Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 51 / Божхона

Ягона божхона ставкаси: афзаллик ва преференциялар

 

2020 йил 1 январдан нотижорат мақсадлар учун қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, ҚҚС ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини (ЯБТ) тўлашни назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.

Ушбу янгиликнинг фуқароларимиз учун афзалликлари хусусида мухбиримизга ДБҚ Божхона маъмуриятчилигининг илғор ва инновацион усулларини жорий этиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Фарҳод ОЛИМЖОНОВ сўзлаб берди.

 

Сўнгги 2 йилда божхона органлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ҳукуматимиз томонидан ортиқча маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳисобига божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришни назарда тутувчи чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган қарорлар қабул қилинган. Бу тадбирлар, шу жумладан, жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб ўтадиган товарларга нисбатан жаҳон андозаларига мувофиқ келадиган божхона назоратини ташкил этишга қаратилгандир.

Божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби Президентнинг ­«Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада ­такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (7.11.2019 йилдаги ПҚ-4508-сон) билан жорий этилди.

– Божхона тўловларини ундириш соддалаштирилган тартибининг мазмун-моҳияти нимада ўзи? Товарларни нотижорат мақсадида олиб келувчи фуқаролар учун ягона божхона тўлови жорий этилишидан қандай наф бор?

– Бу, биринчи навбатда, шахсий эҳтиёж учун товарларни олиб киришда вақт сарфини мақбуллаштириш ва харажатларни анча миқдорда пасайтириш демакдир. ЯБТнинг жорий этилиши ҳисоб-китобларни соддалаштиради, тегишли равишда, божхона назоратидан ўтиш тартиб-таомилларини тезлаштиради, бу эса давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларида туриб қолишларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ягона божхона тўлови божхона тўловлари ундирилмайдиган товарлар жисмоний шахслар томонидан республикага олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган тақдирда, товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмидан ундирилади. Бунда ТИФ ТН кодидан ва келиб чиқиш мамлакати эътиборга олинмайди.

Оддий одамда айнан шу масалаларда қийинчиликлар вужудга келади. ТИФ ТН кодини белгилаш учун у декларантнинг пуллик хизматидан фойдаланиши керак. Келиб чиқиш мамлакатига келсак, жисмоний шахсларда, одатда, уни тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмайди, шунинг учун амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона божи икки карра оширилган ставкада ундирилади. 1 январдан бошлаб ТИФ ТН кодини ва келиб чиқиш мамлакатини белгилаш зарурати бекор қилинади.

ЯБТ ставкаси божхона қийматининг 30%и миқдорида, лекин 1 кг учун камида 3 АҚШ долларида этиб белгиланган. Бунда ставкалар миқдорлари амалда ўрнатилган божхона божи, акциз солиғи ва ҚҚС йиғиндисидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Озиқ-овқат маҳсулотларидан мисол келтирадиган бўлсам, шоколад (ТИФ ТН коди – 1806) ва пишлоққа (ТИФ ТН коди – 0406) тегишли тарзда 30 ва 15% миқдорида божхона божи, 10%дан акциз солиғи ва 15%дан ҚҚС солинади. Умумий қилиб олганда, ушбу озиқ-овқат товарларига божхона тўловлари тегишли равишда 61 ва 44%ни ташкил этади.

Божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилгандан кейин ҳар икки маҳсулот учун 30% миқдорида ЯБТ ундириладиган бўлади.

Худди шу тартиб ноозиқ-овқат маҳсулотларига ҳам тааллуқли. Масалан, пальто ва курткага (ТИФ ТН коди – 6202) божхона тўловларининг қуйидаги ставкалари белгиланган: божхона божи – 20%, ҚҚС – 15%. Уларнинг умумий миқдори 38%ни ташкил этмоқда.

Ҳозирги амалиётда Божхона кодексининг ­300-моддасига мувофиқ, товар келиб чиқиши тўғрисида белгиланган шаклдаги сертификатлар тақдим этилмаган тақдирда, келиб чиқиш тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаган товарларга нисбатан божхона божларининг ставкалари икки баравар оширилади. Бу ҳолда шоколад учун божхона тўловларининг миқдори 95%, пишлоқ учун – 51%, ташқи кийим-кечак учун – ­61%ни ташкил этади.

30%лик ЯБТ орасидаги фарқни сезяпсизми? Шу тариқа, унинг жорий этилиши нафақат тўловлар ҳисоб-китоби тартиб-таомилларини соддалаштиради, балки жисмоний шахслар томонидан олиб келинадиган товарларнинг божхона қийматини ҳам туширади.

Аниқ статистика маълумотларига тўхталиб ўтсам. 2019 йилнинг 10 ойи мобайнида чегарадаги божхона постлари орқали жисмоний шахслар томонидан республикага 62,3 млрд сўмлик божхона тўловлари ундирилмайдиган товарлар олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортиқча миқдорда олиб келинган. Бу суммадан 44,0 млрд сўмлик божхона тўловлари ундирилган. Божхона тўловларининг ўртача ставкаси 70,5%ни ташкил этади. Бу дегани жисмоний шахс олиб келаётган маҳсулотларининг олиб киришнинг меъёрларидан ортган қисмида божхона тўловларини ўртача 70 фоизлик ставкасида тўламоқда.

