Дорихоналар тармоғида талабалар соат 16.00 дан кейин иккинчи сменада 0,5 ставкада ишлашмоқда. Баъзида машғулотлардан озод пайтларида хоҳишларига қараб кўпроқ ишлашлари ҳам мумкин. Масалан, 16.00 дан 20.00 гача – бу уларнинг ярим ставкадаги иш вақти. 20.00 дан кейин жойлашган манзилига қараб 22.00 ёки 23.00 гача ишлашлари мумкин. Кейин дорихона ёпилади. 1,0 ставкада бўлганлар учун 8 соатлик иш кунидан кейин ишланган вақт иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади.
0,5 ставкада ишлайдиган дорихона ходимлари учун иш вақтидан ташқари соатларни қандай тўғри белгилаш мумкин? Бу табелда қандай акс эттирилади?
– Ходимлар ҳисоб давридаги белгиланган иш муддатидан ташқари ишлаган барча соатлар иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади (МКнинг 124-моддаси):
♦ нормал иш вақти давомийлиги белгиланган ходимлар учун – ҳисобга олинадиган давр учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган нормалардан келиб чиққан ҳолда;
♦ индивидуал меъёрлар (нормалдан камроқ муддат) белгиланган ходимлар учун – меҳнат шартномасида ходим учун белгиланган иш вақти давомийлигидан келиб чиққан ҳолда.
1 |
Ходимлар билан 0,5 ставкага меҳнат шартномалари тузилганда, 4 соатдан ортиқ ишланган ҳар бир соат иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади ва камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МКнинг 157-моддаси). Иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун йилига 120 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим (МКнинг 125-моддаси).
2 |
Сизнинг ҳолатда меҳнат жараёнини оптималлаштириш учун ходимларнинг розилиги билан уларнинг иш юкламасини оширишни назарда тутган ҳолда меҳнат шартномаларига қўшимча келишувларни тузиш тавсия этилади. Масалан, 0,75 ставкагача (кунига 6 соат ишлайдиганлар учун) ва 0,875 ставкагача (кунига 7 соат ишлайдиганлар учун) ҳақиқатда ишланган иш вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўланган ҳолда.
Иккала ҳолатда ҳам иш вақтини ҳисобга олиш табелида ҳақиқатда ишланган соатлар қўйилади. Бироқ биринчи ҳолатда ҳисоб-китоб қилишда тўрт соатдан ортиқ бўлган ҳар бир соат учун икки ҳисса, иккинчи ҳолатда эса бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади
Бунда 23.00 гача ишлайдиганлар учун иккала ҳолатда ҳам тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади (МКнинг 122, 158-моддалари).
Байрам кунлари арафасида иш муддати барча ходимлар учун камида 1 соатга қисқартирилади (МКнинг 121-моддаси). Бинобарин, дорихона ёпилгунга қадар ходимлар учун иш вақтини қисқартиришнинг иложи бўлмаса, уларга иш вақтидан ортиқча ҳар бир соат учун ҳақ тўланади.
Байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МКнинг 132, 157-моддалари).
0,5 ставкада ишлайдиганлар учун нормал иш вақти давомийлиги ҳафтасига 20 соатдан, 0,75 ставкада ҳафтасига 30 соатдан, 0,875 ставкада ҳафтасига 35 соатдан ошмаслиги керак. Ҳар бир ходимга имкониятга қараб, ўзгарувчан график бўйича дам олиш кунлари берилиши лозим.
Кўриниб туриши учун табелда сатрларнинг охирида алоҳида устунларда қуйидагиларни назарда тутинг:
♦ бир ойдаги соатлар меъёри кунлар ва соатларда;
♦ ҳақиқатда ишланган вақт кунлар ва соатларда;
♦ иш вақтидан ташқари, тунги вақтда ва байрам кунларида ҳақиқатда ишланган соатлар.
Валерия Ляндрес,
кадрлар хизмати ходими.