Яқинда хорижий биометрик паспорт олдим ва уни тасодифан кир ювадиган машинага ювишга ташлаган шимимнинг чўнтагида қолдирибман. Хорижий паспорт яроқсиз ҳолга келган.
Нима қилишим керак? Бунинг учун қандай жавобгарлик назарда тутилган?
– Қонун ҳужжатларида қуйидагилар учун жавобгарлик белгиланган:
♦ чет элга чиқиш учун паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддати тамом бўлгандан кейин уларни ўз вақтида топширмаслик;
♦ ҳужжатни атайлаб яроқсизлантириш, шунингдек унинг йўқолишига сабаб бўлган – уларни эҳтиёт қилиб сақламаслик;
♦ паспортдан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, сўнгра уларни йўқотиб қўйганлик тўғрисида ариза бериш, шунингдек бошқа шахсларга тегишли ҳужжатдан фойдаланиш;
♦ чет элга чиқиш учун биометрик паспортни ноқонуний олиб қўйиш ёки уларни гаров сифатида қабул қилиш;
♦ паспортни ғаразли ёки бошқа тубан мақсадларда эгаллаб олиш, йўқ қилиш, яроқсизлантириш, яшириш (Низомнинг 34-банди, ВМнинг 7.07.2011 йилдаги 200-сон қарорига 1-илова).
Баён этилган ҳаракатлар содир этилганда МЖТКнинг 223-моддасига мувофиқ маъмурий баённома тузилади.
Яроқсиз ҳолга келган хорижий паспортни алмаштириш учун паспорт берилган жойдаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилишингиз лозим, у ерда мурожаатингиз асосида юқорида айтиб ўтилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий ундирув (жарима – ЭКИҲнинг (ҳозир – БҲМ) 1/2 бараваридан 3 бараваригача) амалга оширилади. Кейин хорижий паспорт қайтадан расмийлаштирилади.
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.