ЯБТни жорий этиш бизнинг ноу-хау эмас. Бу амалиёт дунёнинг кўплаб давлатларида қўлланилади. Масалан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларида жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилаётган бож ундирилмайдиган меъёрлардан ортган товарлар ҳам божхона божи, акциз солиғи ва ҚҚС ўрнига ЯБТ ундириш йўли билан соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилади. У ерда товар қийматининг 30%и, лекин меъёрдан ортган ҳар бир кг учун камида 4 евро ундирилади.

Жанубий Кореяда товарлар олиб киришнинг чекланган меъёри 600 АҚШ долларини ташкил этади. Бу меъёрдан ортган тақдирда, ортиқча меъёрдан келиб чиқиб 20%дан 50%гача ягона тўлов ставкалари назарда тутилган.

 

ЭСЛАТМА: 2020 йил 1 январдан божхона божлари ва акциз солиғининг амалдаги ставкаларига Президентнинг 29.06.2018 йилдаги ПҚ-3818-сон қарорига мувофиқ белгиланган ўзгартириш ва қўшимчалар кучга киради (2.10.2019 йилдаги ПҚ-4470-сон қарор).

 

– Ягона божхона тўлови жорий этилиши муносабати билан товарларни олиб киришнинг чекланган меъёрлари ҳам ўзгарармикин? Ижтимоий тармоқлардаги шарҳларга қараганда, бу масала кўпчиликни қизиқтиради.

– Жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим турдаги товарларни олиб кириш, жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларида олиб ўтиладиган ва жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарларнинг меъёрлари Президентнинг «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (6.02.2018 йилдаги ПҚ-3512-сон) белгиланган. Халқаро аэропортлар орқали божхона чегарасини кесиб ўтишда улар 2 000 АҚШ долларини; темир йўл ва дарё ўтиш пунктлари орқали – 1 000 доллар; автомобиль йўллар (йўловчилар) ўтиш пунктлари орқали – 300 долларни ташкил этади. Бир календарь ой давомида жисмоний шахслар номига халқаро почта жўнатмаларига келаётган товарлар учун 100 доллар, халқаро курьерлик жўнатмаларига келаётган товарларга – 1 000 доллардир.

Шуни эслатиш керакки, товарларни олиб кириш меъёрлардан ошиб кетганда божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади. Масалан, алкоголли маҳсулотлар, шу жумладан пивога чекланган меъёр бир жисмоний шахс учун 2 литрдан, тамаки маҳсулотлари – 10 пачкадан, атир ва ифор таратувчи сувлар – 3 бирликдан, заргарлик буюмлари – 65 граммдан ошмаслиги керак.

– Чегарадан ўтаётганда муаммоларга учрамаслик учун фуқароларимиз яна қандай янгиликлардан хабардор бўлиши керак?

– Янгиликлардан яна бири – жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун божхона чегараси орқали қўл юкида, кузатиб борилаётган багажида, шунингдек, почта жўнатмалари орқали олиб кириладиган ҳайвонотга мансуб озиқ-овқат маҳсулотларида ишлаб чиқариш ўровининг мажбурий мавжудлиги тўғрисидаги талаб ўрнатилишидир.

Бу талабнинг пайдо бўлиши жорий йилда санитария-эпидемиология ва гигиена талабларига жавоб бермайдиган озиқ-овқат товарларининг олиб кирилиши ҳолатлари кўпайганлиги билан боғлиқдир.

Шуни қайд этиш керакки, дунёнинг деярли барча мамлакатлари санитария жиҳатидан хавфсизлик нуқтаи назаридан жисмоний шахслар томонидан ўралмаган ҳолда олиб ўтиладиган гўшт ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб киришни тақиқлади. Бу, масалан, АҚШ ва ЕОИИнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган. Бинобарин, Қўшма Штатларга янги узилган мева ва сабзавотларни олиб кириш умуман тақиқланган. Жорий йилнинг 27 июнидан Корея Республикасида қовун ва меваларни олиб киришга тақиқ қўйилди.

Хитой ҳукуматининг талабларига кўра, ушбу мамлакат ҳудудига ҳайвонот ва ўсимликка мансуб озиқ-овқат маҳсулотларини багажда ёки қўл юки олиб кириш ҳам қатъий тақиқланган. Агар уларнинг мавжудлиги ҳақида хабар берилмаса, бу 5 000 юан миқдоригача жарима солишга ёхуд жиноий иш қўзғатилишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Президентнинг ПҚ-4508-сон қарори билан Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати тасдиқланганини билиш зарур. Тегишли тарзда уларга божсиз олиб кириш меъёрлари татбиқ этилмайди.

Тижорат мақсадлари учун мўлжалланган товарларни шахсий эҳтиёж учун ниқобида олиб кириш ҳолатларининг кўпайганлиги мазкур Рўйхатнинг вужудга келишига сабаб бўлди. Рўйхатга мажбурий тартибда сифат ва хавфсизлик назоратидан ўтиладиган саноат йўналишидаги товар позициялари киритилган.

 

Махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА суҳбатлашди.

Прочитано: 1148 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика