Чет эл фуқаросиман. Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатдан ўтганман.
Ўзбекистон фуқаролигини олишим мумкинми?
– Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар уларнинг илтимосномаларига кўра Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш шартлари қуйидагилардан иборат:
1) чет эл фуқаролигидан воз кечиш;
2) сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаганлик. Ушбу қоида Ўзбекистоннинг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларга, башарти улар шу ерда туғилган ва ҳеч бўлмаса ота-онасидан бири, буваси ёки бувиси Ўзбекистон ҳудудида туғилганлигини ва бошқа давлатларнинг фуқароси эмаслигини исботласа, тааллуқли бўлмайди;
3) қонуний тирикчилик манбаларининг мавжудлиги;
4) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини тан олиш ва бажариш («Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси).
Шу тариқа, чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилишлари учун биринчи навбатда доимий пропискага эга бўлишлари ва чет эл фуқароси учун яшаш гувоҳномасини олишлари лозим.
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.