларини тартибга солади.
Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, минтақавий ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари, шунингдек Молия вазирлиги ўртасида бюджет ваколатлари тақсимланди. Республика бюджетидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш, уларни қайта кўриб чиқиш ва уларга ўзгартиришлар киритиш тартиби белгиланди.
Қуйидаги ставкалар тасдиқланди:
● Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган (кўрсатиладиган), акциз солиғи солинадиган товарларга (хизматларга) акциз солиғи ставкалари;
● жисмоний ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари;
● мева-сабзавотчилик маҳсулотлари (сабзавотлар, полиз экинлари, мевалар, токзорлар) билан банд қилинган ерлар учун мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ундириладиган ер солиғи ставкалари;
● сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари;
● мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари;
● якка тартибдаги тадбиркорлар учун ЖШДСнинг қатъий белгиланган суммалари (2020 йил бошидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга ЖШДСни тўлаш тартибини танлаш ҳуқуқи берилади);
● маҳаллий йиғимларнинг чегараланган ставкалари;
● ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказишда автотранспорт воситаларининг эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистонга вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғимлар ҳамда чет эл давлатлари автотранспорт воситаларининг мамлакатимиз ҳудудига кириши ва ҳудудида транзит ҳаракатланиши учун йиғимлар ставкалари.
Бундан ташқари ҳужжатда:
● Вазирлар Маҳкамасининг (731 млрд сўм) ва минтақавий ҳокимиятларнинг (тегишли бюджетлар умумий харажатларининг 1,5% фоизи миқдорида) захира жамғармаларини шакллантириш назарда тутилмоқда, улардан бюджет тизими бюджетларини шакллантиришда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун фойдаланиш мумкин бўлади;
● бюджет тизими барқарорлигини кафолатлайдиган ҳаракатлар режаси белгиланди. Агар бюджет тизими бюджетларининг 6 ойлик якунлари бўйича даромад прогнозларининг бажарилмаган ва жорий молия йилининг охиригача уларнинг келиб тушишига доир етарли асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда, харажатлар қисқартирилади;
● Давлат бюджети ижроси, ажратилаётган бюджет маблағларидан фойдаланиш ва эришилган натижалар тўғрисида ҳисобот бериш механизми жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, Бюджет кодекси, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида», «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунларга тузатишлар тўплами (9.12.2019 йилдаги ЎРҚ-590-сон) қабул қилинди, улар юқорида баён этилган барча янгиликларни акс эттиради ва қонун ҳужжатларини Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга мувофиқлаштиради.
Қонунлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 10.12.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов,
«Norma» МЧЖ эксперти.