Халқ билан мулоқот қилиш, юртдошларимизни ўйлантираётган, кези келганда қийнаётган дарду муаммоларига қулоқ тутиш бугун давлат идоралари фаолиятининг бош мезонига айланган. Президентимиз томонидан илгари сурилган «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойил ҳар бир раҳбарни бугун «кўчага чиқарди».
Куни кеча Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Сергели» ТИФ божхона постида ҳам Давлат божхона қўмитаси раиси бошчилигида оммавий қабул ва бевосита фуқаролар билан жонли мулоқот ташкил қилинди. ТИФ иштирокчилари товарлар экспорти, технологик жиҳозлар ва транспорт воситалари импортига доир саволлар, давлат божхона хизмати органларига ишга қабул қилиш, тикланиш, шунингдек бир ҳудуддан бошқа ҳудудга ротация қилишга доир масалалар билан бевосита ДБҚ раисига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди.
Мурожаатларнинг кўп қисми мулоқот жойидаёқ ижобий ҳал қилинди. Масалан, фуқаро Ш.Отабекованинг қизи божхона органлари хизматига қайта тикланадиган бўлди.
1998 йилда божхона органларида хизматни ўташ вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Қўлдошали Рўзибоевнинг турмуш ўртоғи ҳам оммавий қабулда иштирок этиб, ўғли Ж.Эргашевнинг отаси изидан бориб, божхона ходими бўлиш истагида эканлигини билдирди.
Қабулда иштирок этган А.Асанов ва А.Ибраимовнинг ҳам мурожаати ижобий ҳал қилиниб, божхона органлари хизматига қайта тикланадиган бўлди. Оммавий қабул давомида ДБҚ раиси умумий ҳисобда 40 нафардан зиёд фуқаро билан юзма-юз учрашиб, уларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни қонуний тартибда кўриб чиқиш учун масъул ходимларга кўрсатма ва топшириқлар берди.
Йил бошидан буён ДБҚга жисмоний ва юридик шахслардан 2,8 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган ва улар ўз вақтида кўриб чиқилган.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.